№35, 15.08.2012 ЯНГИ КИТОБ
ОНА МЕҲРИ
Қўрғонтепалик ижодкор Шамсиддин Исмон Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини тамомлаб, узоқ йиллар Султонобод қишлоғидаги ўзи таҳсил олган 33-мактабда ёш авлодга дарс берди. У бўш пайтларида турли мавзулардаги бадиий адабиётлар мутолаа қилади, ўзи ҳам устозлар ижодидан илҳомланиб, қоғоз қоралади.
Шамсиддин Исмоннинг "Оқибат" ҳамда "Она замин" номли китоблари ўқувчилар қўлига етиб борган. Унинг яқинда "Она меҳри" деб номланган навбатдаги китоби "Андижон нашриёт-матбаа" МЧЖдан чоп этилди. Мазкур мўъжазгина китобдан муаллифнинг ҳикоялари, қатралари, мақолалари ўрин олган.
"Ёзувчи Шамсиддин Исмон табиатан самимий, хокисор, меҳнаткаш инсон,- деб ёзади Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раҳбари Хуршидабону китоб сўзбошисида. - Шунинг учун танлаган мавзулари ҳам инсонпарварлик, ватанпарварлик, катталарга ҳурмат, онаизорлар эъзози, маънавият-маърифат ҳамда табиат муҳофазасига оиддир.
...У инсонлар ўртасидаги оқибатни, садоқат ва вафони улуғлайди, ғофилликнинг оқибати надомат ва маломатга, сўнгги пушаймонга олиб боришидан ўқувчини огоҳ этишга уринади...".
Дарҳақиқат, муаллифнинг китоб саҳифаларидаги "Онажон", "Оқибат", "Пушаймон" ҳикоялари, "Қалдирғоч", "Малак сиймо", "Онамнинг камзули" каби қатралари, "Дўстлик ҳақида", "Ер садоси", "Табиат ва биз" сингари мақолалари бунинг яққол далилидир.
Педагог ижодкор Шамсиддин Исмон ҳамон изланишда. У янги-янги ҳикоялар, мақолалар ёзиш иштиёқи билан яшамоқда. Биз бу ҳамюртимизга ижодий баркамоллик тилаймиз.
У.АБДУСАЛОМОВ.
|