Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№35, 15.08.2012

ҲИКОЯ

СЎНГГИ ПУШАЙМОН

Қора курсида ўтирган Давроннинг боши қуйи эгилган. Унга ҳам бошқа шериклари қатори ҳукм олдидан охирги сўз берилди. Даврон тергов чоғида ҳам иши юзасидан на бир аниқ фикр, на эътироз билдирганди. Ҳозир ҳам худди илгаригидек суд жараёнига қарши биронта сўз айтмади. У ўзига берилган охирги сўздан ҳам воз кечди.

Даврон бошини кўтармай, афсус-надоматдан жиққа ёшга тўлган нигоҳини аста залга ташлади. Мусибатдан дағ-дағ қалтираб, нима бўлаётганини аранг англаётган отаси Мирза бобо, худди отасини ҳам йўқотиб қўяётгандек унинг елкасига бошини қўйиб, юм-юм йиғлаётган, пойтахтдаги нуфузли институтни тугаллаш арафасида турган синглиси Гулсанам, қўлидаги мурғак гўдаги билан охирги маротаба эрининг дийдорига бир тўйиб боқиб олиш ниятида келган севикли хотини Нафисага кўзи тушди.

Нафисанинг ориятидан юзлари заъфарон. У кўзларидан қуйилаётган аламли ёшларини тўхтатолмай "Нима қилиб қўйдингиз, дадаси?" дегандек эри томон маъюс қараб турарди. Даврон мана шу яқинларининг барчасидан ўзи билмаган ҳолда, ўша қабиҳ доирага қадам қўйган куниёқ воз кечганди.

Суд давом этяпти. Лекин, Давроннинг қулоғига ҳеч нарса кирмас, у ўзига-ўзи савол берарди. Туппа-тузук турмушидан воз кечиб, шайтон йўлига кириб қолгани ўзига алам қиларди. У ўша машъум кунга ва уни ўзларининг қабиҳ ниятлари қурбонига айлантирган, ҳаётини барбод қилиб, ўзлари аллақаёқларда биқиниб юрган кимсаларга лаънатлар ўқирди. Аммо, энди кеч эди. Даврон ўзгалар алдовига учиб, қанчадан-қанча инсонлар умрига зомин бўлди. Қандайдир хомхаёлларга берилиб қўлини қонга ботирди. Жиноятларнинг барчаси кимнингдир буйруғи билан амалга оширилган бўлса, бироқ Давроннинг қўли билан ижро этилганди. Оқибатда ўзидан сўнг қоладиган фарзандининг бўйнига "қотилнинг фарзанди" деган тавқи лаънатни осиб, авлод-аждодларини иснодга қолдирди. "Эҳ, қани энди ҳаётни бошидан бошлашнинг иложи бўлса", ўйларди Даврон.

Бирдан унинг боши узра момақалдироқ гумбурлаб, чақмоқ чаққандек бўлди. Кўз ўнгида марҳум онасининг касалдан тўшакка михланиб қолган кунларидаги мажолсиз жуссаси гавдаланди: Она ёстиқдан аста бошини кўтариб: "Эҳ, ўғлим-а, сен билан бу ёқларда ҳам кўриша олмас эканмиз-да", деди.

Даврон: "Нима учун, онажон? Нега ундай деяпсиз?", деб сўради. Она ўғлининг саволига жавоб бермай, худди соғ юрган пайтларидек, ўрнидан аста туриб, ҳовли этагидаги сархил мевалари пишиб ётган боғи томон йўл олди...

Даврон оғир тин олди. Энди унинг қулоғига аниқ ва равшан сўзлар эшитилди: "Жамият учун ўта хавфлилигини ҳисобга олган ҳолда, 18 йил..." Бошқа сўзлар унинг қулоғига кирмади.

Нима учундир у ўзини енгил ҳис этарди. Даврон бошини кўтарди. Унинг кўзлари энсаси қотиб қолган отасига, "Энди нима қиламиз, дадажон!", деяётган синглисига, эридан қолаётган ёлғизгина ёдгорини бағрига босиб, унсиз фарёд чекаётган Нафисага худди уларни бир умрга ўзида муҳрлаб олмоқчи бўлгандек, сўз билан ифодалаб бўлмайдиган назар билан боқарди...

Даврон суд залидан олиб чиқиб кетгунларига қадар ўз яқинларидан ана шу нигоҳини узолмади.

Мавлуда АЗИМОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди