Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№35, 15.08.2012

ДУНЁГА МАШҲУР АЁЛЛАР

КРИСТИНА ОНАССИС

"Бахт нима?", деган саволга ҳар кимнинг ўз жавоби бор. Ким учундир бахт - бойлик, кимгадир - соғлик. Бадавлат одамларга ҳавас қиламиз. Улар учун ҳамма нарса муҳайё, бекаму кўст яшайдилар, назаримизда. Лекин инсон борки, ташвишлардан ҳоли эмас. Бойлик билан бахтга эришиб бўлмаслиги, ғам-ташвиши камайиб қолмаслигига тарихнинг ўзи шоҳид. Юнон миллиардери Аристотел Онассиснинг қизи Кристина энг бой юнон аёли ва жаҳоннинг энг бадавлат аёлларидан бири эди...

БОЙЛАР ҲАМ

ЙИҒЛАЙДИ

Кристина Онассис 1950 йилда Грецияда дунёга келган.

1947 йилда Аристотел Онассис 17 ёшли Тина Ливаносга уйланади. Аввалига Тина жуда бахтли эди. Лекин бу узоққа чўзилмайди. Тез орада у тушкунликка тушиб қолади. Бунинг натижасида эса у наркотик моддалар қабул қила бошлайди. Ҳатто, болалари ҳам уни бу ҳалокатдан чиқара олишмади. Тина Александр ва Кристинани жуда севарди, лекин бир талай шахсий муаммолари оиласига етарлича вақт ва эътибор қаратишга халақит берар, бу эса унинг қайғусини янада оширарди. Аристотелнинг ҳам оиланинг ташвишу қувончлари учун вақти кам бўлиб, у бутун вақтини ишга сарфларди. Лекин шунга қарамай у болаларини яхши кўрар, айниқса, қизига кўп эътибор қаратарди. Онассислар оиласи кўп саёҳат қилишар, уларнинг ҳаёти Париж, Лондон, Буэнос-Айрес ва бошқа шаҳарларнинг меҳмонхона ва виллаларида ўтарди. Кристина худди қироличалардай яшарди. Ҳатто, унинг болалигигида ўйнайдиган қўғирчоқлари Кристиан Диор томонидан махсус тикилган либослар билан безатилар эди.

Ҳар доимги оиладаги уруш-жанжаллар Кристина ва Александр ҳаётида чуқур из қолдирди. Аристотел ва Тинанинг никоҳи Ариснинг машҳур юнон қўшиқчиси Мария Каллас билан ишқий муносабатлари боис бар-ҳам топади. Аристотел 1968 йилда Жаклин Кеннедига уйланади. 1971 йилда 18 ёшли Кристина 48 ёшли турмуши бузилган Жозеф Балкер билан Лос-Анжелесдан қочиб кетади. Жозеф кўчмас мулк олди-сотдиси билан шуғулланар, бу пайтда тўрт фарзанднинг отаси эди. Жозеф ва Кристина Лас- Вегасда никоҳдан ўтишади. Бундан қаттиқ жаҳли чиққан Онассис агар қизи Балкер билан ажрашмаса, уни меросдан маҳрум қилишга қарор қилади. Онассис ҳамиша яҳудийларни ёмон кўрар ва уларга умуман ишонмасди. Севимли қизининг яҳудийга, бунинг устига тўрт фарзанднинг отасига турмушга чиқиши уни ғазабга келтиради. Кристина эри билан 9 ой яшайди. Балкер Онассиснинг гапига кириб, Калифорнияда ажрашиш жараёнини бошлайди. "Биз босим остида яшадик, Кристина ҳали жуда ёш. Шунинг учун у отаси билан айрилиққа чидолмаётгандир эҳтимол" дея вазиятни изоҳлаганди Балкер ўшанда.

АЙРИЛИҚ,

ИЗТИРОБ, ҚАЙҒУ...

Кристина отасининг бу никоҳдан қанчалик ғазабланганини тушуниб, Лос-Анжелесда ўз жонига қасд қилишга уриниб кўради. Бу унинг биринчи марта бу ишга жазм қилиши эмасди. Олдинроқ Парижда ҳам ўз жонига қасд қилиш фикри туғилган, бунга сабаб биринчи муҳаббати Петрос Гуландрис билан бўлган тушунмовчиликлар эди. Лекин ҳар сафар ҳаётга, яшашга интилиш Кристинани бу йўлдан тўхтатиб қоларди.

1975 йил. Бу сана Кристина учун оғир йил бўлди. Унинг севимли отаси Аристотел Онассис ҳаётдан кўз юмади. Бу ёруғ оламда у ёлғиз ўзи қолганди. Бунгача акаси Александр ўзининг спорт самолётида фожиали ҳалок бўлган, кейин онаси ҳам бу дунёни ташлаб кетганди. 24 ёшли Кристина Онассислар авлодининг давомчиси ҳамда улкан бойликнинг меросхўри бўлди. Лекин афсуски, булар унга юпанч бўлолмади.

Отасининг вафотидан сўнг у яна шахсий ҳаётини тиклашга уриниб кўради ва бадавлат тадбиркорнинг меросхўри Александрос Андреадисга турмушга чиқади. Бир йилдан кейин улар ажрашишади. Рус давлат хизматчиси, 40 ёшли Сергей Каузов унинг учинчи эри эди. Уларнинг муносабатлари кутилмаганда бошланган: бир куни эрталаб Кристина нефть савдоси бўйича Москва билан гаплашаётган эди. Унинг эътиборини соф инглиз тилида сўзлашаётган симнинг нариги томонидаги суҳбатдоши ўзига тортади. Улар телефон орқали танишишади. Орадан бироз вақт ўтгач, Сергей Парижга келади. Кристинанинг рус одами билан оила қуриши кўпчиликни ҳайратга солади. Негаки, бу никоҳ Кристинанинг Москвага кўчиб кетиш эҳтимоли борлигини англатарди. Бу пайтда Сергей биринчи хотини билан расман ажрашмаганди. Шу боис, хотини ва қизи ундан норози, фақатгина Сергейнинг онаси ўғлининг янги оиласидан рози эди. Тантанали тўй маросимида Каузовнинг қариндошларидан баъзилари қатнашган бўлса, келин томондан эса ҳеч ким йўқ. Бир неча кундан кейин Кристина яна Европага қайтади. Сергей эса иккинчи хотинини ҳам йўқотишдан қўрқиб, Кристинанинг олдига етиб келади ва олдингидай яшай бошлашади. Лекин бу никоҳ ҳам Кристина учун бахт-саодат бермади. Уларнинг муносабатлари худди омонат қурилган қаср сингари заиф эди. Буни иккаласи ҳам яхши тушунганлари учун ажралиш иккиси учун ҳам у қадар қийин кечмади. Лекин тақдир йўлларидан навбатдаги қоқилиш Кристинанинг руҳиятига таъсир қилмай қолмади. Маълум бир муддат ташқи оламдан, жамиятдан четланди, ўз дунёсига беркиниб, изтиробда ёнди. Лекин ҳаёт яхши, яшаш завқли, аста-секин Кристина давраларда кўрина бошлайди...

БИР ЮРАКДА

ИККИ МУҲАББАТ

Парижга кўчиб келганидан сўнг ўн йиллар олдин танишган қадрдони, африкалик Тьерри Руссель билан учрашади. Тьерри Кристинага бефарқ эмас, шунинг учун уни тўғри йўлга солишни бурчи деб билди. Кристина учун одатий ҳолга айланиб улгурган турли таблеткалар ичиш, беҳисоб тунги сайрларга барҳам бериш керак эди. Лекин қайсар ва ўжар аёлга қани буни тушунтириб бўлса. Ўз измида мустақил яшашга ўрганиб қолган аёлга бу ёқмаслиги шубҳасиз. Не ажабки, Кристина Тьеррининг насиҳатларига қулоқ солди. Бу унинг Тьеррига бўлган меҳр-муҳаббатининг нишонаси эди эҳтимол. Лекин тақдир синовини қарангки, Руссель ҳам олдинги севгилиси швед аёли Габи Ланохангни ҳаётидан буткул ўчиролмади. Ҳатто, ундан иккита фарзанд ҳам кўрганди. Битта юракка икки муҳаббат сиғмаслиги эса Кристинага маълум. Уларнинг муносабатларидан хабар топган Кристина учун бу айрилиқ осон кечмади. Бу сафарги турмушидан Аллоҳ унга жажжи қизалоқ ато этган ва унга Афина деб исм беришади. Кристина яна изтироблар гирдобида, ҳижрон азобида... У яна таблеткалару ичкиликлардан таскин топиш илинжида...

1988 йил. Кристинанинг дугонаси Марина Додеро уни Буэнос-Айресдаги вилласига олиб кетади. Кечки овқатдан кейин Кристина ўзини бироз лоҳас сезади, совқотиб кетаётганини айтиб ётоғига киради. Эртасига эса уни жонсиз ҳолда топишади. Докторларнинг хулосасига кўра, Кристина ўткир ўпка шишидан вафот этганлиги тахмин қилинади. Лекин бадавлат хонимнинг сирли ўлими ҳали-ҳанузга қадар номаълум. Руссель Кристинани Скорпиос оролида оилавий қўнимгоҳга дафн этади.

ҲАЁТ ДАВОМ ЭТАДИ...

Руссель Тьерри гарчи рафиқасини бахтли қилолмаган бўлса-да, қизи Афинани асраб-авайлаб, яхши тарбия беришга аҳд қилади ва уни Швейцарияга олиб кетади. Онасининг ўлимидан кейин Онассисларнинг бойлиги Афинага ўтган. У 18 ёшида дунёнинг энг бой келинчаги бўлди. Ўша пайтда у 3,2 млрд. доллар соҳибаси эди. 21 ёшида эса унинг ихтиёрига яна 4 миллиард доллар маблағ ўтган. Лихтенштейн ва Панама ҳудудида жойлашган 150 та компания, дунёнинг 217 та нуфузли банкларида ҳисоб рақамлари, IBM компьютер гигантининг акциялари, Париж, Лондон, Нью-Йорк ҳамда Греция давлатларидаги кўчмас мулклар, жумладан, Скорпиос ороли, 38 та танкер, самолёт ва улкан санъат асарлари, шунинг баробарида 33 тонна қуйма олтин ёмбилар унга бу бобо ва онамерос. Афина Онассис айни пайтда Брюсселда яшамоқда. Буваси ва онасидан анча фарқ қиладиган бу бадавлат ёш хоним ҳамма каби оддий яшашни маъқул кўради, одмигина кийинади, ҳашамат-у дабдабадан йироқ тутади ўзини. Сабаби, Афина онаси каби аянчли тақдирга рўбаро бўлмасликнинг эҳтиётидир балки. Нима бўлганда ҳам бойлик топиб, бахт топмаган Кристина Онассис ҳаётининг давомчиси бахтли, саодатли яшаётгани муҳим.

Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди