Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№36, 23.08.2012

ҲАЁТ ҲИКМАТЛАРИ

БОЛА - БУЮК МАВЖУДОТ

Мен бола тарбияси аталмиш жанггоҳнинг йигирма йилги заҳматкаши сифатида кунма-кун тўпланиб, кўнгилга чўккан гапларимни изҳор қилмоқчиман. Аммо мазкур ёзмишларим мундарижасида паришонлик бўлиши, мавзунинг чизиқдан гоҳ у, гоҳ бу томонга жилиб кетиши табиий. Сабаби, бола тарбияси, ўқитувчилик юмуши минг бир муаммо ичида хомталаш бўлаётган бир тирик жондир.

Ҳатто хаста бир жондир. У билан осмондан келиб, гулдуросли шиорлар ила сўзлашиш эмас, томирига қулоқ тутмоқ даркор, баданидаги энг майда заррачаларни ўрганмоқ зарур. Аслида бизнинг касбда майда иш йўқ. Ҳар бир ҳаракатимиз катта аҳамиятга эга. Масалан, ўқитувчининг ташқи қиёфаси, юриш-туриши, ўқитувчи билан ўқувчи, ўқитувчи билан мактаб маъмурияти орасидаги ўзаро муносабати, ўз фанига, "тарбия" деган сўзга муносабатлари ва бошқалар. Булар минг марта тилга олинган гаплар. Аммо шу нарсаларни ўзимиз билган мактаблар мисолида бир хаёлдан ўтказиб кўрайлик.

Бундан анча йил аввал матбуотда ўқитувчининг обрўси ҳақида мунозаралар бўлди. Уларда нима учун муаллимнинг қадр-қимматига путур етмоқда, деган ташвиш акс этди. Мен шу ўринда, аввало, ўқитувчининг шахси, маънавияти ҳақида тўхталмоқчиман. Чунки инсонни эътиборли ёки эътиборсиз қиладиган нарса унинг маънавиятидир.

Бола энг тоза, энг нафис ва энг буюк мавжудотдир. Шунинг учун тозаки, ҳали у бу ёшда гуноҳ қилишга улгурмаган бўлади. Ҳамма нарсага ҳайрат ва ҳаяжон билан боқади. У катталарни жуда ақлли, ишончли, ибратли деб билади. Бола - росту ёлғонингизга чиппа-чин ишонади.

Бола шунинг учун ҳам нафиски, у ҳали алдовга йўлиқмаган, зарбага дучор бўлмаган - бир алдов унинг минг ишончини поймол қилиши, бир зарба унинг мурғак дунёқарашини алғов-дал-ғов қилиб юбориши мумкин. Айтинг, айтинг, руҳиятнинг болаликда шаклланадиган пойдевори дарз кетмасин! Ҳаётдаги қалбан ногирон одамлар катталарнинг болалар кўнглини асраб-авайлаб олмаганининг натижасидир. Болаларнинг буюклиги шундаки, улар Ер куррасининг эртанги соҳиблари, келажак тарихини битирувчиларидир.

Айтингчи, шундай тоза, нафис ва буюк зот қошига қандай қилиб тараддудсиз, шунчаки рўбарў келиб бўлади? Бу бокира оламга бўйнида тавқи лаънат, кўнглида лоқайдлик билан кириш гуноҳи азим-ку! Бир ноқобил шифокор бемор умрига кушанда бўлиши, нўноқ муҳандис муҳим механизм-ни ишдан чиқариши мумкин. Ноқобил муаллим эса ҳар гал ўттиз нафар боланинг маънавий дунёсини қоронғу қилиб чиқаверади! Бу - бонг урадиган ҳолат! Бу - кечирилмас жиноятдир! Ҳеч кимга сир эмас, хоҳлаган мактабингизга назар солсангиз, ўқувчини орқасидан эргаштирадиган, болани дилдан суядиган, фидойи, ўзи ҳам суюмли бўлган муаллимлар сони бармоқ билан санарли! Кўп муаллимларда педагогик маҳорат йўқ. Айримлари эса бола руҳиятини яхши билади, тил топиша олади, аммо чуқур билимга эга эмас. Кимгадир энг керакли нарса - меҳр етишмайди, кимдадир ўқитувчилик ғурури! Ўқитувчиликка мутлақо яроқсиз, аммо йигирма-ўттиз йилдан бери шу касбнинг нонини еб келаётганлар ҳам анча-мунча.

Ўқитувчининг шахси, обрўси ҳақида сўз кетганда айтиш жоизки, муаллим субутли, ўз лафзига собит, малакали ва билимдон бўлмоғи керак. Шундагина у нафақат жамоасида, балки эл-юрт олдида ҳурмат-эътибор топади. Қолаверса, буюк мавжудод бўлмиш болага тўғри тарбия бера олади.

Турсуной СОДИҚОВА


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди