№36, 23.08.2012 РИВОЯТ
ҲАЛОЛ ЛУҚМА
Қадим замонда бир одил шоҳ яшаган экан. Унинг юрти тинч бўлиб, бошқаларга нисбатан осойишта ҳаёт кечирибди. Шоҳ кексайиб қолса ҳам тахтни бўшатмабди. Халқининг тўқ ва фаровон яшаши учун қайғурибди. Адолат эътиқодига амал қилиб, юрти узра ҳалолликни тарғиб этибди.
Ёнидаги вазир-у, уламолар: "Подшоҳим, энди кексайиб қолдингиз, тахтга ворисларингиздан бирини қўйинг", дейишибди. Аммо шоҳ уларнинг гапларига кўнмай, янада ғайрат билан ишлайверибди.
Бир куни шоҳнинг соғлиғи ёмонлашиб қолибди. Табиб унинг қўл томирини ушлаб кўриб, юрак уришини текширибди. Қараса, умри поёнига етиб бораётганмиш. Шунда табиб: "Шоҳим, сизга бир дори тайёрлайман, лекин айтиб қўяй, у ҳаромдир, ўзга илож ҳам йўқ. Дорини овқатланишингиздан аввал, оз-оздан истеъмол қилсангиз, соғайиб кетасиз" - дебди.
Шоҳ шу ёшга киргунга қадар ҳаром таом тотмаган экан. Унинг боши қотиб қолибди. Сўнг "Шу пайтгача ҳаром луқма емадим, фуқароларимни ҳам ҳалол яшашга ўргатдим. Умр деганлари бир кун келиб барибир тугайди. Шундай экан, ҳалол ҳолатда жон беришни истайман! Мени ўз ҳолимга қўйинглар!" дебди қатъий оҳангда.
Буни қарангки, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай юрт ҳукмдори соғайиб, оёққа туриб кетибди ва бутун халқ унинг эътиқодига ҳамда ҳалол-пок инсонлигига қойил қолишибди.
Ҳа, ҳалоллик инсон умрини узайтирар, эл-юрт орасида обрў ва эътиборини юксалтирар экан...
Араббой АСҚАРОВ,
Балиқчи тумани.
|