№36, 23.08.2012 ҲАЁТ - ИБРАТ МАКТАБИ
"НАСИБ ЭТМАСА ГАР..."
Тушлик вақти бўлганди. Талаба қизлар бир жойга тўпландик. Кун иссиқ... Нима еймиз, дея ўйланиб тургандик, дугонам Гулсум маслаҳат берди:
- Ёнимиздаги ҳовлида узум шиғил пишибди, эгалари эса эрталабда қаёққадир кетаётганини кўргандим. Бориб ўғирламаймизми?..
- Ўғирлаймиз! - бир овоздан таклифни маъқуллашди қизлар.
Фақат Шаҳло бу фикрга қўшилмади.
- Бировнинг ҳаққига кўз олайтириш гуноҳ-ку, қолаверса, узумларни уйдан ким олиб чиқади? - деди.
- Қанақа гуноҳ? Э-э, буниям гашти бор! Буёғини менга қўйиб бераверинглар, - дедим-у, ҳаммамиз йўлга тушдик.
Шунда қизлар менга "қандай уддалайсан?" дегандай, ҳайратланиб, ортимдан эргашишди. Дарров Улуғбек исмли энг чаққон курсдошимизни чақирдим. У ҳам тез етиб келди-ю, илтимосимизни эшитиб, бироз иккиланиб қолди. Биз бараварига унга ялиниш оҳангида яна илтимос қилдик. Шундагина у чапдастлик билан қўшни девордан ошиб ўтиб, ярим челак узум кўтариб чиқди.
- Ўҳ-ҳў-ў!!! - чапак чалиб юборишди қизлар.
- Тушлигимиз ҳам тайёр!
Ҳуррият ва Муяссар дастурхон ёзишди. Ҳамма нарса тахт. Мен эса минг товланаётган узумларни ювиш учун уларни ликопга соларканман, қўлимга ёпишган арини пайқамай қолибман. Ари аввал қўлимни чақди, сўнг қовоқларимга нишини санчди. Узумнинг ичидан чиққан бўлса керак. Шунақаям ачиштирдики, оғриқдан инграб юбордим. Бир пайт билагим шиша бошлади. Қорним очлиги ҳам эсимдан чиқди. Кўзимга ҳеч нима кўринмади. Қизларнинг "ҳай-ҳай"лашларига ҳам қулоқ солмай, уйга чопдим. Аранг уйга келиб, ойнага қарасам арининг заҳри бутун танамга тарқаб, юз-кўзларим ҳам шишиб кетган эди.
... Уч кунгача кўчага чиқолмай юрдим. Қилган ишимдан пушаймон бўлдим.
Ҳа, насиб этмаса, ҳеч нарсага эгалик қилиб бўлмас экан. Бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдим ва Ҳазрати Навоийнинг ҳикматли сўзларининг маъносини англагандай бўлдим:
Насиб этса келур
Шом-у Ироқдин,
Этмаса гар кетур
қоши қабоқдин.
Дурдона МУХТОРОВА,
Ўз ДЖТУ талабаси.
|