№36, 23.08.2012 ҚАНОАТ - ОЛИЙ ФАЗИЛАТ
Аллоҳ таоло барча инсонларни турли хил кўринишларда яратганидек, уларнинг ризқини ҳам ҳар хил қилиб тақсимлаган. Бизлар эса ўзимизга берилган ризққа доимо қаноат ва шукр қилишимиз лозим. Бу борада Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)нинг ҳаётлари барчамизга намунадир.
Маълумки, Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзлари ҳамда оилалари учун содда ва камтарона ҳаёт тарзини ихтиёр қилганлар. Бу эса тўкин ҳаёт кечириш имконияти йўқлигидан ёки ноилож қолганликларидан эмас, балки фақирона кун кўришни афзал билганликларидандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) билан бир ёстиққа бош қўйган суюкли аёллари, яъни оналаримиз (Сахобийя) гўё қаноатсизлик қилиб, у кишидан тоқатларидан ортиқ нарсани талаб қилганларида, Аллоҳ таоло "Тахйиир" оятини нозил қилди. "Эй, Пайғамбар! Хотинларингизга айтинг: "Агар сизлар дунё ҳаётини ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда келингиз, мен сизларни (ўша нарсалар билан) баҳраманд қилай ва яхшилаб кузатай (талоқ қилай) ! Борди-ю, Аллоҳни, Унинг Пайғамбарини ва охират диёрини истайдиган бўлсангиз, у ҳолда Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилувчилар учун улкан мукофот (Жаннат)ни тайёрлаб қўйгандир" ("Ахзоб" сураси, 28-29-оятлар). Шунда Сахобийя оналаримиз Аллоҳнинг ризосини, Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга яшашни ва охиратни ихтиёр этганлар, борига қаноат қилиб, бошқа (муслима) аёлларга ўрнак бўлиб, ҳаёт кечирганлар. Демак, аёллар ўз эрларидан, фарзандлар ўз ота-оналаридан уларнинг имкониятидан ортиқ нарсани талаб қилмасликлари, балки борига қаноат қилиб, шукр ва сабр билан ҳаёт кечиришлари даркор.
Қаноат - инсоний фазилатларнинг энг олийси. Бундай ҳислатга эга бўлган киши бахиллик, кўра олмаслик каби иллатлардан ҳоли бўлади. Бу борада Расули Акрам (с.а.в.) : "Ҳақиқий бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас, балки ҳақиқий бойлик - нафснинг тўқлигидадир", - дедилар.
Дарҳақиқат, сабрли, қаноатли киши тақдирига ёзилган ризқига рози бўлиб, ҳар қанча ҳаракат қилганда ҳам фақат Аллоҳ белгилаб қўйган ризққагина эга бўлишини англаб етган бўлади. Натижада, ортиқча мол-дунёга хирс қўймай, шукр қилиб яшайди. Ислом шариати ҳалол йўл билан топилган ва шукри доимий тарзда адо этиладиган мол-дунё топишни, дунё топиш учун ҳаром йўлларга кирмасдан ҳалол иш юритишни, қаноатли бўлишни буюради.
Солиҳ кишиларнинг солиҳа аёллари ва қаноатли фарзандлари оталарининг рўзғор ташвиши билан кўчага чиқиб кетаётганларида: "Биз ҳар қандай қийинчиликка, ҳатто, очликка чидаймиз, аммо дўзах азобига бардош бера олмаймиз. Шунинг учун уйга ҳаром ризқ олиб келишдан сақланинг", - дер эканлар. Қаноат борасида Расулуллоҳ (с.а.в.) : "Эҳтиёжидан ортмайдиган ризқ-қа эга бўлиб, Аллоҳ берган ана шу ризққа қаноат қилиб яшаган мусулмон киши батаҳқиқ, нажот топибди", - дедилар.
Қаноат фақатгина мол-дунёга нисбатан эмас, балки ҳар соҳага тааллуқлидир. Масалан, тўғрилик йўлида мустаҳкам туриш ҳам қаноатлилардан ҳисобланади. Бирор бир дарди, эҳтиёжи ва муаммоси бор киши учун Аллоҳнинг ўзи кифоядир. Банда бунга сабр-қаноат қилиши лозим. Чорасизликдан ҳар тарафга чопиш, дод-фарёд солиш, Аллоҳ битган тақдирга қаноат қилмаслик ташвишлидир. Ортиқча мол-дунёси йўқ инсон борига қаноат қилиши лозимлиги барчамизга маълум. Лекин давлатманд кишилар ҳам ундан фойдаланишда сабрли ва тежамкор бўлишлари даркор. Тангри таоло берган азиз умрни, неъматларни сарф қилишда ортиқча исрофгарчиликка йўл қўйиши мусулмон киши учун айб саналади. Шу ўринда тўйлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш айни муддао бўлади. Чунки кейинги йилларда кўплаб тўйларда дабдабабозлик, исрофгарчилик, айниқса, никоҳ тўйларида келин-куёвга керагидан ортиқча уй жиҳозлари харид қилиш, бефойда орзу-ҳавасларга интилиш ёки дафн маросими, маърака-ю, турли эҳсонларда шариатга зид равишда ортиқча пул сарф қилишга интилиш дуруст амаллардан ҳисобланмайди.
Демак, ҳақиқий мўмин, комил инсон хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, ўткинчи мол-дунёга ҳирс қўймайди, дунё шуҳратига берилмайди, Яратган берган неъматларнинг шукрини адо қилиб, Унинг ризолигида исрофгарчиликка йўл қўймай сарфлайди.
Набий (с.а.в.) : "Кишининг мол ва шуҳратга бўлган ҳирси унинг дини учун қўйлар ичига қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам ёмондир" - дедилар (Термизий ривояти). Мол-дунё ва шуҳратга бўлган ҳирс ўз эгасини барча ёмонликлардан қайтмайдиган қилиб қўяди. Оқибатда у ўша икки нарса ортидан тушиб, ўзлигини барбод қилади. Шунинг учун инсон шу икки нарсага ортиқча меҳр қўймаслиги керак. Бу икки нарсага банданинг зарурати ва ҳожатидан зиёда тарзда ружуъ қўйиши қораланади. Бироқ мол ва шуҳрат эгаси уларни маъсият учун ишлатмасалар, уни "фосиқ" ёки "осий" дейишга бировнинг ҳаққи йўқ.
Аллоҳ таоло барчаларимизга сабру қаноат берсин, Ўзи берган неъматларини эзгу амаллар учун сарфлайдиган бандаларидан бўлишликни насиб этсин.
Шаробиддин МУСАБОЕВ,
Андижон шаҳридаги
"Абу-Хурайра"
жомеъ масжидининг имоми.
|