№36, 23.08.2012 КИЧИК ҲИКОЯ
АЙРИЛИҚ АЗОБИ
Фусункор ёз кунларидан бири. Охирги қўнғироқнинг чалиниши болаликдан қалин дўст бўлиб улғайган тўрт дугонага қаттиқ таъсир қилди. "Наҳотки, энди бирга бўлолмасак". Бу туйғу ҳар бирининг кўнглидан ўтди.
Нодиранинг туғилган куни бўлди-ю, дугоналари Зулфия, Шаҳло, Азизалар умрларининг охиригача қалин дўст бўлишга, ўқишларини ҳам бирга давом эттиришга аҳд қилишди.
Қизларнинг бир-бирига бўлган оқибатига, самимий муносабатига кўпчилик ҳавас билан қарашарди. Айниқса, Шаҳлонинг онаси бетоб бўлиб қолганида дугоналар бир бўлиб, ҳали шифокорга, ҳали дорихонага югуришиб, Шаҳлони ёлғиз қолдиришмади. Ҳалима опа соғайиб кетди. Орадан анча вақт ўтгач, шаҳарда таҳсил олаётган қизи Шаҳло уйига қайтаётганида, телефон орқали гаплашиб, агар уйидагилар рухсат берса, ўртоқларини ҳам олиб келишини сўради.
...Шундан кейин қизлар уйдагилардан рухсат олиб, Шаҳлоларникида тўпланишди.
...Қишлоқ табиати ўзгача. Бир зумда қизлар кенг дала, чаман бўлиб очилган гуллар ифорига маст бўлиб, атрофни томоша қилишди. Тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олишди.
Шаҳлонинг бувиси ҳам набирасининг дугоналарини алқаб эси кетди. Топганини дастурхонга қўйиб, уларни меҳмон қилди.
Кун тиккага келгач, қизлар анҳорга чўмилишга боришларини айтиб, яёв юришди.
- Табиат қўйнида сайр қилиш бошқача-да, - деди Зулфия.
- Дарахтларнинг баландлигини қара, - унинг салобатидан завқланди Шаҳло.
- Тезроқ чўмилишга борайлик, - дея Азиза анҳор ёқалаб юра бошлади.
Бир зумда қизларнинг қийқириғи оламни тутди.
- Сув совуқ экан, кўп қолиб кетмайлик, ойим хавотир олади, - дея Шаҳло сувдан чиқа бошлади. Азиза ҳам қалин дарахтзорнинг нариги тарафига ўтиб, бироз офтобда тобланмоқчи эканлигини айтиб, ўша томонга ўтиб кетди.
Бехосдан эшитилган даҳшатли қийқириқ қизларнинг ҳушини торттирди. Зулфия билан Шаҳло овоз келган тарафга югуришди. Қизлар баландликдан нариги томонга ўтган пайтда ҳайдовчи қонга беланган дугонасини машинага солишга уринарди. Лекин Азиза касалхонага боришга ҳам улгурмади.
Қизларнинг ҳурсадчилиги узоққа бормади. Ҳалима опа ҳам қизнинг ўлимида ўзини айбдордай ҳис этди. Бироқ қанчалар қийин бўлмасин қизнинг ота-онаси "Қисматдан қочиб бўлмайди", деб тилида айтгани билан ич-ичидан куйинишарди.
...Кун, ойлар елдек ўтиб борарди. Таътил тугаб, қизлар ўқишни давом эттиришар, бироқ уларнинг кўзларидаги ғамгинлик ҳеч аримасди. Айрилиқнинг азоби уларнинг шўх-шодон қиёфасини ҳам йўқотганди. Дугоналар Азизани соғинишганида қабристонга йўл олишарди. Юрагидаги ғам-андуҳлар, изтироблар шу билан бироз нари сурилгандай бўларди. Лекин унинг йўқлиги дугоналарга ҳар қадамда сезиларди.
Қайтмас лаҳзаларга муҳрланган мактаб ҳаёти бу уч дугонани энди бир-бирларига янада жипслаштирди.
Ўғилой ТОЖИМАТОВА,
Марҳамат туманидаги 29-умумтаълим
мактаби битирувчиси.
|