№37, 30.08.2012 ДЕПУТАТ МИНБАРИ
ИСТИҚЛОЛНИНГ НУРАФШОН ЙЎЛЛАРИ
Истиқлол йилларида юртимизда асрларга татигулик улуғвор ишлар амалга оширилди. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида жамиятимизнинг турли жабҳаларида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, юртимиз ўзига хос ва мос тараққиёт йўлидан юксалиш сари дадил одимлаб бормоқда.
Бу юксалиш жамиятимизда ҳуқуқий-демократик тамойилларнинг шаклланиб боришида, халқимизнинг тўкин ва фаровон, тинч ва осойишта ҳаётида ўз инъикосини топмоқда. Юртимизнинг қайси бир гўшасига қараманг қурилиш, ободонлаштириш ишлари авжида, қайси бир юртдошимиз билан суҳбатлашманг, нигоҳларида шукроналик, қалбида шижоат, эртанги кунга умид, юрт равнақидан фахрланиш туйғулари мужассам. Бу бежиз эмас албатта, чунки давлатимиз сиёсати энг аввало, эл-юрт фаровонлигини таъминлашга, инсон манфаатларини улуғлашга, фуқароларга эътибор ва ғамхўрлик қилишга қаратилган.
Айниқса, ҳар бир йилга маълум бир ном берилиши ва шу асосда Давлат дастурининг қабул қилиниши мамлакатни модернизация қилиш, кучли фуқаролик жамиятини қуришдек аниқ мақсадларга йўналтирилганлиги билан муҳим тарихий ва сиёсий аҳамият касб этмоқда.
Дарҳақиқат, ҳар қандай мамлакат тараққиёти ўша юртнинг оилалари мустаҳкамлиги, барқарорлиги ва манфатлари билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Қолаверса, ҳар бир инсон учун оила бу умрнинг бошланиши, барча эзгуликларнинг муқаддимасидир. Зеро, инсонлар ўз бахти ва саодатини энг аввало, оиласи билан боғлайди. Шу маънода Президентимиз томонидан 2012 йил - "Мустаҳкам оила йили" деб номланиб, давлат дастурининг қабул қилиниши замирида эзгу-мақсадлар мужассам эканлиги барчамизни қувонтиради, албатта.
Мустақил Ўзбекистон ҳалқи, орзу-ниятлари ва интилишларини ўзида ифода этадиган, юрт тараққиётига хизмат қиладиган "Мустаҳкам оила йили" давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳар биримизни куч-ғайрат, имконият ва салоҳиятимизни ишга солишга ундайди.
"Мустаҳкам оила йили" давлат дастури доирасида оилаларда барқарор муҳитни шакллантириш, уларни мустаҳкамлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, ёш оилалаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак ва имтиёзлар яратиб бериш, долзарб бўлиб бораётган муаммоларни ечиш, етук ва баркамол авлодни тарбиялаш, жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизлар фаоллигини оширишга, провардида халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган муҳим вазифалар белгиланган. Айни кунда бу борадаги ишлар изчиллик билан олиб борилмоқда.
Шу ўринда айтиш жоизки, мамлакатимизда мустақиллик йилларида оила институтини мустаҳкамлаш, оилаларнинг турмуш шароитларини яхшилаш бўйича уларнинг ўз имкониятларини тўлақонли намоён этишларини таъминлай оладиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Бундан ташқари, жаҳон ҳамжамияти орасида нуфузи ва мавқеи тобора ортиб бораётган Ўзбекистонимиз халқаро ҳуқуқий меъёрларни жорий этиш борасида ҳам қатъийлик кўрсатмоқда. Халқаро қонунчилик нормаларини миллий қонунчилик билан уйғунлаштириш изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Мамлакатимиз мустақиллик йилларида 200 дан ортик халқаро Конвенция, Битим, Шартномаларга қўшилган бўлса, уларнинг орасида бевосита оналик ва болаликни муҳофаза қилишга, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилганлари ҳам салмоқли ўрин тутади.
Жумладан, БМТнинг "Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги, "Хотин-қизларни камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида"ги, "Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисида"ги, "Бир хил қийматдаги меҳнат учун эркаклар ва аёлларни тенг рағбатлантириш тўғрисида"ги, "Бола ҳуқуқлари тўғрисида"ги, "Болалар меҳнатининг оғир шаклларини таъқиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида"ги конвенция-лар ва бошқа бир қатор халқаро ҳужжатлар миллий қонунчилигимизда ўз ифодасини топган ва улар фуқароларимиз манфаатларига хизмат қилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз бош қомусида оиланинг жамиятдаги мустаҳкам ўрни, нуфузи қатъий белгилаб қўйилган, шунингдек, миллий қонунчилигимизда оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофаза қилишнинг хуқуқий асослари тўла яратилган.
Мамлакатимизда қабул қилинган оила муносабатлари билан боғлиқ қонун ҳужжатларида оиланинг жамиятнинг бир бўлаги сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг масъулияти, бурч ва мажбуриятлари, оиланинг ҳар бир аъзоси ўз ҳуқуқларини ҳар қандай тўсқинликсиз амалга ошириши ҳамда ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши қатъий белгилаб қўйилган.
Умуман, "Мустаҳкам оила йили"да оилавий бизнесни ривожлантириш, ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш, хотин-қизларни, айниқса, ёшларни кичик бизнес ва тадбиркорликка жалб қилиш, уларга ўз ишини ташкил этиши учун кредитлар ажратиш, ҳунармандчилик ва касаначиликни ривожлантириш орқали оилаларнинг барқарор даромад манбаларини шакллантириш борасида жуда кўп ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ишламаётган корхоналарни ишга тушириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш ҳисобига кўпдан-кўп янги иш ўринлари яратилмоқда. Шу билан бирга, ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда ишсиз ёшларни меҳнатга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, опа-сингилларимиз ва ёшлар учун ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш борасида ҳам муайян ишлар бажарилаётганлигини алоҳида қайд этиш жоиз.
Жамиятимизда соғлом оила шаклланишнинг муҳим омилларидан бири бу - оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилишдир. Мамлакатимизда бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, она ва бола солғлигини муҳофаза қилиш ҳукуматимизнинг доимий эътиборида. Шу боис ҳам кейинги йилларда юртимизда, ҳатто чекка-чекка ҳудларда ҳам оналар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш ишларининг сифати ва савияси ортди, кўплаб тиббий даволаш ва соғломлаштириш муассасалари барпо этилди.
Оила мустаҳкамлиги ва бар-қарорлигини муҳтарама опа-сингилларимизсиз тасаввур этиб бўлмайди. Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳар қайси оиланинг юкини ҳеч нолимасдан, ҳаётга шукрона қилиб, ўз елкасида кўтариб келаётган, оила қўрғонининг ҳам чиройи, ҳам чароғбони бўлган аёл зотининг, опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш билан боғлиқ муҳим вазифаларни амалга ошириш учун дастурда аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Бу албатта, мамлакатимизда мустақиллик йилларида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг узвий давомидир.
Халқимиз ижтимоий ҳаётида қадимий анъана, урф-одат ва миллий қадриятларнинг ўрни ва роли ниҳоятда беқиёс. Шу боис ҳам оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда ана шу қадриятлар асосида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ўз навбатида ижобий натижалар бермоқда. Буни жамиятимизда маънавияти юксак оилаларимиз кўпайиб, етук ва баркамол ёшларимиз сафи тобора ортиб бораётганлигидан ҳам яққол кўришимиз мумкин.
Юртбошимиз И.А.Каримов таъкидлаганидек, азал-азалдан ҳалқимиз учун муқаддас бўлмиш оилани ҳаётимиз таянчи ва суянчи, жамиятимизнинг ҳал қилувчи асосий бўғини, деб қабул қилишимиз замирида, ҳеч шубҳасиз, жуда катта маъно-моҳият мужассам. Чунки, мамлакатимизда оилага кўрсатилаётган кўмак, эътибор ва ғамхўрликни ҳар бир юртдошимиз қалбдан ҳис этиб яшаса, шубҳасиз, жамият ривожи, Ватан тараққиёти янада юксалади.
Халқимизнинг энг улуғ ва энг азиз байрами Истиқлол байрами арафасида барча юртдошларимизни, мўътабар опа-сингилларимизни шу қутлуғ байрам муносабати билан муборакбод этаман. Барчаларига тани сиҳатлик, узоқ умр, оилавий бахт, ишларида улкан муваффақиятлар тилайман.
Хафизахон КАРИМОВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.
|