№37, 30.08.2012 МУЛОҲАЗА
ОМОНАТ БЎЛГАН ДАВЛАТ
Мамлакатимизда таълим тизими жадал ривожланиб бормоқда. Айниқса, бугунги ёшларимиз учун жуда катта имкониятлар яратилган. Илмга чанқоқ ёшларнинг билим олишлари маънавиятларини юксалтиришга, маърифатли бўлишлари учун барча шароитлар етарли. Бугунги ёшлар эса мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишлари, чуқур билим олиб, аввало, ота-онасининг орзу-ҳавасларини рўёбга чиқариши, қолаверса, жамият учун хизмат қилиб, элга наф келтиришлари керак.
Ота-она фарзандининг жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши учун катта машаққатлар чекади. Кўп нарса моддиятга тааллуқли бўлгани боис, илм олишда ҳам ўзига хос моддий заруратлар мавжуд. Бу борада эса ҳар бир фарзанд учун ота-она бош қотиради. Масалан, кийим кечак, турли дарсликлар, ўқув қуроллари билан таъминлашда маблағ сарф этилиши керак. Афсуски талаба-ўқувчиларнинг айримлари таълим олишдан кўра моддий бойликка кўпроқ ихлос қўядилар. Натижада ота-оналари қийин аҳволда қолишади. Яъни, янгидан-янги, турли туман кийимбош кийиши, тенгдошлари билан турли хил бар ва кафеларга кириб, меъёридан ортиқча еб-ичиши, савдо дўконларни айланиб, зарур ва ёки нозарур бўлган сарф-ҳаражатларни қилиши ниҳоятда ачинарлидир. Айниқса, қимматбаҳо қўл телефонини сотиб олишлари ва ундан нотўғри фойдаланишлари - радио-телевидениеларга турли хил ноўрин гап-сўзларни "СМС" тарзида юбориб, бир-бирини мазах қилишлари ортидан моддий бойлик сарфланяпти...
Инсон дунёга бир марта келар экан, энг аввало умр неъматини эъзозламоқ керак. Шу ўринда бир ривоят ёдга тушади:
Давлатманд бўлган ёш бир йигит кекса донишмандни зиёрат қилиб уни кўргани борибди. Суҳбат бойлик, моддий мол-мулкка бориб тақалибди. Гап орасида донишманд бой йигитни синамоқчи бўлибди.
- Тасаввур қил, - дебди донишманд йигитга, - саҳрода ҳеч бир жонзот йўқ. Ёлғиз ўзинг йўл юрмоқдасан. Бироқ манзилга етиб бориш мушкул ва бир қултум сувга зор бўлиб, ҳаётинг хавф остида қолди. Шу пайт биров "Сув сотаман" десаю, бир қултум сув учун бутун бойлигингнинг ярмини сўраса, берармидинг?
Йигит донишмандга кулиб боқибди-да, дебди: "У пайтда мол-давлат ҳақида ўйлаб ўтирармидим... Албатта, берардим".
"Яхши, ярим бойлигингга сув сотиб олиб ичдинг. Энди бир оз вақт ўтиб ўша сувни чиқаргинг келди, лекин иложини қилолмадинг. Сўнг, яна кимдир келиб: "Қолган бойликларингни ҳам берсанг ҳожат йўлингни очишга ёрдам бераман" деса, рози бўлармидинг?"
"Э-эҳ, бундай азобдан қутулиш учун барча молимни беришга ҳам рози бўлардим, албатта! Соғайсам бўлди эди".
"Ундай бўлса, - дебди донишманд, - доим мулоҳаза билан, ўйлаб иш тут. Бир марта ичиш ва бир марта заҳар чиқармоққа тенг бўлган бойлигингга ишониб қолма. Давлатинг туфайли одамларни камситма! Чунки мол-дун-ёни ўрнида ва эзгулик йўлида тўғри ишлатмас экансан, у сенга вафо қилмайди!"
...Ҳа, азиз ўқувчи! Баъзи одамлар ўткинчи дунёнинг орзу-ҳавасларига эришиш учун бутун умр бойлик йиғиш билан банд бўлса, айримлари эса ноўрин сарф-ҳаражат қиладилар. Демак, ҳар икки ҳолатда ҳам нотўғри йўл тутилган бўлар экан. Шу боис, киши давлатидан оқилона фойдаланишни ўрганиши мақсадга мувофиқдир.
Абдураззоқ ФАРМОНОВ,
Асака тумани.
|