№37, 30.08.2012 ЁШ ИСТЕЪДОДЛАР
ОЙДИНОЙНИНГ ОЙДИН ОРЗУЛАРИ
Ойдиной Иброҳимова 2003 йили Избоскан туманида таваллуд топган. Тумандаги 15-умумтаълим мактабининг 4-синф ўқувчиси. Барча болалар сингари Ойдинойнинг ҳам орзулари бисёр ва ойдан-да ойдин. У дарсдан бўш пайтларида қўлига қалам олиб, шеърлар машқ қилиб туради. У шеърларида болаликнинг гўзал онлари-ю, беғубор тасаввурларини мадҳ этади. Ойдиной 2-синфда ўқиб юрган кезлариданоқ "Пахтакор" туман газетаси таҳририяти қошидаги ёш ижодкорлар тўгарагига келиб, шеъриятнинг дастлабки сир-асрорини ўргана бошлади. Бундан кўриниб турибдики, жажжи ижодкор шеърият оламига болаликданоқ қадам қўйган.
Ойдиной Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими қошидаги "Бобур издошлари" тўгарагининг фаол аъзоси ҳамдир. Яқинда Шаҳрихон туманида ўтказилган водий ёш ижодкорларининг "Шаҳрихонсой мавжлари" анъанавий анжуманида иштирок этиб, гўзал шеърлари билан таниқли устоз-шоирларнинг эътирофига сазовор бўлди.
2012 йили Ойдинойнинг "Озод юртнинг қизиман" номли илк шеърий тўплами нашрдан чиқди. Ижод намуналари аста-секин "Тонг юлдузи", "Ғунча", "Гулхан" каби республика газета ва журналларида чоп этилмоқда.
Ойдиной Иброҳимова келгусида адабиёт майдонида ўз ўрнига эга бўлишни орзу қилади.
Биз ҳам унинг орзуси рўёбга чиқишини тилаб қоламиз.
Юлдузой ЎРМОНОВА.
|