№37, 30.08.2012 ҲАЁТ ҲИКМАТЛАРИ
"ЎҒЛИ БОРНИНГ ЎРНИ БОР"
Ўғил фарзанд ота-она учун ушалмаган орзу, юрак бутунлигидир. Қолаверса, жон кушандаси ҳам, мол кушандаси ҳам ўғли бор уйдан ҳайиқади.
Ўғил кўрмадим деб, ширин рўзғоридан ажралиб кетганлар бор. Бу армонларни ичларига ютиб, умр бўйи юраклари йиғлаб юрганлар қанча! Аммо ноқобил ўғилларнинг дастидан пушаймон билан ўтаётганлар, улар туфайли хонавайрон бўлган тақдирлар қанча! Тўғрисини айтганда, бугунгрисини айтгандаи бир тоифа йигитлардан кўнглимиз андак тўлмайди.
Ўғли борларнинг кўнглида бир таскин бор - энди мени беминнат кўмадиганим бор, дейдилар. Дарвоқе, киши кексайганда гўдаксифат бўлиб, кимгадир суяниб қоларкан. Ўғли йўқлар эса ўзларини гўё етим қаригандай ҳис этарканлар. Бир қиз ўнта ўғилнинг мурувватини кўрсатса ҳам, ўғлим йўқ деб, ота-онанинг кўнгли суст кетаверади...
Ота-онамнинг менгача ва мендан кейин туғилган олти фарзанди оламдан ўтган. Отамнинг эллик саккиз ва олтмиш ёшида, онамнинг қирқ уч ва қирқ беш ёшида Аллоҳ икки ўғил берган ва беҳад шукрки, улар тирик қолдилар. Укаларим вояга етиб уйланадиган бўлганда отам саксон, онам етмишга етиб қолди. Бош фарзанд бўлганим учун ҳам уларни уйлаб-жойлаш менинг бурчим эди. Бу мен учун ҳаргиз малолли эмас, аксинча чексиз фарахли ва ширин бир ташвиш эди. Ота-онамни хурсанд қилишнинг, фарзанди сифатида бўй кўрсатишнинг ягона йўли шу бўлиб туюларди.
Биринчи укамда-ку, тўйига атаб нима топсам, доналаб ташиб ойимнинг сандиғига йиғавердим. Иккинчисига келганда кўнглимга худбинлик тушди - қилган ишларимни яхлит кўрсатгим келиб қолди, йиққан нарсаларимни тўйга яқин қолгандагина, учта катта тугунга жамлаб, олиб бордим. Отам билан онамни ўтқазиб олиб, ички бир фахр билан, сеп-сидирғаларни номма-ном айтиб олдиларига ёйиб ташладим. Мен ўйладимки, ҳозир улар чексиз қувонадилар ва онам хурсандчиликдан йиғлай бошлайди, отам мамнун дуо қилади... Йўқ, ундай бўлмади. Шу қадар серзавқ, шундай сўзамол онам... тиниб, тиниб қолди. Дадам деворга суянган кўйи, тиззасини қучоқлаганча, ўйчан қотди. Шу кундан бошлаб онамни гоҳ айвон қирғоғида, гоҳ жойнамоз устида бир нуқтага термулганича ўтириб қолганини кўриб қолардим. Авваллари биттагина рўмол совға қилсам ҳам уйимизга кирган қўшнига болам олиб келди, деб мақтанадиган онам шунча нарса ҳақида ҳеч кимга лом-мим демади... Мен эса ўксиниб юрдим (гумроҳликда), бир марта "раҳмат болам" дейишмади-я, деб, ичим йиғлади... Водариғ! Мана энди улуғлашган ёшим билан, юрак тўла армон тоши билан ҳув ўша тўйни изтироб билан эслайман. Ўз ҳовлисида тўй бўляпти-ю, дадам қовушмайгина юрибди. Келган-кетганларни четдангина кутиб-кузатиб турар, кўзларида эса ёзилиб кетмаган мунг...
Бу ҳолатни беихтиёр укаларимнинг ёшлигидаги суннат тўйига қиёслайман. Дадамнинг ишлаб, пул топиб юрган маҳали эди. Ўшанда дадам ҳовлимизда ўктам юрар, амри фармон билан дастёрларни турли юмушларга ундаб, бош-қошлик қиларди.
Манов туриши-чи? Э-воҳ, дадажоним-а! Мозорларга чироқ ёқиб, гирён бўлиб ўғил топсаму, аммо жарақлатиб пул санаб тўйни ўзим қилолмасам-а, деб синдингизми ўшанда?! Ё нега бош фарзандим ўғил бўлмади, тиланиб етган тўйимни куёвнинг қўлига қаратдимми, деб тиниб қолдингизми, дадажоним-а?!
Кейинчалик ҳам қанчалик мурувват қилмайин, дадам мамнун бўлишга бўларди-ю, барибир, чарақлаб очилиб кетмасди. Ота-онамни укаларим улғайиб, уни-буни кўтариб келадиган бўлганда кўринг эди! "Э, баракалла, ўғлим" деганида ҳар гал дадамнинг юзидаги ҳамма ажинлари ёзилиб кетгандай бўларди...
Шундай гаплар, йигитларжон, сизнинг ўрнингизни ҳеч ким босолмайди. Ота-она учун ўғилдан кўрилган роҳат ҳақиқий роҳат, қолгани миннатлидай туйилаверади... Ўнта бўлса ўрни бошқа, дейди халқ. Акаларим ё укаларим қараяпти, деб ғофил бўлманг. Улар ўша келмаган боласига умидвор бўлаверадилар. Ўн ўғлон бир нонвойдан биттадан нон олиб келтирса, билингки ота-онангиз бу нонлардан ўн хил маза туйиб ейдилар.
Ўғлоним, ўғилни "ўтиб кетсам уйимнинг чироғи ўчмайди", деб ҳам тилайдилар. Падарингиз уйи авлодингизнинг руҳлари-ю, тириклари тўпланадиган жой. Имконингиз етганча у ерни обод қилишга интилинг. Жами дунёингизни сотсангиз ҳам, уни сотманг, йўқотманг. Ёки мерос илинжида у ерни жанжалхонага айлантирманг. Ота-онамизни тириклигида баъзиларимиз куйдирганимиз етади, уларнинг руҳларини ҳам чирқиратиб қўймайлик.
Улар руҳини шод этишни жуда истасангиз, мол-қўй сўйишнинг ўрнига улардан қолган амаки-тоға, амма-холаларни йўқланг, дўсту қадрдонларини, улар ёқтирган кишиларни зиёрат қилинг. Ота-онангиз ўтгандан кейин, ўзингизни синамоқ учун ҳам, уларни танийдиганлар билан бир суҳбатлашиб кўринг - тамоман янгиланасиз, юрагингиз сув ичгандай бўлади...
Авлодингиз номи "фалончизода" дея аталиб, эркакнинг исми-шарифи билан барқарор бўлиб қолади. Шу боис, авлодингизнинг яхши ном олиши сиз, эркакларнинг фазилатларингиз ва ориятингизга боғлиқдир. Бобонгиз, отангиз содир этган хатоларни сиз қилмасангиз, муборак бўлсинким, сиздан бошлаб авлодингиз покланади.
Турсуной СОДИҚОВА
|