Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№37, 30.08.2012

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

ОНАЖОНИМ -

ЎЗБЕКИСТОНИМ

Тангрим менга жаннатдай юртда,

Туғилмоқни этибди насиб.

Озодлигу Эрк деган бахтни,

Яшаяпман кўксимга босиб.

Не-не камрон, не-не султонлар,

Фозилларга бешик бўлган юрт.

Не тилагинг бор, деб, сўрсалар,

Бир кафт тупроқ билан бағрим бут.

Шу тупроққа қилайин сажда,

Шу тупроққа берайин жоним.

Болам, дегин, то ўлгунимча,

Онажоним - Ўзбекистоним.

АНДИЖОННИНГ

ЙЎЛЛАРИ

Андижоннинг йўлларида қолди кўзим,

Хазон янглиғ беқадрдир сенга сўзим,

Кута-кута аросатда ўтдим ўзим,

Андижоннинг йўлларида қолди кўзим.

Шамолларга қулоқ тутдим, айтмадилар,

Капалаклар сирдош эди, қайтмадилар,

Гумон тўла хаёлингдан ҳайдадилар,

Андижоннинг йўлларида қолди кўзим.

Муҳаббатнинг саройида подшо кўнглим,

Бугун сенинг меҳринг учун гадо кўнглим,

Йўллар кутиб, йиллар кутиб адо кўнглим,

Андижоннинг йўлларида қолди кўзим.

Андижоннинг йўлларидан кўзим кетмас,

Борай десам, ғурур мени ошно этмас,

Сени кутиб балки менинг умрим етмас,

Андижоннинг йўлларида қолди кўзим.

Қимматхон МАМАЖОНОВА.

МАДҲ

Ҳар тонг салом ила кўз очар қуёш,

Ҳар кунни фахр-ла бахтдан бошлайман.

Соғинсам эркалаб лолаларингни,

Сенинг бағрингнида қўмсаб яшайман.

Онам алласидан излайман сени,

Ҳуснингни юракка гулдан чизарман.

Лекин мен фарзандинг - сенинг қизингман,

Шеъримни таърифинг ила безарман.

Момолар қўллари дуода ҳар он,

Боболар тилида бахтдан шукрона.

Ҳар кун табассумла, ёнингда йўлдош,

Фарзандларинг учун-бахтлисан она.

Мен эса бахтлиман самолар қадар,

Қуш бўлиб кўкларга учиб кетарман.

Сенинг бағрингда ҳам сени соғиниб,

Фақат сенинг мадҳинг куйлаб ўтарман.

Нодира ЖЎРАЕВА,

Марҳамат тумани.

ВАТАН

Онам ёпган ширин - тандир нон,

Хирмон тўла пахта, буғдой - дон.

Дала-дашту, чўлу биёбон,

Муқаддасдир, бари муқаддас!

Юртим дея шаҳид кетганлар,

Ватаним, деб "тўп"ни қучганлар.

Жанггоҳларда ўққа учганлар,

Муқаддасдир, руҳи муқаддас!

Ватан, сен чун фидодир жоним,

Садқа бўлсин бор хонумоним.

Сени асраш бурчим, имоним,

Муқаддасдир, бурчим муқаддас!

Муқаддасдир, Ватан - муқаддас!

Моҳидил ҚОДИРОВА,

Асака тумани.

СЕВАМАН

Бугун юлдуз бўлиб қолсайдим танҳо,

Самолардан сенга тўйиб боқардим.

Сен-ку бехабарсан ишқимдан ҳамон,

Тунда ёстиқ бўлиб, сени қучардим.

Севгилим, бир томчи ёмғирсан асли,

Ойнинг юзларида доғ бўлиб қотган.

Атиргул баргида бир шабнам бўлиб,

Ҳасратли юрагин ҳижронга сотган.

Севгим ифорларин учирса шамол,

Висолинг умиди ўртайди юрак.

Сарғайган хазондай титраб яшарман,

Мен учун дунёда фақат сен керак.

Маҳбуба ҚЎЧҚОРОВА,

Андижон тумани.

РАШК

Сизни гулга маҳбуб сайлаб,

Ўзим хатто ишонаман.

Хазил сўйлаб, ҳадеб ўйлаб,

Сизни гулдан қизғонаман.

Ошиқ бўлманг, бас, баҳорга,

Рашким қалбда отар илдиз.

Яширсайдим сизни қорга,

Кўкламлардан ўтсам ёлғиз.

Мағрурлигим осмон қадар,

Кибр тушмас қучоғимдан.

Ҳар кун битта хийла топар,

Тортади ишқ оёғимдан.

Райҳона ҚИРҒИЗАЛИЕВА,

Жалақулуқ тумани.

СОҒИНЧ ҚИЙНОҒИ

Юрагимни кемирар соғинч,

Унутолмай бўламан халак.

Бунчалар бўлмасам туйғуларга синч,

Дардимни бўламан этиб минг бўлак.

"У қаёқда?" - дея юрагим ғашлаб,

Соғинч сўроқларин кети узилмас.

Йўлингга нигорон кўзларим ёшлаб,

Қалбим жароҳати сира тузалмас.

Мени олиб кетгин, улар қўлидан,

Бардош беролмайман ортиқ қийноққа.

Бирга бўлсак агар севги йўлида,

Дуч келмасмиз асло ҳижрон ,сўроққа.

Робияхон ОТАХОНОВА,

талаба.

ОНА ТИЛАГИ

Саодатли юлдузимсан,

Кўзим нури, чироғим.

Сен туфайли бир кун албат,

Яқин бўлгай йироғим.

Тилагайман иқболингни,

Ҳар кун саҳар паллада.

Сезсам балки, сезмасам ҳам,

Сенинг кўнглинг далада.

Лекин ҳаёт оқар сувдек,

Ўтар дейди, донишлар:

- Гар англасанг йиллар қадрин,

Бўлмас армон, нолишлар.

Сенга боқиб демасинлар,

Ким у? Кимнинг "эркаси".

Она-Ватан фарзанди бўл,

Сенсан унинг эртаси.

Нўъмонжон ЎРИНБОЕВ,

Пахтаобод тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди