№37, 30.08.2012 ИБРАТЛИ ҲИКОЯТЛАР
БАШОРАТНИНГ АСОРАТИ
Сарвари олам ердаги башарият вакили пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)га ўн саккиз минг олам сир синоатларини аён қилиб турган. Ул зот орқали инсониятни тўғри йўлга - ҳидоят сари етаклаган. Нуҳ, Сулаймон, Довуд, Исо ва Мусо пайғамбарлар, Афлотун, Арасту, Аҳмад Яссавий, Хўжа Ахрор, Ғаззолий каби илоҳий илм пешволарига ҳам ана шундай ноёб хислатлар насиб этган. Буюк тафаккур эгаси, Юнон файласуфи Арасту Искандарни кимсасиз биё-бонда ўлим топишини айтган. Ривоят қилишларича, Амир Темур сафардан қайтгач, отини тўққиз туп дарахтнинг олтинчисига боғлайди. Шунда унинг пиру устози башорат қилиб ер юзидаги қуруқликни тўққиздан олти қисмини забт этасан, деб айтади. Дархақиқат, саркарда шарқий Сибирдан то Қора денгиз бўйларигача бўлган худудларни ўз ҳукмига бўйсундирган. Бундай имконият вакиллари воқеа ва ходисалар тафсилотини моддийлик билан чамбарчас боғлайди ҳамда фикрлаш доирасининг кенглиги боис, ана шундай башоратларни олдиндан тавсия қилади. Ота-боболаримиз ҳам само жисмларининг ҳолатига қараб ойнинг атрофи туманлашиб хирмон ҳосил қилса, ёғингарчилик бўлишини кузатишган. Лекин башоратнинг, фолбинликдан, донишманднинг нодондан фарқи ер билан осмон қадар. Халқимизда яхши урф-одатлар бисёр. Шу билан бирга, бидъатлар ҳам кўп. Жамиятимизга салбий таъсирини ўтказаётган иллатлардан бири фолбинлик бўлиб, унга муккасидан кетган баъзи одамлар туфайли оилаларда ажралишлар, қариндош-уруғ ва қўшнилар ўртасида ҳам кўнгилсиз воқеалар содир бўлмоқда. Масалан, гувоҳи бўлганимиз бир аёл қўлидаги узугини йўқотиб қўяди-да фолбинга боради. Фолбин эса чинни идишга қуйилган сув юзасига бир чимдим пахта толасини ташлаб, сўнг кўзларини юмган ҳолда бир дақиқа сукут сақлайди. Кейин у мижозга юзланиб.
-Яқин орада қўшниларингиздан бирортаси уйингизга кирганми? - дейди.
-Ҳа, кирган эди.
Фолбин унинг рангу рўйи, бўю бастини тахминан тасвирлаб беради. Узукни ана шу одам олган, гапни айлантириб кўринг, у ўзи тақмайди, сотиб юборади, - дейди.
Аёл узукни аниқ фалончи қўшним олган экан, деб унга бўлган муносабати ўзгаради.
Орадан ўн беш йил ўтиб уй ичкарисидаги тахта полни таъмирлаш учун бузиб кўтаришади. Йўқолган узук пол остидан топилади.
Яна бир ҳикоя шундайки, арзимаган жанжал билан аразлашиб борган қизнинг онаси фолбинга боради.
-Қизим бир-икки марта жанжаллашиб келди, тақдирини айтиб беринг.
-Қайнонаси қизингизга қасдланиб қолган, эрига ҳам ёмон кўрсатмоқчи бўляпти, бунинг олдини олмасангиз бўлмайди.
Шу "башорат" сабаб битта оила ажралишди. Мана сизга фирибгарликнинг хулосаси. Дунёдаги энг муқаддас даргоҳ оила. Уни ҳар қандай шароитда сақлаб қолиш чинакам инсонийлик фазилати. Аксинча, уни пароканда қилиб икки ўртада норасидаларни сарсон қилувчилар эса худбин одамлардир. Муқаддас китобимизда ҳам фолбинлик Ҳудога шак келтиришлик, деб айтилади, куфрлар қаторига қўшилади. Эҳтиёт бўлинг одамлар! Бундай фирибгарлар охир-оқибатини ўйламайдиган нафс бандаларидир.
АЁЛ МЕҲРИ
Эр ҳар куни ишга кетиб кеч қайтади. Бугун у ҳовлидаги тартибсизликларни кўриб хотинига жаҳл қилмоқчи бўлдию лекин хотини кутиб олиб, унинг қўлига сув ва сочиқ тутиб саломлашди.
- Салом дадаси, чарчамай ишлаб келдингизми?
Эрнинг бу меҳрдан кўнгли юмшаб, жаҳлини ичига ютди.
- Хотин, мана бу юмушларни қара, эртага ишдан қолиб биргалашиб қилайликми?
-Йўғ-э, ўзим ҳаммасига улгураман.
Бир оғиз яхши сўз билан муроса ҳам ҳосил бўлди. Эртаси куни хотин кўчада гап сотиб ўтирадиган аёллар сафига қўшилмади. Юмушларни тартибга солиб, уйни саришта ҳолига келтириб қўйди.
Рўзғор файзи, баракаси
аёл зеҳни,
Ҳа, тошда гул ундирган
ҳам аёл меҳри.
Абдуманноб ЙЎЛДОШЕВ, Марҳамат тумани.
|