Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№37, 30.08.2012

ЖАҲОН АДАБИЁТИ ДУРДОНАЛАРИДАН

ТАНИШ ЭРКАК

Гўзаллар гўзали Ванда ёки паспортида атаганларидек, фахрий гражданка Настасия Канавкина, касалхонадан чиқиб, умрида кўрмаган аҳволга тушиб қолди: борадиган жойи ҳам йўқ ва ёнида бирор тийини ҳам йўқ. Нима қилсин?

У аввал қарз кассасига борди ва ўзининг ягона қимматбаҳо нарсаси бўлган феруза узугини гаровга қўйди. Унга узуги бадалига бир сўм бердилар, лекин... бир сўмга нима беради? Бу пулга на мода бўлган калта кўйлак, на олифта шляпа, на жигарранг туфли беради; бусиз эса у ўзини яланғоч ҳис этар, назарида фақатгина одамлар эмас, ҳатто от ва итлар ҳам унинг содда кўйлагига кулиб қараётгандай туюларди. У фақат кўйлак тўғрисида ўйларди, овқат ва ётар жой масалалари эса уни заррача ваҳимага солмас эди.

" Ҳеч бўлмаса, бирор таниш эркакни учратсам эди..." - деб ўйларди у. - Пул олардим... Менга ҳеч ким йўқ демас, чунки..."

Лекин таниш эркак учрамади. Уларни кечқурун Ренесанс ресторанида учратиш қийин эмас, бироқ Ренесансга бу оддий кўйлакда ва шляпасиз киргизмайдилар. На чора? Ўтиравериб, юравериб ва ўйланавериб зерикканидан кейин Ванда сўнгги чора йўлига киришга қарор қилди, "Таниш бўлган бирорта эркакнинг уйига тўғри кираман-да, пул сўрайман" - деди.

"Кимникига кирсам экан? - деб ўйларди. - Миша оилали бўлгани туфайли уникига кириб бўлмайди... Маллачол эса хизматда..."

Ванда тиш доктори Муртад Финкелни эсга олди. У бундан уч ой муқаддам Вандага билакузук ҳадя қилган ва бир куни кечаси немис клубида унинг бошига Ванда бир коса пиво қуйиб юборган эди. Шу Финкелни эслаб, ниҳоят севинди.

Финкелнинг уйига кела туриб ўйларди: "У албатта, берар, уйида бўлса бас... Бермас экан уйидаги барча чироқларини синдириб ташлайман".

Тиш докторининг эшигига яқинлашганда унинг режаси тайёр эди: у "хоҳо"лаб зинапоядан чиқади, докторнинг уйига югуриб киради ва 25 сўм талаб этади... Бироқ у қўнғироқни ушлаганда, режаси бошидан ўз-ўзидан чиқиб кетгандай бўлди. Ванда тўсатдан қўрқа ва ҳаяжонлана бошлади. Бундай ҳол унда ҳеч рўй бермас эди. Сармаст ўтиришларда у жасур ва орсиз бўларди, энди-чи, у оддий кўйлак кийгани ҳолда, қабул қилинмаслиги ҳам мумкин бўлган оддий хотин сифатида, ўзини қўрқоқ ва камситилган ҳис этди. У ўзида уят ва ваҳима сезди.

"Балки у мени унутгандир... - деб ўйлади қўнғироққа тегишга журъат қилолмай. - Қандай қилиб мен унинг олдига шу кўйлакда кираман? Худди гадой ёки бирор мешчанкадай..."

Қўнғироқни тортиниброқ босди.

Эшик орқасидан оёқ овози эшитилди, бу швейцар эди.

- Доктор уйдами? - деб сўради Ванда.

Бироқ жавоб ўрнига у, Ванданинг пальтосини ечди ва биринчи уйга киргизди. Зинапоя унга гўзал, муҳташам туюлди, барча гўзалликлардан ҳам бурун унинг кўзига катта ойна ташланди, унда шляпасиз, калта кўйлаксиз ва жигарранг туфлисиз йиртиқ кийимли хотин кўринди. Энди Ванда тикувчи ёки кир ювувчи сингари фақирона кийинган экан. Номус пайдо бўлгани ва уятсизлик, сурликдан асар қолмагани унга қизиқ туюларди, ичида ўзини Ванда деб эмас, балки илгаригидек Настя Канафтина деб атарди...

- Марҳамат қилинг! - деди оқсоч хотин уни кабинетига кузатиб туриб. - Доктор ҳозир келади, ўтиринг.

Ванда юмшоқ креслога ўзини ташлади.

"Қарз беринг, деб қўя қоламан! - деб ўйларди у. - Бу одобдан бўлади, чунки у менга ошна-ку. Фақат оқсоч хотин бу ердан чиқиб кетса эди. Оқсоч хотин олдида ўнғайсиз... Нега бу ерда тураркин?"

Беш дақиқалардан кейин эшик очилди ва баланд бўйли, қорачадан келган, дўмбоқ юзли, кўзи ирғиб чиққан Финкел келди. Унинг юзи, кўзлари, каттакон қорни жирканч эди. Ренесанс ва немис клубида у, одатда шўх бўларди, хотинларга кўп пул сарфлар ва уларнинг майнавозчиликларини кўтарарди (Чунончи Ванда унинг бошига пиво қуйиб юборганда у фақатгина табассум этиб бармоғини кўрсатиш билан дўқ қилиб қўя қолганди) энди унинг қовоғи солиқ, уйқудан тургандай юзларида совуқлик бор ва амалдор сингари тикилиб, менсимай қарар ҳамда ниманидир чайнаб юрар эди.

- Хизмат? - сўради у Вандага қарамай.

Ванда оқсочнинг тунд юзига, Вандани танимагандай кўринган Финкелнинг тўла қоматига назар солди ва қизариниб кетди...

- Нима дейсиз? - деди тиш доктори жеркиброқ.

- Ти... тишим оғрияпти... - деб шивирлади Ванда.

- Хўш... қайси тишингиз? Қаерда?

Ванда тишининг бири ковак эканини эслади.

- Ўнг томондаги паст тишим, - деди у.

- Ҳм!.. Оғзингизни очинг.

Финкел тўсатдан унинг оғзига қараб паравоз каби аксирди ва:

- Ямашни маслаҳат бермайман. Барибир бу тишингиз тиш бўлмайди, - деди.

Тишни яна бироз ковлаб, Ванданинг лаб ва мулкларини тамаки ҳидли бармоқлари билан ифлослаб, яна нафасини тўхтатди ва қандайдир совуқ ускунани оғзига тиқди...

Ванда бирдан қаттиқ оғриқ ҳис этди, қичқирди ва Финкелнинг қўлини маҳкам ушлаб қолди.

- Ҳеч гап эмас, - деди у. - Сиз қўрқманг, бу тиш барибир иш бермайди. Ботир бўлиш керак.

Тамаки ҳидли, қонли бармоқлар унинг кўз олдига тортиб олинган тишни келтирди. Оқсоч келиб унинг оғзига пиёла тутди.

- Уйингизда совуқ сув билан оғзингизни чайқанг. Шунда қон тўхтайди, - деди Финкел.

У Ванданинг олдида, "Бу қачон кетади" деб кутиб тургандек бир алфозда турар эди.

- Яхши қолинг, - деди Ванда эшик томон кетаётиб.

- Ҳм, хизмат ҳаққини ким тўлайди? - деди Финкел кулиб.

- Ҳа, айтгандай, - деб Ванда қизарди ва феруза узук учун олинган бир сўмни берди.

Кўчага чиқиб у яна илгаригидан-да кўпроқ ҳижолат бўлганини ҳис этди. Бироқ унга энди камбағаллик уят эмас эди. Энди у олифта шляпаси ва калта кўйлаги йўқлигини сезмади. У кўчадан борар, қон тупурар ва ҳар бир қизил туфук унинг бошидан кечирган оғир турмушини, тортган азоб-уқубатларини ва бундан кейин ҳам, эртага, бир ҳафтадан кейин, бир йилдан кейин ҳам, умр бўйи - то ўлгунича бошидан кечиражак аламларини айтиб борар эди.

- Оҳ, бу қандай қўрқинч! - деб шивирлади. - Қандай даҳшат Роббим!

Айтгандай, у эртаси куни Ренесансда рақс тушмоқда эди. Бошида янги каттакон қизил шляпа, эгнида калта кўйлак ва оёғида жигарранг туфли бор эди. Қозондан келган ёш савдогар уни кечки овқат билан меҳмон қилмоқда эди.

А.П.ЧЕХОВ.

Рус тилидан Одил РАҲИМОВ таржимаси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди