№38, 06.09.2012 МУТАХАССИС МУЛОҲАЗАСИ
ЯХШИ ФАРЗАНД - ОИЛА КЎРКИ
Ҳомила вазни 280 кунлик ривожланиш даврида 6 млрд. марта катталашади. Бола туғилгандан 20 ёшгача бўлган давр ичида эса инсон танаси ҳаммаси бўлиб ўртача 20 марта катталашади, холос.
Ушбу маълумотлардан кўриниб турибдики, инсон ҳаётининг бундай катта тезлик билан кечадиган даври оддий ва енгил бўлиши мумкин эмас. Инсоннинг ақлий, жисмоний ривожланиши бутун ҳаёти давомидаги саломатлиги бу даврнинг қандай шароитларда кечиши билан чамбарчас боғлиқ.
Ота-боболаримизнинг тажрибаси бу фикримизни тасдиқлайди: Соҳибқирон Амир Темур сарой маликаларида ҳомила пайдо бўлиши билан улар боғларга, гулзорларга чиқариб юбораркан. Бўлажак она асабийлашмасдан, хотиржам бўлиши, кенг, гўзал манзарали, хушбўй ҳидли жойларда эркин нафас олиши учун шундай қилар экан.
Азалдан ўзбек оилаларида фарзанд дунёга келгач, ота-она уларни одобли, ҳалол, ор-номусли, меҳнатсевар, илм-маърифатли, жамиятда ўз ўрнини топа оладиган инсонлар қилиб тарбиялашга интилганлар. Ўғил бола тарбиясида кўпроқ ҳалоллик, бирсўзлилик, масъулиятлилик, собитқадамлилик, мардлик каби фазилатларини сингдиришга эътибор берилган. Ўғил болада ўз отасига итоат қилиш ҳислати болалигидан шакллантириб борилади.
Қиз болага озодалик, саранжомлик, ширинсўзлик, меҳмон-дўстлик фазилатларини сингдиришга алоҳида эътибор берилган. Қиз бола бу фазилатларни қай даражада ўзлаштира олиши ва борган жойида тиниб-тинчиб кетиши онанинг тарбиясига боғлиқ.
Оилада боланинг ақлий камолотига ҳам илк дамларданоқ аҳамият бериб борилади. Болада атрофдаги воқеа-ҳодисаларга қизиқувчанлик кучли бўлади. Бу даврда оилада боланинг ҳатти-ҳаракатига қараб йўлга солиш қобилиятини ўстиришга алоҳида эътибор бериш керак.
Жисмоний тарбия ҳам болаликдан шакллангани маъқул. Унинг соғлиғи, жисмоний камолоти, тўғри овқатланиши, ухлаш тартиби, шахсий гигиенасига эътибор қаратган ҳолда бола туғилиши билан уни тўғри овқатлантириш, парваришлаш, жисмонан чиниқтиришга эътибор бериш керак, акс ҳолда бола нимжон бўлиб қолади.
Боланинг эстетик тарбиясида ўз ҳиссиёт ва тушунчаларини мустақил ижод қилишга, яъни, расм чизиш, ашула айтиш, рақс тушиш орқали ифодалашга имконият яратиш керак. Кино, театрларга, концертларга, музейларга бориш, радио эшитиш, телевизор кўриш боланинг эстетик таассуротини бойитади ва ундан ўринли фойдаланишга ҳаракат қилади.
Оила вакиллари қанча кўп ва улар қанча тўлиқ бўлса, бундай оилаларда миллий урф-одатлар, ахлоқ меъёрлари бола тарбиясида катта аҳамиятга эга бўлади. Президентимиз айтганидек, ҳар тарафлама соғлом авлодга эга бўлган халқни ҳеч қачон енгиб бўлмайди.
Гавҳарой НУРИДДИНОВА,
Минура БОЗОРОВА,
Мавлуда СОЛИЕВА,
Андижон давлат тиббиёт институти ўқитувчилари.
|