№38, 06.09.2012 ҚАТРА
БЕДАРВОЗА УЙ
- Ҳой кампир, овқатинг тайёрми ўзи? Ана, арзанданг ҳам келяпти.
Ҳамид ота шундай деганича супа четига бориб чўкди.
Салом бериб кириб келган ўғлининг юзларидан ўпар экан, Ҳолида ая ёноқларига сирғалган кўз ёшларини рўмоли учи билан артиб, кулди.
- Келдингми, болам? Бизни жуда соғинтирвординг-ку!
Акбаржон шаҳарда, олийгоҳда ўқийди. Ҳафтанинг ҳар шанбасида у келгач, бу уйда байромона кайфият ҳукм суради. Қўшни болалар чуғурлашиб Акбарнинг бўйнига осилишган, Ҳамид ота эса болажонларга қувонганидан ширинлик улашиш билан овора. Шу тариқа куннинг қандай кеч бўлганини ҳам сезмай қолишади.
Кечки овқат пайтида Акбар одатдагидай аста сўз очди.
- Ота, ҳовлимизга кичикроқ бўлса ҳам дарвоза ўрнатсак бўларкан. Сабаби, яқинда дўст-ларимни уйимизга меҳмонга олиб келмоқчи эдим.
Орага сукунат чўкди. Ҳадича ая "Чакки қилдинг, болам" дегандек бош чайқаб, чойни янгилаш баҳона секингина ўрнидан қўзғалди.
Ҳамид ота аввалига томоғини бир қириб олди-да, кейин аста сўз бошлади:
- Ўғлим, ота-боболаримиз яшаган пайтларда ҳам бу уйнинг дарвозаси бўлмаган. Нима, оғайниларинг янги дарвозамизни томоша қилгани келишарканми? Агар имкониятим бўлганида...
Акбар ноўрин гапидан мулзам бўлиб турганида қўлида чойнак билан "Отангни гапини уқдингми?" дегандек унга тикилиб турган онасига кўзи тушди.
Кунларнинг бирида Акбарнинг дўстлари меҳмонга келишди. Улар янги дарвозадан ҳатлаб ўтишаркан "Ие, зўр-ку", деб қўйишарди. Акбар эса таътилда ишлаб топган пулига шу дарвозани олиб ўрнатганини айтиб, ўртоқларига бир мақтангиси келди-ю, аммо йигитлик ғурури бунга йўл қўймади.
Дурдона МУХТОРОВА,
ЎзЖТУ талабаси.
|