№38, 06.09.2012 КЕЧИНМА
БЕГИМ, ЎРНИНГИЗНИ УНУТМАНГ АСЛО
Бегим! Сўзим аввалида айтганларимни малол олмаслигингизни ўтинаман. Зеро, биз энди бир бутунмиз. Бизни дунёга келтириб, камолимизни орзулаганлар олдида масъулиятимиз беҳисоб. Шунинг баробарида оила аталмиш жажжи мамлакатнинг залворли шаъни иккимизни-да эътиборли бўлишга ундайди. Буни рўзғор деб қўйибдилар, бегим. Яхшисидан ёмони кўп, енгилидан оғири. Биз кираётган қўрғоннинг бир девори САБР, бир девори ҚАНОАТ, яна бир девори БАРДОШдан, яна бир девори БАХТдан иборатдир. Иккимиз ҳам турмушнинг муштига сабр билан елка тутиб, рўзғорнинг машаққатларига бардош бериб, йўқчилигу камчиликларни қаноат совути ҳимоясида енгсак, суюнаверинг, БАХТ девори соясида умргузаронлик қилиш насиб этади. Шу ўринда сизга бир танишимнинг ҳаётини мисол келтирай, токи, бундай гапларни қаердан олганимга ҳайрон бўлиб юрманг.
Бир қўшнимиз қизини ўн олти ёшида узатди. Қўни-қўшни, маҳалладошлар ота-онанинг бу ишига ҳайрон қолишди. Қолаверса, қизнинг уйланиш ёшидаги икки бўйдоқ акаси бор эди. Одамларнинг тагдор саволларига жавобан она қош чимириб:
-Қизим акаларининг уйланишини пойлаб ўтирса, қариб қоларди. Йигирмадан ошган қариқиз кимга керак?!-деди.
Бу гапга кимдир қўшилди, кимдир қўшилмади. Яна биров истеҳзоли кулди, ким эса, "кейинини кўр" дегандек, бошини чайқаб қўйди. Орадан бир ҳафта ўтиб, келинсаломга келган келинчак бир панада онасига кўз ёшини оқизиб, илтижо қилаётганига кўзим тушди. Ўшанда, чамаси 10-11 яшарлик пайтларим эди, она-боланинг пинҳона суҳбатини тасодифан эшитиб қолиб, сабабини унча яхши англаёлмаган бўлсам-да, мурғак кўнглим бузилганди.
-Онажон, илтимос, қудаларингизга айтинг, сизни, уйимизни жудаям соғиндим. Ҳеч бўлмаса бир кечагина сиз билан ёта қолай. У ерда кунларнинг ўтишини, тонг отиши-ю, сизни кўришни қанчалар илҳақ кутишимни билмайсиз...
Мен суҳбат давомига қулоқ осмай, онажонимнинг ҳузурига чопдим.
-Ая, аяжон, ҳу анави ерда Гулсара опам аяларига осилиб йиғлаётган эканлар. Уларга жуда раҳмим келди. Аяларидан бир кечагина уйларида қолишларини сўраб йиғлаяптилар...
Онагинам ўшанда қўлларидаги юмушларини ташлаб, оғир тин олдилар-у, кейин нималарнидир узоқ ўйладилар-да, "Ҳали ҳамма гап олдинда", деб қўйдилар. Дар-ҳақиқат, ҳаммаси олдинда экан. Ўша қиз йигирма икки ёшида оиласи бузилиб, ота уйига қайтиб келди. Икки боланинг кўнгли яримлиги, она меҳрига, эркалашлари, суйишларига зорлиги ҳақида айтмасам ҳам жуда яхши биласиз. Ўша бесабр жувоннинг кейинги аччиқ қисмати, яқинлари ва қавм-қариндошларининг иснодига айлангани тўғрисида сизга гапирмоққа хижолат тортаман. Фақат, демоқчиманки, унинг феълидаги бу ноқисликни тузатмаган, жуфтини қаноатли, тоқатли бўлишга ўргатмаган ўша йигит ҳам оиласининг бузилиб кетиши ва рафиқасининг эгри йўлларга тушиб қолганидан айбдор саналади. Мени афв этгайсиз, эркакнинг бепарволиги аёлнинг бепардалигига сабаб бўлади. Турмушнинг ҳар куни сабоқ, ҳар они имтиҳон. Бу синовлардан аъло ўтиш учун эса биз бир тан-бир жон бўлмоғимиз шарт! Бирида устоз, бирида шогирд бўлиб, бир-биримизнинг камимизни тўлдирмоғимиз лозим, токи бизнинг кемтигимиз ташқаридагиларга аён бўлмасин. Дарвозамиз тир-қишидан бир оғиз нохуш калом кўчага бўйламасин. Бунинг исноди оғир.
Бегим, юқорида эрнинг бепарволиги хотиннинг шўри эканидан гап очдим. Ўрни келганда, кўрган-кузатганларим асносида фикримни исбот этсам. Бир курсдошим турмушга чиқди. Дугонам билан анчайин яқин бўлганимиз боис, турмуш қурмасларидан олдин ҳам куёв болани билардим. Шу сабабдан курсдошимни у йигит билан оила қуриши унчалик кўнглимга ёқмаган эди. Бежизга эмас экан, куёв бола ниҳоятда беғам, бепарво йигит чиқди. Дугонам ярим тунгача ишда қолиб кетса ҳам, у кишининг парвойи фалак. Нима бўлганда ҳам ишлаб, рўзғорга пул олиб келса бўлди, поччамизнинг ҳакалак отган нафсларига тансиқ егуликлар ором беради. Дугонам бояқишнинг қўлида доим рўзғор халтаси. Ҳали ошхонасида бир нима йўқ, ҳали музлаткичида ҳеч вақо қолмаган. Кечки пайт ишдан чиқиб бозорга югуради. Зил-замбил халталарни кўтариб уйига чопади. Чамамда, боқибеғам поччамиз эрлик масъулиятини дастурхоннинг тўрига ўтирволиб, хотин олиб келган неъматларни паққос тушириш-у телевизордан футбол кўриб, дам олиб яшаш деб тушунганлар, шекилли. Энди улардаги бу бепарволик хасталигини даволаш анча мушкул. Бегим, сиздан илтимос, тоифадошингизнинг бу ҳаракатини айб сананг! Бу турфа масъулиятсизликдан ор қилинг!
Унутманг, бегим, рўзғор машаққатлари, турмуш синовлари менинг биргина қобирғангиздан яралган муштипар жисмимга оғирлик қилади. Буни иккимиз бирга тортмоғимиз керак. Ахир кексаларимиз бежизга "Эр-хотин қўш ҳўкиз", дейишмайди. Бу дегани -эр билан хотин ҳамиша, ҳар он, ҳар сонияда бир-бирини қўллаб-қувватлаб бир-бирига ҳамроз, ҳамфикр бўлиши керак, дегани. Бегим, аввал-бошидан сизга айтганларимни яна бир бор таъкидлаб ўтишни жоиз санадим. Қурилажак оиламизни бир қўрғон мисолида оладиган бўлсак, уни мустаҳкам тутиб тургувчи устуни сиз! Яхши биласиз, иморат устуни мўрт бўлса, кўпга бормай, ерпарчин бўлиши аниқ. Бундан Худо асрасин! Сиз шундай СУЯНЧИҚ бўлингки, мен ҳар қандай мушкул вазиятлардан чиқай. Сиз шундай бир парда бўлингки, у мени ҳаммавақт ачиниш ва раҳм, нафрат ва важоҳат назаридан пана қилиб турсин. Сиз қўрғонимизнинг шундай дарвозаси бўлингки, ундан фақат биз ҳақимизда яхши гаплар чиқиб, бахтимиз бутунлигини билдиргувчи дуолар кирсин! Бегим, барпо бўлаётган митти "мамлакат"имизнинг ҳукмдори ўзингиз. Ундаги ўрнингиз, зиммангиздаги масъулиятингизни бир дақиқа бўлсин, асло унутманг! Билинг, инсон қачон мувозанатдан чиқиб, тубанликка юз тутади? Ўрнини унутганида! Масъулиятини англамаганида! Ва бу эътиборсизлиги оқибатида жамиятнинг бир бўғинида кемтиклик пайдо бўлади. Кимнингдир бахти ярим, яна кимдир ота ё она меҳридан мосуво бўлади. Бундай изтиробларга тўла ҳаёт жафосидан Ўзи асрасин! Аллоҳнинг ризолиги, ота-оналаримиз розилиги, фаришталарнинг дуоси остида никоҳимиз ўқилиб, фотиҳамиз Аршда садо берган ондан бошлаб, сиз менга шундай жуфт бўлингки, дунёдаги энг бахтиёр инсонлар рўйхати тузилаётганда биринчи бўлиб, бизнинг номимиз қайд этилсин! Бу, сизнинг менга қилган энг олий, энг бебаҳо туҳфангиз бўлади, бегим...
УМИДА.
|