№39, 14.09.2012 ТАДБИРКОР - ЮРТГА МАДАДКОР
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда халқимиз маънавиятини юксалтириш, урф-одатлар, қадриятларни тиклаш, уларни асраб-авайлаш ва янада ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларида маънавий-маърифий ишларнинг кенг йўлга қўйилиши ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Бизнинг Балиқчи ҚФЙ ҳудудида 10 та маҳалла фаолият кўрсатади. Ҳар бир маҳалланинг ўзига хос жиҳати, ибратли тажрибалари, ўрнак олса арзигулик ишлари кўп. Қишлоғимиз аҳолиси 34500 нафарни ташкил этади. Улар бир-бирлари билан аҳил, меҳр-оқибатли, меҳнаткаш.
Бу вазифага киришган дастлабки кунларимданоқ қишлоқ ободончилиги, хонадонлардаги саришталик, оилалар мустаҳкамлиги, хусусан, ажримларнинг ҳамда шу ҳудуддаги мактаб ўқувчилари ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича белгиланган вазифаларни амалга оширишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Шу ниятда қишлоқ фаоллари яъни, МФЙ раислари: Икромжон Раҳмонова, Одилжон Турғунов, Одилжон Каримов, Адаҳамжон Асқаровлар билан кенгашиб, қилинажак иш режаларини тузиб олдик.
Ҳудудимизда 2 та ҚВП, 10 та умумтаълим мактаби, 10 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та касб-ҳунар коллежи, 12 та маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси, 2 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари борки, улар билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган. Шунингдек, "Учбулоқ" зиёратгоҳи ҳам ҳудудимизда жойлашган. Узоқ-яқиндан келган зиёратчиларнинг бу ердан қадами узилмайди. Тадбиркор ва ҳомийларимиз томонидан шу йилнинг ўзида 3 милярд сўмлик қурилиш ва ободончилик ишлари олиб борилди. Қишлоқдан чиққан 196 нафар тадбиркорларимиз ҳар бир ишда бизга елкадош. Оғиримизни енгил қилиб туришади. Касаначилик билан шуғулланадиган оилаларимиз 73 нафарни ташкил этади. Улар "Устоз-шогирд" йўналишида иш олиб боришади.
Аҳолимиз асосан, деҳқончилик билан шуғулланишади. Қишлоқда бекор юрган одамнинг ўзи йўқ. Ҳамма ўз тирикчилиги билан овора. Ҳалол меҳнат эвазига топган пулига кимдир тўй қилади, яна кимдир иморат тиклайди.
"Марказ" МФЙда эса тадбиркор Абдусалом Қўзибоев катта маблағ ҳисобига қишлоқдошлари учун тўйхона қуриб, ишга туширди. Бу эса аҳоли учун янада қулайлик бўлди.
Ҳа, тадбиркор, фермер бой бўлса, юртимиз обод, дастурхонимиз тўкин, турмушимиз фаровон бўлишига шак-шубҳа йўқ. Чунки элим деб, юртим деб яшаган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди.
Нозимжон ШАРИПОВ,
Балиқчи ҚФЙ раиси.
|