№39, 14.09.2012 ҚИЛМИШ-ҚИДИРМИШ
ФИРИБГАР АЁЛЛАР
Аёл деганда, аввало, мунис оналаримиз, дилбар опа-сингилларимиз кўз олдимизда гавдаланади. Бошқача тасаввур қилолмаймиз. Тўғрида, аёллар меҳр - муҳаббат учун, улуғлаш учун яратилган. Аммо, аёл жиноятчи деса-чи, буни сингдириш осон эмас.
- Алло, Маҳлиё, (мақоламиз қаҳрамонларининг исм-шарифи ўзгартирилди) яхшимисиз, эртага "Жаҳон бозори"да учрашсак, нима дейсиз?
- Тинчликми, опа, - тунда бўлган қўнғироқдан бироз саросимага тушган Маҳлиёнинг гўшакнинг нариги томонидан ташвишли овози эшитилди.
- Борганда гаплашамиз, бир иш бор, - дея гапни қисқа қилди Холида.
Андижон шаҳрининг "Жаҳон бозори"да одам гавжум. Кимдир харид, яна биров молини сотиш учун ўзини у ёқдан бу ёққа уради. Бу жойга Холида Маҳлиёнинг амакиваччаси Фаридани ҳам чақирган. Бу уччала аёлнинг мақсадлари эса тамоман бошқача эди.
- Хуллас гап бундай,- дея гап бошлади Холида, манави зиракларни сотишимиз керак. Агар савдо мен ўйлагандек бўлса, сизларга 20-30 мингдан пул нақд. Мабодо ишим юришмаса ҳам ўтган вақтингизга ачинмайсиз, иккалангизга ҳам 10-20 минг сўмдан бераман. Бир каму кўстингизга сарфларсиз.
Пул деганда имонини ҳам сотишдан қайтмайдиган Маҳлиё ва Ферузага бу гаплар мойдек ёқиб тушгани аниқ. Бўлмаса, арзимаган пул учун оддий зиракни тилло буюмга алиштиришдек кабиҳ ишга шерик бўлишармиди? Уларнинг нафси ҳакалак отиб, текин луқма илинжида куйиб ёна бошладилар. Энди уларга "ўлжа" керак эди. Шу мақсадда атрофга олазарак боққан аёлларнинг нигоҳи шундоқ ёнларидан ўтиб кетаётган Тоҳирада тўхтади. Ундан тилла буюмлар бозори қаердалигини сўрадилар. Тоҳирахон ўзини содда-гўлликка солиб турган бу шайтонга шерик аёлларнинг ғараз мақсадларини хаёлига ҳам келтирмасдан астойдил тушунтира кетди.
Пайтдан фойдаланиб, Холида гап бошлади:
- Синглимни Андижон шаҳрига турмушга бергандик, эри урган экан, боши ёрилибди, ўзи ҳомиладор. Хонободдан келдим. Синглимнинг аҳволи ёмон, уйга олиб кетиш учун йўл кирага пулимиз йўқ. Шунга манави тилла зирагимни сотишим керак.
Ҳа, керак бўлса макр бобида шайтонга ҳам дарс берадиган Холида бечораҳол опа образини қойиллатиб уддалади. Тоҳирахон эса унинг гапларига чиппа-чин ишонди. Аёл эмасми, чорасиз қолган "опа"га чин дилдан ёрдам бергиси келди.
Суҳбатга Маҳлиё қўшилиб, унинг ҳам тилла зираги борлиги, фақат Тошкентда ишлаб чиқарилгани, агар рози бўлса, устига ўн минг сўм бериб алиштириши мумкинлигини билдирди. Рози бўлса уйидан олиб беришлигини айтди.
- Беш минг берсангиз ҳам розиман, - деди ўзини ҳокисор кўрсатиб Холида. - Лекин уйингизга боролмаймиз, куёвимиз бизни излаб юрибди, топиб олса синг-лимга қўшиб бизни ҳам соғ қўймайди.
- Э, Боғишамолда, синглимда бувимдан қолган тилла зирак бор. Рози бўлсангиз мен сизга алиштириб берардим,- дея "савдо"ни қизитди Фарида.
Холида эса бу таклифга ҳам кўнмади. Пули йўқлигини айтиб зорланаверди. Шунда Фарида ёнидан икки минг сўм пул чиқариб, Холидага бераркан, Тоҳирани ҳам савоб учун шу аёлга минг сўм бериб қўйишини уқтира кетди. Кўз олдида бўлиб турган бу ғаройиб ҳодисадан шундоқ ҳам юрак-бағри эзилиб турган Тоҳира ёнидан минг сўм чиқариб Холидага узатди. Бир тарафдан ночор ҳолатдаги аёлга ачиниш, иккинчи томондан яхшигина тилла буюмнинг арзон-гаров баҳоси Тоҳиранинг қалбини бир жизиллатиб ўтди. Қулоғидаги соф тилладан ясалган зирагига аста қўл теккизди. Энди у ҳам Холида билан келишиш пайига тушганди.
- Мен Тошкент ёки Ленинградда ишланган тилланинг фар-қига бормайман. Бу зирак қанақа экан?- арзон зиракдан қуруқ қолмаслик учун дилидаги қандай қилиб тилига чиқиб кетганини Тоҳира сезмади ҳатто.
Худди шу вазиятни кутиб турган ҳалиги аёллар бири қўйиб, иккинчиси зиракни мақтай кетишди. Холида билан зирагини алиштирса ҳечам ютқизмаслигини бот-бот қулоғига қуйишди. Зираклар алмаштирилди, ўртадаги ўн минг сўм фарқи тўланди.
Маҳлиё чаққонлик билан Тоҳиранинг қулоғидаги зиракни ечиб, ўрнига Холидадан олинганини тақиб қўйди. Янги зиракни тақиб, хурсанд бўлган Тоҳира қараса Холида билан Фарида бир зумда кўздан ғойиб бўлибди. Қалбида энди бўй кўрсатган севинч ўз ўрнини шубҳага бўшатиб берди. Аллақандай кўнгилсизликни сезиб, Маҳлиёдан ҳалиги икки аёлни сўради. Маҳлиё эса елка қисганича, уни идиш бозори томон етаклади. Бозорда одам гавжум эмасми, Тоҳиранинг кўзини шамғалат қилиб, Маҳлиё ҳам жуфтакни ростлашга тушди. Шундагина алданганини сезган Тоҳира бор овозда бақирди. Яхшиям ҳушёр одамлар бор. Улар Маҳлиёга қочиб кетиш учун имкон бермадилар. Ички ишлар ходимларига хабар берилди. Тергов жараёнида Маҳлиёнинг ҳамтовоқлари аниқланди, сохта зирак сотувчи фирибгарлар жиноятига яраша жазоландилар.
Муқаддам ҳам жиноий жавобгарликка тортилган ва 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари билан "сийланган" Маҳлиё Нодирова жазони ўташ давомида ўзига тегишли хулоса чиқариб олмаганлиги иккинчи қилмиши туфайли аён бўлиб қолди. Тўрт фарзанднинг онаси, туппа-тузук оила бекаси Фарида Ўктамова эса билиб-билмай содир этган жинояти ва ўз қилмиши билан фарзандлари ва эл-юрт олдида юзи қаро бўлди. Ўйлаймизки, бу сафарги жазо уларнинг кўзини каттароқ очиб қўяди. Чунки ҳеч бир жиноят жазосиз қолмаслиги муқаррар.
Фирибгарликни ўзларига касб қилиб олган бу аёллар суд қарори билан тегишли жазога тортилди. Шу ўринда, азиз опа-сингилларимизни ҳушёрликка чақирамиз. Ҳушёр бўлинг, юқоридаги каби товламачиларга алданиб қолманг.
Раҳматулло РАҲИМОВ,
Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг раиси.
Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА.
|