Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№39, 14.09.2012

ҲАЁТ ҲИКМАТЛАРИ

ЖИГАРБАНДЛИК

Маълумки, ўғил бола кўчада катта бўлади. Учта-тўртта ёки ундан ортиқ ўғилни кўчага чиқариш учун ота қодир феълли бўлиши керак. Отанинг оталик салобати бўлмас экан, бу ёғи чатоқ...

Отангиз бўштабиат бўлди дейлик, онангиз ундан ройиш. Хўш, энди беш ўғил беш томонга йўрғалайверсинми? Ота-онадан кейин-чи? Ҳамма ўзига хўжайинми?

Бундай ҳолатда хоҳлайдими- хоҳламайдими, бошқарувчилик катта ўғилда бўлади. Агар у ҳам аросат феълли бўлса, фарзандлар ичидан эслик, шудлик ва ориятлик биттаси ўртага чиқиши ва умрбод шу оиланинг маънавий бутунлиги учун жавобгарликни бўйнига олиши лозим. Фарзанди солиҳлик - шу.

Бошқарувчи фарзандга умр бўйи қийин бўлади. У бошқалардан хато қилмаслиги, назари тўқлиги, холислиги, жигарларига меҳрибонлиги билан ажралиб туриши керак. Унинг фидойилиги эса ҳеч қачон қайтимсиз қолмайди. Аллоҳ унга у кутмаган томонлардан мурувват етказади. Энг буюги шуки, ўзининг фарзандлари бир-бирига куюмли бўлади.

Тамизли жигар холис туриб ака-укалар ўртасидаги оқибатни асрайди, орадаги гина-қудратнинг олдини олади.

Ота-онадан кейин тўзиб кетиш ўзингиздан кейинги авлод занжирини узиш демакдир. Укамнинг болалари билан менинг болаларимнинг иноқ бўлишини истасам, ўзим укамга узлуксиз меҳрибончиликлар қилишим ва буни унинг ҳам, менинг ҳам болаларим кўриб туриши керак. Ўзимиздан кейингиларни ҳам кўзимиз тириклигида боғлаб қўймас эканмиз, зотсиз кимсага айланиб қолиш ҳеч гап эмас.

Йигитларжон, эсингизда бўлсин, эр йигит бўла туриб, ҳеч қачон ҳеч қаерда ўз жигарингиздан шикоят қилманг, гина қилманг. Акангиз ё укангизда гина қиладиган ишнинг содир бўлганини ўзи сизнинг гуноҳингиздир.

Шуни ёдда тутинг, ота-она ўз жону жаҳонини ҳамма боласига баробар бўлиб беради. Қай биримизга тикон кирмасин, барчамизнинг жонимиз бир хилда оғрийди. Ота-онамизга чиндан ҳам меҳрибон бўлсак, аввало, улардан тарқалган жигарларимизни авайламоқ керакдир. Ўз манфаати атрофида овора бўлмоқ жониворлар ишидир. Фақат қодир инсонгина бошқаларга ортинади. Дейлик, жигарим, яъни, сиз туриб сиздан эмас, етти ёт бегоналардан меҳр-саҳоват кўрсам, бу - сиз учун уятли гуноҳ, мен учун бир умр армон эмасми?

Сингилга берилган озор онага берилган озор билан, ака-укага ўтказилган ранж отага қилинган бевафолик билан тенгдир. Биз ҳеч қачон ака-укаларимизнинг қошимизга мустар бўлиб келишини кутмайлик. Улардан аввалроқ огоҳ бўлиб, зийраклик кўрсатайлик.

Яна айтай, сизнинг уйланишингиз оға-инилар орасига ҳам нозиклик солади. Ҳар бир ҳаракат ўлчамли бўлгани яхши. Асло аёлингиз олдида опа-ука, ака-сингилларга қаттиқ тегманг, мулзам бўлмасинлар. Келиннинг олдида уларнинг беобрў бўлиши кейинчалик кўнгил совушига олиб келади.

Нима яхшилик кўрсатган ё кўрсатаётган бўлсак, бир жондан бунёд бўлган жигаримиз учундир. Бу ҳимматни уларга писанда қилмоқ, юзига солмоқ гуноҳи азимдир. Жигаримиз ҳатто ноқобил чиққан тақдирда ҳам, унинг ноқобиллигидан койинайлик, хафа бўлайлик, лекин "фалон вақтдаги фалон яхшилигимни билмадинг" демайлик, ҳаргиз демайлик. Алқисса, қилган ҳамма савобимизни ўзимиз ювиб юборамиз.

Ўғлоним, сиз оилали, катта одам бўлиб қолдингиз. Энди укаларнинг ҳамма муаммолари сизга ҳам масъулият юклайди. Уларга асқотишдан ташқари, оға-инилар орасидаги муносабатни назорат қилиб турасиз. Керак бўлса, улар ўртасида кўприк бўлишга ҳам яраш керак.

Бу заҳматлар ҳеч қачон ҳавога учмаган. Сиз оға-инингизга нима қилган бўлсангиз, фарзандларингиз ҳам бир-бирларини ҳудди шундай қадрлайдилар.

Бу - қайтимли дунёдир!

Турсуной СОДИҚОВА


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди