Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№39, 14.09.2012

ЯНГИ КИТОБ

"ОЛИСЛАРДАН ТАРАЛАР ҚЎШИҚ"

Мунаввара Тиллабоева Андижоннинг кўзга кўринган, заҳматкаш шоираларидан бири. Унинг латиф ғазаллари, болаларбоп шеърлари аллақачон ўз мухлисини топиб улгурган. Шоиранинг бугунги кунгача ўндан ортиқ турли-туман мавзуларидаги китоблари нашр этилди.

Яқинда М.Тиллабоеванинг навбатдаги "Олислардан таралар қўшиқ" номли китоби "Андижон нашриёт-матбаа" МЧЖ томонидан чоп этилди. Мазкур китоб уч қисмдан иборат бўлиб, улар "Болалик тонги", "Ой тўлган кечада", "Муҳаббат ва вафо куйчиси" деб номланган.

Ушбу китобда шоиранинг публицистик чиқишлари, мақолалари жамланган. Унда турли мавзулар ва турли даврлардаги воқеа-ҳодисалар баён этилган. "Болалик - беғуборлик", "Аёл олами", "Отам ва онам суратига чизгилар", "Устозлар ёди", "Баҳорги ошиқ кўнгил" сингари публицистик асарлари ўзига хослиги, теран мазмуни билан, шубҳасиз, китобхонга манзур бўлади.

Қуйида китобдан ўрин олган мақолалардан бирини ҳукмингизга ҳавола этамиз.

СЕВГИ ИЗТИРОБИ

Севги, севги, севги... Мунчалар нозик туйғусан, сенга қай куни ошно бўлдим экан. Ўша кун Аллоҳ ярлақаган кунмиди. Чунки менинг қалбимга сен ташриф буюрдинг. Сенга ошно бўлибгина қолмасдан, юрагимнинг энг нозик торларига бир умрга муҳрландинг.

Севги деган садодан инсонийлик ва эзгулик тушунчалари жаранглаб туради. У шундай пок туйғуки, қалбинг ришталарини нурга йўғрилтиради. Бу нур сен босиб ўтадиган йўлларни ёритиб тургусидир. Олислардан маёқ каби порлаб, буюк ишлар сари чорлайверади.

Қушларнинг чақчақларидан борлиғим яйрамоқда. Улар сен бўлиб куйламоқдалар.

Она табиат булбул учун гулга ошиқлик ҳиссини берган экан. Атиргул ғунчасида не сир-синоат ётган бўлса, сенинг қалбингда беқиёс мен билиб етмайдиган туйғулар бўлса керак. Наҳот, шу туйғуларни юзага чиқариш мушкул эрур.

Азизам...

Севгилим - баҳорда илк кўз очган бойчечакдай қалбимда кўз очдинг. Қалбим кўзгусини ойнадай мунаввар этдинг. Шу кундан ҳаётим зарварақларида хушнуд дамлар бошланди. Сенинг борлигингга беадад шукроналар бўлсин. Сен билан ҳаётим мазмунли ва сержилвадир.

Сени ишқ маъбудасига ўхшатгим келди. Сабабини излай-излай топмадим. Бу сўз авваллари ҳам жуда кўп ошиқлар тилида такрорланган, ўша сўзга, ўша таҳсинга лойиқ бўлган кишиларга ҳавасим келади. Боиси, улар маънан бой, руҳан пок инсонлардир. Бировнинг муҳаббатини қозониш осон эмас. Ҳамиша мусаффолигича қолаверади, шундай эмасми, азизам...

Ошиқлик дарди дунёдаги энг бебаҳо неъмат экан. Бу дард қалбимга шундай кириб келдики, баҳорда эркаланиб, нозланиб юз очадиган ўрик гуллари-ю, олма гуллари ифорини, шафтоли гулининг нафислигини бахш этди. Мен бундан миннатдорман. Зеро, ҳаётда шу гулларнинг муаттар ҳидини сезмайдиган, уни ҳис қилмайдиган инсонлар ҳам борку. Аллоҳ улардан батамом бошқача қилиб яратганидан юрагим энтикади.

Гўзал баҳор боғларида дилбарим қолди,

Ёшлигимнинг ғўр тунида кўздан йўқолди,

Вужудимга дард-аламни у бисёр солди,

Гўзал ёрим қайтармисан, мен билмай қолдим.

Алам билан, армон билан куйлайман энди,

Кўзларимга марвариддай ёшларим инди.

Севгим бирла армон ила аламлар ёнди,

Гўзал ёрим қайтармисан, мен билмай қолдим.

Шууримда пок бир туйғу севги ҳукмрон,

У чорласа нурга тўлар гўё бу жаҳон,

Қийналганин сезмай қолди бу ошуфта жон,

Гўзал ёрим қайтармисан, мен билмай қолдим.

Қалбда оққан қўшиқларим сенга ҳавола,

Тонгда эсган шаббодада борган ҳар нола,

Томчи бўлиб юзин ўпган у гўзал лола,

Ўшал менман қайтармисан, мен билмай қолдим.

Гўзал баҳор боғларида дилбарим қолди,

Ёшлигимнинг ғўр тунида кўздан йўқолди,

Вужудимга дард-аламни у бисёр солди,

Гўзал ёрим қайтармисан, мен билмай қолдим!

Бу безовта жонимни қайларга сиғдирай. Нечун қийнайсан? Борлиқ олам торлик қилади. Бу қийноқ, бу армонлар энди менинг қўшиқларимда акс этади. Ҳофиз йигит куйлаганда, бир хўрсиниб қўйсанг, шунинг ўзи етарли.

Сен билан биз бирга бўлсак, тоғлардан акс садо келар, дарё тўлқинлари қирғоқларга урилиб, боғлардан ширингина сабо елиб, гулларнинг рақсидан вужудимиз енгил тортмасмиди?

Сен ана шуни истамадинг, севгилим!

Кечир мени!..

Мунаввара ТИЛЛАБОЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди