№39, 14.09.2012 ҚАТРА
Куз ёмғири
Куз ажойиб фасл. Унинг бош сарпоси ёмғир. Кузнинг энг гўзал кунлари емғир ёғади, тинмай ёғади…
Ўша куни беғубор осмон ҳам тумтайиб олади. Қоп-қора, паға-паға булутлар билан қопланади. Кечириб бўлмас алами бордек она заминга қаҳр-ғазаб билан боқади. Шу дамда бутун борлиқ чуқур ўйга толади. Сайроқи қушлар овози ҳам негадир эшитилмайди. Дарахтларнинг сарғайган япроқлари ҳам енгил эсган совуқ шамолда титраб-титраб тебранади.
Майин ёмғир томчилари эса тезлашгандан -тезлашади. Ўз кучини она ерга кўрсатмоқчи бўлишади.Томлардан ёмғир сувлари шовуллаб тушади. Ҳатто, уй деразаларига ҳам зарб билан урилади, томчилар. Ниҳоят, кучсизлигини англашади чоғи, ойнада турли шакллар ясаб ортга қайтишади. Сувга айланишади.
Айниқса, болалар куз ёмғирини ҳаммадан ҳам яхши кўришади. Юз-кўзлари, сочлари шалоббо-ҳўл бўлса ҳам писанд қилишмайди. Бир-бирини қувалаб-қувалаб, чопқилаб-чопқилаб ўйнашади. Ёмғирдан завқланишади.
Кўчаларда одамлар негадир кам кўринишади. Ёмғирни уй деразаларидан кузатишади. Хаёл суриб қарашади.Фақат севишганларгина хеч нарсага парво қилишмайди. Қўлтиқлашиб олишади-да, соябон остида оҳиста қадам ташлашади. Ёмғир уларни янада яқинлаштиради. Бир-бирисиз яшай олмасликларига гувоҳлик беради.
Кексаларнинг қувончи оламни тутади.
- Ёмғир ёғса - барака ёғилади. Ризқ-рўзимиз - дон мўл бўлади, - дея шодланишади. Шукроналар айтишади, қўлларини дуога очишади…
Куз ёмғири эса тинмай ёғади, шитоб билан ёғади, ёғаверади…
Абдураҳим БОЗОРБОЕВ,
Марҳамат тумани.
|