Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№39, 14.09.2012

ҲИКОЯ

ТЎЙ БЎЛМАДИ

Қутбинса хола ўғли Исмоилдан буни кутмаганди. Чунки у отадан ёш қолган ўғлининг етимлигини билдирмаслик учун тунни кунга улаб ишлади. Тенгдошлари каби ўйнаб-кулиш ўрнига ўғлининг йиртиқ ямоғини бутлади. Кийимларини оқ ювиб, оқ таради. Ўзи емасдан ўғлига едирди. Бироқ "Аяган кўзга чўп тушар", деганларидек Исмоил эркатой, ўжар ва мижғов бўлиб ўсди. Энг ёмони, улғайгач, тарбияси оғир болаларга қўшилиб, дастлаб пинҳона, кейинчалик эса ошкора ичадиган, чекадиган бўлди. Натижада Исмоилжон эмас, "Исмоил пиён" деган ном олди.

Буниси ҳали ҳолва. Ҳамма кўргилик Қутбинса холага бўлди. Чунки қўни-қўшнилар ўғил уйлаб, қиз чиқариб неварали бўлишди ҳамки, у ёлғиз ўғлини уйлантиролмай ҳалак. Боиси Исмоил пиённи таниган етти маҳалланинг ҳаммаси унга қиз беришга ор қилади. Онасининг кўз ёшлари, қўшниларнинг, маҳалла оқсоқолларининг аралашуви туфайли Исмоил пиённи даволанишга юборишди. Кўз очиб, юмгунча орадан бир йил ўтди. Исмоил даволаниб қайтди. У ўзини бир оз ўнглаб олганди. Ичкилик туфайли ташлаб юборган ишини яна бошлади. Кўпчилик, жамоа уни ўртага олиб тарбиялайдиган бўлишди. Исмоил ҳам бу панду насиҳатларга ён бергандай бўлди.

Исмоилни кўрганлар уни 25 ёшда деб ўйламасди. Сарғайган юзи, бир оз эгилиб қолган гавдаси уни ёшига нисбатан каттароқ кўрсатарди. Буни кўриб она бечора ич-ичидан эзиларди. Бироқ ўғлининг ишга кўника бошлаганидан севинган она уни уйлантириш пайига тушди. Узоқ қариндошларнинг тавсияси билан бир танишининг қизини келинликка мўлжаллади. Маҳалланинг ҳурматли кишиларини совчиликка юборди. Лекин қуда томон гапни мужмал қилди: "Ёшлар бир-бирини кўришсин, гаплашишсин. Тўй бўлса, қочмас", дейишди.

Қутбинса хола ўғлини зор-зор йиғлаб, ялиниб-ёлвориб инсофга чақирди.

- Энди, ўғлим, сенга қиз топгандик. Ёшинг ҳам бир жойга бориб қолди. Ўзингни қўлга ол. Қуда томон "Қиз билан йигит кўришишсин" деяпти. Ахир, мен ҳам маҳалла-кўйда бундоқ бош кўтариб юрай дейман-да.

Таниш-билишларнинг ёрдами билан Исмоил қиз билан учрашди. Қиз попукдеккина экан. Исмоилнинг кўнгли "жиз" этиб кетди. Негадир шу пайтгача бу қизни учратмаганига ачинди ҳам. Биринчи учрашувда ҳар иккиси ҳам юрагидаги гапларни айтолмади. Улар бошқа куни учрашадиган бўлишди.

Исмоил ширин хаёллар билан оғзи қулоғида қайтди. Шундан кейин бир-икки кун ичкиликнинг ёнига йўламай юрди. Аммо охурини соғиниб қолган эмасми, ишдан келаётиб йўлини кафега солди. Роса кайф бўлиб, онаси оғиз солаётган қиз ишлаётган фабрикага боришни режалаштирди. Иттифоқо ўша қиз билан фабрика дарвозаси олдида учрашиб қолди. Бир оз ҳушига келгандай бўлди.

- Салом, - деди базўр.

- Салом, келинг, - деди қиз унга яқинлашаркан, "Афтидан дадиллик учун бироз ичиб олган шекилли", деб ўйлади қиз. Сўнг бошқаларнинг кўзига ташланмаслик учун Исмоилни камқатнов кўча томон бошлади. Йўл-йўлакай Исмоилнинг гапларини эшитиб, қиз бояқишнинг оғзи очилиб қолди.

- Бил... билласизми, мен устахонанинг катта устаси бўламан... Устахон, бошлиғи мен учун бир пул... Хоҳласам... ҳиқ... унинг ўрнига бир кунда ўтириб, ҳамма ишчиларни ишдан бўшатиб... юбораман... ҳиқ...

- Исмоил ака, бунақа гапларни қўйинг. Келинг, яхшиси, бошқа куни кўришиб, гаплашамиз.

Қиз шундай деб нарига кетмоқчи эди, Исмоил унинг қўлидан ушлаб қолмоқчи эди, қиз бир қалқиб кетди-ю:

- Қўйиб юборинг, - деди ғазаб билан.

Бироқ Исмоил қизнинг илтижоларини эшитадиган аҳволда эмасди. Чунки маст одам фақат ўзининг гапини маъқуллайди, мақтанади. Ҳозир Исмоил ҳам шу ҳолатда эди. Шу пайт кўчадан ўтиб қолган милиционер қизнинг жонига оро кирди.

- Ҳа, нима бўляпти? Бу безори сизга хиралик қиляптими?

- Ҳа! - деди қиз ҳам тезроқ ундан қутулиш ниятида.

Исмоил икки ёнида қўлидан етаклаб кетаётган милиционерларга ҳам алланарсаларни ғўлдирай-ғўлдирай қиздан йироқлашди.

Исмоил қизнинг назарида қўғирчоққа айланиб қолганди. Тўй эса тўхтатилди...

Ҳабиба АБДУРАЗЗОҚОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди