№40, 21.09.2012 "ВАТАН РАВНАҚИ ЙЎЛИДА БИРЛАШАЙЛИК"
Андижон давлат университетида "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят бўлими ташаббуси билан "Ватан равнақи йўлида бирлашайлик" шиори остида семинар бўлиб ўтди. Мазкур семинарда ҳаракатнинг 70 дан зиёд корхона, ташкилот ва муассасалардаги бошланғич ташкилотлари етакчилари иштирок этди.
Уч кун давом этган анжуманда турли мавзуларда интерфаол усулларда маъруза ва суҳбатлар ташкил этилди. Семинар қатнашчилари иш фаолиятларини такомиллаштириш, бошланғич ташкилотлар етакчиларининг вазифалари, ҳуқуқ ва бурчлари бўйича билимларини оширдилар. Шунингдек, "Ҳаракатнинг бошланғич ташкилотлар тўғрисида"ги низом лойиҳасини муҳокама қилиб, ўзларининг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Семинар доирасида "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг энг намунали бошланғич ташкилоти" кўрик-танлови ҳам бўлиб ўтди. Танловда иштирок этган бошланғич ташкилотлар етакчиларининг фаолиятлари акс этган слайдлар, кўргазмалар намойиш этилди. Якунда фаолияти юқори баҳоланган бошлан-ғич ташкилотлар етакчилари фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Мазкур анжуман етакчи ёшлар фаолиятини такомиллаштиришга, илғор иш услубларини ўрганишга, билим, тажриба ва малакаларини бойитишга хизмат қилди.
Ф. ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|