№40, 21.09.2012 ЮРТ ОБОДЛИГИ ФИДОЙИЛАРИ
Ободлик кўнгилдан бошланади, дейдилар. Дарқақиқат, кўнгил тоза, беғубор бўлса, у мудом озодалик, саранжомлик, тозалик ва кўркамликни истайди. Кўча ва боғлар, хиёбонлар, маданий-маиший бинолар, мактаб ва боғчалар, шифохоналар атрофлари, умуман, барча жамоатчилик масканларининг ободончилиги, кўркам бўлиб, гулзорларга айланиб бориши кимни қувонтирмайди, дейсиз?
Айниқса, кейинги йилларда вилоятимизда олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар жараёни кишиларимиз турмуш тарзини тубдан ўзгартириб юборди. Қурилиш, ободонлаштириш ишлари юртимиз кўркини янада оширди. Хусусан, аҳоли яшаш масканларида қад ростлаётган муҳташам бинолар, маданий-маиший иншоотлар гўзал Андижонимиз чиройига-чирой қўш-моқда.
Айтиш жоизки, бу каби юксак дид ва маҳорат асосида олиб борилаётган ишлар нафақат шаҳарларда, балки вилоятимиз туманлари, унинг чекка ҳудудларида ҳам қизғин тус олган. Жумладан, Марҳамат туманида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш борасидаги ишлар ҳар қанча таҳсинга сазовордир. Боиси, эндиликда туманнинг олдинги қиёфаси йўқ. Туман марказида катта ҳажмда қурилиш ишлари бажарилди, кўчалар кенгайтирилди, асфальтланди, сув ва газ қувурлари қайтадан таъмирланди. Муҳими, барча маҳалла гузарларида, аҳоли истиқомат жойларида ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бунга биргина кишиларимиздаги ҳаётга интилиш, янгилик, замонавийликка мослашиш иштиёқи сабабдир. Қолаверса, ҳар бир ишнинг мутахассиси, фидо-йиси бўлгани каби, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг ҳам фидойилари бордир. Ана шулар борлиги учун ҳам бугунги турмуш тарзимиз, ҳаётимиз тубдан яхшиланиб, гўзаллашиб бораётир. Ахир, эрта тонгдан кўчаларнинг супириб тозаланишида, маиший чиқиндиларнинг йиғиштириб олинишида ана шу фидойи меҳнаткашларнинг хизматлари беқиёс. Бу манзарадан ҳамманинг кўнгли яшнайди, кўзлари қувнайди. Демак, барча меҳнатлар орасида энг ҳалол ва энг зарури - бу фаррошлар меҳнатидир!
Лекин ҳар бир ишнинг ҳам ўзига яраша масъулияти бўлади. Бир жамоани етаклаш, ходимлар билан яхши муносабат ўрнатиб ишлаш осон эмас. Бунга бир жиҳатдан хушмуомала, серҳаракат, шунингдек, жамоа ҳурматини оширишга интилувчан раҳбар керак. Раҳбарлик салоҳияти кўп нарсага қодирдир.
Шу маънода, туман ҳокимлигининг ободонлаштириш бошқармасида бугун билимдон, салоҳиятли раҳбар фаолият кўрсатаётганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Негаки, Абдушукур Хожиқуловнинг бошлиқ сифатидаги қарашлари халқ манфаати ва эл-юрт фаровонлигига йўғрилган. Бунинг ёрқин мисолини туманда олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари мисолида кўриш мумкин.
Жорий йилнинг ўтган ойлари давомида бошқарма томонидан 1200 тоннадан зиёд маиший чиқиндилар махсус ахлатхоналарга ташиб чиқиб кетилди. Бу ишлар учун олти миллион саккиз юз минг сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Шу билан биргаликда, бош-қарма тасарруфидаги ички йўлларни таъмирлаш ишлари ҳам режадагидан орттириб уддаланди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 9 апрелдаги "2012 йилда умумфойдаланув аҳамиятидаги автомобиль йўл-ларини ва хўжаликлараро автомобиль йўлларини таъмирлаш дастури тўғрисида"ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур қарор ижросини таъминлаш бошқарма ходимлари зиммасига алоҳида масъулият юклагани боис, режада шу кунга қадар 6,92 километр масофадаги ички йўлларни таъмирлаш белгиланган бўлиб, амалда бу кўрсаткич 12 километрга бажарилди. Ёки режа 118,9 фоизга адо этилди.
Булардан ташқари, бошқарма томонидан қабристонларни тозалаш, ободонлаштириш борасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилди. Рўйхатга олинган 83 та қабристоннинг аксарияти назоратчилар билан таъминланди.
Бугунги кунда туманда амалга оширилаётган ободончилик ишларининг кўлами салмоқли. Айниқса, жамоада меҳнат қилаётган опа-сингилларимиз олиб бораётган ишлардан барча мамнун. Йил давомида кўча ва хиёбонларга экилган гул ва манзарали дарахт кўчатлари эса жамоада фаолият кўрсатаётган 150 нафар ободонлаштириш фидо-йиларининг самарали меҳнатларидан дарак беради.
|