№40, 21.09.2012 "ОҚ ОЛТИН - 2012"
ОТРЯДИМИЗ ТУМАНДА ПЕШҚАДАМ
Бобур массиви тумандаги йирик ҳудудлардан ҳисобланади. Массивга қарашли учта фермер хўжалиги 52-отряд таркибига киритилган. Булар "Фозилжон", "Кўтарма баҳори" ва "Кўтарма-Гули-Ҳосили" фермер хўжаликларидир. Ҳар уччала фермер хўжалигининг пахта майдонлари қарийб 60 гектарни ташкил қилади. Шунча ер майдонида етилган пахта ҳосилини йиғиштириб олиш учун, албатта, катта куч керак. Бунга хўжалик ишчилари, теримчиларининг кучи етмайди. Шуни инобатга олиб, бир неча йиллардан буён бошқармамиз ишчи-ходимларидан иборат ҳашарчилар гуруҳини отрядимизга бириктирганмиз. Уларнинг беминнат ёрдамлари билан мана шу далаларда етилган пахталар уюшқоқлик асосида йиғиб-териб олинади.
Бу йил ҳам худди шу тартибни қўлладик. Бошқармамиз ходимлари билан биргаликда фермер хўжаликларининг аъзолари, уй бекалари ҳамда коллежларнинг ўқитувчи ва техник ходимларидан иборат ҳашарчилар теримга сафарбар қилинди. Жами бўлиб теримда 150 нафар киши қатнашяпти.
Айтиш жоизки, яхши шароит, қулай имкониятлар ҳамда моддий рағбат бўлса, теримчиларга куч-ғайрат келавераркан. "Фозилжон" фермер хўжалигининг 17,9 гектар майдондаги пахта ҳосиллари беш иш кунида териб олинди. Биринчи терим билан хўжаликнинг шартномавий режаси 120 фоизга уддаланди. Ёки давлатга режадаги 58 тонна ўрнига, 64 тонна олий навли пахта сотилди. Бу эса ҳар бир гектар ердан 36 центнердан ҳосил олинди, демакдир.
Куни-кеча отрядимиз аъзолари билан "Кўтарма баҳори" фермер хўжалиги пахталарини теришга киришдик. Жами 21,1 гектар майдондаги "Андижон-36" навли пахталар бир текис очилган. Ғўзалар яхши парвариш қилинганлиги боис, ҳосил ҳам мўл ва сифатли. Энди фермер хўжалиги ишчилари томонидан етиштирилган мўл ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш теримчилар ҳимматига боғлиқдир. Шуни назарда тутиб, отрядда тегишли тартиб ва интизом ўрнатганмиз. Теримни сифатли ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки ишда сифат ва тартиб бўлса, ҳосилга барака киради.
Хуллас, отрядимиз аъзоларининг шашти баланд. Улар қисқа кунларда қолган майдонлардаги пахталарни ҳам териб олиб, хирмонимиз юксалишига салмоқли ҳисса қўшадилар. Теримчилар терган пахталари учун тўлов ҳар беш кунда амалга ошириб келинмоқда. Бир килограмм пахта учун 150 сўмдан нақд пул дала майдонининг ўзида санаб берилмоқда. Бу албатта, теримчиларга ғайрат бермоқда.
Далаларда ҳали ҳосил мўл. Унинг бир мисқолигача йиғиштириб олиш бурчимиздир. Шунинг учун мавсум давомида теримчиларга яхши шарт-шароитлар яратиб берилади. Терим суръати ва уюшқоқликни асло бўшаштирмаймиз.
Абдушукур ХОЖИҚУЛОВ,
52-отряд раҳбари, туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи.
|