№42, 04.10.2012 МУТАХАССИС МИНБАРИ
ЎЗБЕКИСТОНДА МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚИ
Муаллифлик ҳуқуқига оид қонунчилик асосларининг яратилиши давлатимизнинг шу соҳа халқаро ташкилотлари ва конвенциялари (кўп томонлама шартномалар)га аъзо бўлиб киришига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.
Шу туфайли эндиликда муаллифлар ҳуқуқлари халқаро ҳуқуқ нормалари доирасида ҳимоя қилиниши таъминланди. Шунингдек, хорижий муаллифлар асарларидан ҳеч бир чекланишсиз республикамизда ҳар қандай кўринишда фойдаланиш имкони ҳам яратилди.
Шу ўринда, Ўзбекистон интеллектуал мулк муҳофазасига оид қатор муҳим халқаро шартномаларга қўшилганини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Ўзбекистон Республикаси "Адабиёт ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш Берн конвенцияси", "Саноат мулкини муҳофаза қилиш Париж конвенцияси", "Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти конвенцияси", "Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти таъсис конвенцияси", "Халқаро белгиларни рўйхатга олиш Мадрид Битими" ва бу борадаги бошқа муҳим халқаро шартномаларга аъзо бўлди. Интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида кўплаб икки томонлама битимлар тузилган. Жаҳон миқёсида муаллифларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган асосий ҳужжатлардан бири - адабий ва бадиий асарлари муҳофаза қилиш бўйича Берн конвенцияси ҳисобланади. Ўзбекистон ушбу конвенцияга 2004 йилда қўшилган бўлиб, 2005 йилдан мазкур конвенция бўйича мажбуриятларни бажариб келмоқда. Ушбу ҳужжатга қўшилиш орқали нафақат чет эл муаллифлари асарларининг Ўзбекистон ҳудудида муҳофаза қилиниши, балки, юртимиз муаллифларининг асарларини ҳам чет давлатларида муҳофазага олинишини таъминлади. Миллий қонун ҳужжатларини кўрсатилган конвенция талабларига мослаштириш мақсадида 2006 йилда Ўзбекистон Республикасининг "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши фан, адабиёт, санъат соҳасида ижод қилувчи муаллифлар ва улар асарларининг давлат томонидан муҳофаза қилинишини таъминловчи, улар томонидан янгидан-янги асарлар яратиш имкониятини вужудга келтирувчи, улар меҳнатини муносиб тақдирланишига кўмаклашувчи тегишли шарт-шароитларни яратиб берди. "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 8 январдаги "Муаллифлик ҳақи ва бошқа ҳақ тўлаш ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида"ги 8-сонли ва 2008 йил 19 январдаги "Адабиёт ва санъат асарларидан фойдаланганликнинг ярим турлари учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкалари тўғрисида"ги 10-сонли қарорлари қабул қилинган.
Шу ўринда, "Нима учун муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш керак?", деган ҳақли савол туғилиши табиий. Аввало, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар ижоднинг ривожланиши учун зарур шартлари бўлиб, муаллифларни тан олиш ва уларга тегишли моддий мукофотларни олиш имконини яратади.
Ўзбекистонда интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш соҳасида катта ва кенг кўламли ишлар қилинаётганлиги халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Интеллектуал мулк муҳофазаси соҳасини ривожлантиришдаги юксак хизматлари учун 1996 йили Президентимиз Ислом Каримов Бутунжаҳон интеллектуал Мулк ташкилотининг Олтин Медали билан тақдирланган.
Гулгина
АБДУКАРИМХОДЖАЕВА,
Андижон шаҳридаги 7-сон давлат нотариал идораси нотариуси.
|