№42, 04.10.2012 ҲАЁТ - ИБРАТ МАКТАБИ
АЁЛ ҲИЙЛАСИ
Муаммо кўп, муддао йўқ. Моддий етишмовчиликлар туфайли бола-чақа, уй-рўзғор ташвишларидан ошиниб, энди эр хотинига "сепочка" олиб бериши керак. "Ҳой, барака топгур, сирға дединг, олиб бердим, бироз шошма бу бир кам дегани навбати билан бўлади", десаям кўнмайди. Йўқса бу уйдан кетаман, дейди.
Хотин газетанинг янги сонини варақлайди. Мунажжим башорати. "Ҳафтанинг бошида тилга эрк берманг. Чоршанбада режалаштирган ишларингизни ҳафта охирига қолдиринг. Пайшанбада етти ўлчаб бир кесинг. Шанба куни сизни совға кутади". Хотин навбатдаги ҳийлани шанба кунига режалаштирди. Пайшанба куни яна ҳархаша қила бошлади.
- Қачон олиб берасиз "сепочка" ни, фалончихондан мени қаерим кам?
Ярим соатлик даҳанаки жангдан кейин, "хўп олиб бераман", ваъда қилди эр.
- Сен рўмолчамни ювиб қўйгин.
Хотин ташқарига чиқиб кетди. Унинг хатти-ҳаракатида бепарволик сезилиб турарди.
- Сенга нима деган эдим, рўмолчамни ювиб қўймабсан-ку, - деди эр эртаси куни жаҳли чиқиб. - Сен, аввало, эркак киши нима деса "хўп" дейишни ўрган.
Хотин ниманидир хаёлидан ўтказди. Шанба. Эр ишдан келди-ю, хотин келмади. Алла-маҳал. Эр хотинидан кечикиб келиш сабабини сўради. Хотин жавоб қилди:
- Ишхонамиздаги фалончи ака "Юринг, йўл-йўлакай сизни олиб бориб қўяман" деди. Мен ўзингиз айтгандек "хўп бўлади", дедим. Мана, қаршингизда турибман, ҳеч ким мени еб қўйгани йўқ.
Бундай жавобни кутмаган эр тарашадек қотиб қолди.
Орадан икки кун ўтгач эса хотинининг бўйнида тилла занжир пайдо бўлди. Кўрсанг кўзинг куяди, айтсанг тилинг, агар индамасанг дилинг куяди.
- Қаердан олдинг буни? - сўради эр.
- Буними, ўша куни машинанинг орқа ўриндиғидан топиб олдим. Бирортаси унутиб қолдирганга ўхшайди.
- Йўқ, бу оддий ҳол ёки тасодиф эмас, - деди эр. - Ҳеч ким унутиб қолдирмаган.
Демак, хотима шуки "Аёл ҳийласи қирқ туяга юк бўлади".
Абдуманноб ЙЎЛДОШЕВ,
Марҳамат тумани.
|