№43, 12.10.2012 МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН
ОИЛА ТИНЧ - ЮРТ ТИНЧ,
- ДЕЙДИ МАСЛАҲАТЧИ ОДИНА ОПА ХЎЖАМБЕРДИЕВА.
- Оила - Ватан ичра Ватан. Бежиз "Ватан остонадан бошланади" дейилмайди, - сўзида давом этади опа. - Остонамиз, бу оиламиз. Демак, ҳар бир инсоннинг ўз оиласи, Ватани бор.
Оила қўрғонини мустаҳкам сақлаш, қўриқлаш, барқарорлигини таъминлаш эса ҳар бир юртдошимизнинг фуқаролик бурчидир.
Одина опа Хўжамбердиева ҳар тонг маҳалласи юмушига киришар экан, албатта, унинг тинчлиги учун жавобгарликни қалбан ҳис этади. У шунга масъул. Модомики, уни маҳалла аҳли ишонч билан маслаҳатчи қилган экан, энди сидқидилдан ишлаб бериши керак. Ишонч ахир, ҳаммага ҳам берилавермайди.
Аслида, маслаҳатчилик осон иш эмас. Маҳалла катта бир қўрғон бўлса, унинг ўзига яраша муаммоси, юки, талаби ҳам бўлиши аниқ. Одина опа ана шу катта қўрғонда бу вазифанинг нечоғли масъулиятли эканлигини иш жараёнида англаб етди.
Дарвоқе, Одина опанинг бу вазифага тайинланганига бу йил 8 йил бўлди. У маҳалла тизимига маслаҳатчи лавозими жорий қилинган дастлабки йилда, яъни, 2004 йилда ўз зиммасига шу ишни олади. Вазифанинг мураккаб томонларини, масъулиятини ўшанда балки тўла англаб етмагандир. Ҳаммасини кейин билди. Маслаҳатчиликнинг қамрови кенг экан. У гоҳ раҳбар, гоҳ тадбиркор, гоҳида мураббий бўлиши керак. Халқ билан ишлаш осон эмас, бинобарин, бунда фақат қобилият, маҳорат асқотади, холос. Одина опа шуларни тушунгандан кейингина маслаҳатчиликни обдон ўзлаштирди. Ҳудуддаги мавжуд оилаларни бирма-бир ўрганди, оилалар ичига кириб чиқишдан эринмади. Чунки ҳар бир оилада жамият, миллат тақдири борлигини яхши идрок этарди. Ваҳоланки,оила тинчлигини қарор топтириш, юрт тинчлигини таъминлаш деганидир.
- 9-сон маҳалла фуқаролар йиғини Андижон шаҳридаги катта ҳудудлардан бири бўлгани учун, маҳалла муаммолари, ташвишлари ҳам шунга яраша, - изоҳ беради Одина опа айрим жанжалли оилалар хусусида сўзлаб. - Ноаҳил яшаётган айрим оилаларимиз бор. Улар билан мунтазам иш олиб борамиз, оиладаги аёл ва болалар ҳолидан хабар оламиз.
Ҳа, маслаҳатчига осон тутиб бўлмайди. У бугун ўз оиласи, фарзандлари ташвиши билан эмас, бутун маҳалла ташвиши билан яшаяпти. Тўйи бўлса, бош-қош, байрами бўлса, ташкилотчи, маъракасида ҳам тик турган...
Одина опа Хўжамбердиевага бу жиҳатдан ҳар қанча таҳсин айтиш мумкин. Чунки опа Қўшариқ даҳасидай катта бир ҳудуд аҳолиси орасида яшаб, уларнинг юмушини бажармоқда. 9-сон маҳалла фуқаролар йиғинидаги аҳоли аксарият кўп қаватли уйларда истиқомат қилади. 58 та кўпқаватли уй, 3450 оила, 3300 га яқин хўжалик бор. Бу рақамлардан вазифа масъулиятини илғаб олиш қийин ҳам эмас. Лекин гап вазифа масъулиятида эмас, Одина опадек тадбиркор, ташаббускор, ёшу қарига панд айта оладиган, муҳими, одамларга ҳурмати бор аёлнинг орамизда эканлигида. Шундай куюнчак, маҳалла-кўй иши учун фидойи аёл борлиги учун ҳам 9-сон маҳалласида бугун барқарор муҳит яратилган. Ахлоқ-одобга зид ҳар турли воқеаларнинг олди олинмоқда. Ҳолбуки, "Мустаҳкам оила йили"нинг чиройли ўтиб бориши маҳаллаларимиз турмуш тарзида, ҳаётида яққол намоён бўлади. Демак, бу борада Одина опанинг самарали меҳнатлари ижобий натижалар бераётганлигига асло шубҳа йўқ.
Маҳфуза НОРБОЕВА.
|