Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№43, 12.10.2012

2012 ЙИЛ - "МУСТАҲКАМ ОИЛА ЙИЛИ"

ФАРИШТАЛИ УЙНИНГ БЕКАСИ

Қиз боланинг тақдиридан гап кетганда "Ота уйида-ку майли, у ёғига бахтини берсин", дейдилар.

Уёғи эса ўзга уй, ўзга оила, бошқача ҳаёт. Кўчирилган ниҳол янглиғ бегона гўшани макон қилиши, куртак ёзиб, ғунча очиб, янги боғни обод этиши даркор.

Шундайин кунларга эса Ойтожихонни ҳаёт тайёрлаб борди. У эсини танибдики, онаси Ўктамхон билан қурт боқишди, ер чопишди, пахта териб, далада тиним билмади. Опасини турмушга узатди-ю, кўп ўтмай онаси оламдан ўтди. Яна рўзғор ишлари, укалари, отасига қаров ўзига қолди. Ойтожихон кўп синовларга дуч келди. Болалигини эрта унутди. Ҳам ўқиб, ҳам далага чиқди. Уй ишларига ҳам улгурди.

Бироқ, ўшанда тақдир унга атаб мукофотлар ҳозирлаб қўйганини билмасди. Турмуш ўртоғи Ўринбой ака бу туҳфалар ичра энг ноёби бўлди. Хушфеъл, қалбан самимий, меҳрибон бўлган бу инсон ёшгина, ғўргина ўксик бу қизга бир умр меҳр бериб келди. Мана, бугун Ўринбой ака ва Ойтожихон Матисаевлар оиласи кўрган-билганларнинг ҳавасини келтириб, рўшноликда яшаб келмоқда.

Ойтожихон оиласи ҳақида гап бошласа, турмуш ўртоғидан миннатдорлигини яширмайди. Ҳалол, оилапарвар, эътиқодли инсон билан умргузаронлик қилиш бахти ҳар аёлга насиб этишини истайди.

- Беш нафар фарзандимиз: Муроджон, Жўрабек, Нодирбек, Носирбек, Барнохонларни уйли-жойли қилдик, - дейди қаҳрамонимиз. - Хонадонимизда, одатда, отанинг кўзига тик қаралмайди, унинг сўзи сўз, ҳар ишда бош-у қош, ҳал қилувчи - ота. Болаларимдан уч нарсага амал қилишларини сўрайман. Аввало, саришталик, сўнг хоҳ овқат, хоҳ кийим бўлсин, исроф қилмаслик, учинчиси - ёлғон гапирмаслик. Шуларга амал қилинса, хонадонга файз-барака ўзи кириб келаверади.

Ҳамсуҳбатим сўзида давом этди:

- Қиз бола тарбиясига эса икки ҳисса кўпроқ меҳнат керак бўлади. Чунки у оилангда олган тарбия, тутумни ўзга хонадонга олиб боради. Шу боис, қизимиз Барнохонни ёлғиз қиз деб жуда эркалатиб ҳам юбормадик. Яна бир гап: қизимни маҳаллага бериб, келинларни маҳалламдан олганман. Ўзингиз яхши билган инсонлар билан қуда бўлганга нима етсин. Мана, ҳаммаси бинойидек яшашяпти. Саккиз нафар набирамиз оиламиз қувончи.

Ўринбой акадан Ойтожихон ҳақидаги фикрларини ҳам билмоқчи бўлиб сўроққа тутдик.

- Ниҳоятда бағрикенг аёл, - деди у киши. - Хонадонимизга келин бўлиб тушганда тўрт фарзандли опам оламдан ўтиб, катта қизини онам эндигина турмушга узатганди, қолган уч боласини вояга етказиб, уйлаб-жойлашда менга тиргак бўлди. Опамнинг бир ўғли ногирон, уни рафиқам ҳозир ҳам ўз болалари қаторида ўзи қарайди. Умридан барака топсин.

Андижон туманининг Гулобод шаҳарчасида ўттиз йилдан зиёд бирга умргузаронлик қилаётган ушбу оиланинг бир маромда кечаётган ҳаёти оддийдек туюлар, лекин бундай оилаларда Ойтожихондай аёллар бекалик қилар экан, эркакларнинг боши ҳеч қачон эгилмайди.

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди