№43, 12.10.2012 ДИЛ ТУҒЁНИ
ОНАЛАР ДУОСИНИ ОЛАЙЛИК
Азиз ўқувчи! Сиз Ҳадиси шарифларда "Жаннат оналар оёғи остидадир", "Аввал онангга, онангга ва яна онангга, сўнгра отангга яхшилик қил", деган пурмаъно сўзларни ўқигансиз.
Она ҳаёт яратади. Бола туғилган кунларидаёқ оналар гўдакка оқ сутига меҳрини қўшиб парваришлайдилар, алла айтиб, гўдак билан суҳбат қурадилар. Мана шу самимий суҳбат болага тафаккур, қобилият каби инсоний тушунчаларни сингдиради.
Ҳар бир она болаларини пок, гўзал хулқли, одоб соҳиби бўлсин, дея ният қилади.
Фарзанд - она юрагининг, қалбининг бир бўлаги, деб бежизга айтилмаган. Гўдаги бетоб бўлса, онаизорнинг кўзларига дунё тор кўринади. Бола соғ бўлса, она ҳам саломат ва хотиржамдир. Унда оналик меҳри, олам шодлиги уфуриб туради. Фарзанд ташвишидан, фарзанд танасидаги оғриқдан онанинг кўзига ёш, йиғисидан эса қалби жунбушга келади.
Бу эса буюк оналарнинг уммондек чексиз қалбига ёрқин бир мисолдир. Инсонлар оналарининг ана шу меҳри учун ҳар қанча таъзим қилсалар озлик қилади. Агар Сиз турмуш қурган бўлсангиз, фарзандларингизни ёнингизга олиб, она қошига зиёратга тез-тез бориб туринг, хоки пойларини кўзингизга суртинг. Тиззасига бошингизни қўйиб, кўзингизни бир нафас юмиб туринг... Шунда дунёда бундан-да ортиқ хотиржамлик йўқлигини ҳис қиласиз.
Рўзғор-чи, дерсиз? Рўзғорнинг ғори қачон тўлган ўзи? Ҳаёт ташвишлари ҳеч қачон тугамаган, тугамайди ҳам. Лекин бу фоний дунёда она меҳмон. Кейин минг тавалло-ю, тавба-тазарру билан ҳам уни ортга қайтариб бўлмайди.
Агар Сиз талаба бўлсангиз, ойда икки-уч бора уйингизга борганингизда имкон топиб ота-онангиз хизматини бажаринг, уй юмушларига ёрдам беринг, оғирини енгил қилишга ҳаракат қилинг.
Азиз замондош! Қандай ҳолатда бўлмайлик оналаримизни эъзозлайлик. Уларнинг корига яраб, дуоларини олайлик...
Одилжон САЛОҲИДДИНОВ,
Тиббиёт фанлари доктори, профессор.
|