№43, 12.10.2012 БИР МУҲАББАТ ТАРИХИ
МУҲАББАТ-БОЛ, МУҲАББАТ ОҒУ
Муҳаббат қачон кўнгилда куртак ёзишига ҳали ҳеч ким аниқ жавоб бермаган. Чунки бу олов туйғу вақт билан ҳисоблашмайди. У хоҳлаган пайтда келиб, юракларга учқун сачратади. Бор оламингизни, вужудингизни қуршаб олади. Шу боис ҳам "Муҳаббат - бол, муҳаббат - оғу", дейдилар. Психиатрия фанида "Адель Гюго синдроми", деган атама борлигини кўпчилик билмаса керак. Бу ном буюк француз ёзувчиси Виктор Гюгонинг қизи Адель қисмати билан боғлиқ....
БЕШИНЧИ ФАРЗАНД...
Адель Гюго 1830 йилнинг 27 июлида Парижда, буюк ёзувчи Виктор Гюго хонадонида таваллуд топди. Адель ғоят гўзал ҳамда катта истеъдод соҳибаси бўлган. Пианинода маҳорат билан куй ижро этишда унга тенг келадиган мусиқачи топилмасди ўша пайтларда. Болалигиданоқ барча ҳавас қилгудек қиз бўлиб улғайди. Кўнгли очиқ ва самимий Адель одоб- ахлоқ борасида ҳам оиладаги бошқа фарзандлар орасида ажралиб турар, шу боисми ота-онасининг ундан умидлари катта эди. Бироқ бу орзу - ҳаваслар сароб бўлиши, куни келиб шу қизи телбага айланиши уларнинг етти ухлаб тушига кирмагандир эҳтимол.
Аслида Аделнинг руҳиятининг издан чиқишига иккита сабаб бўлган. Биринчиси, катта опасининг бевақт ўлими бўлса, иккинчиси инглиз ҳарбий офицерига муҳаббати. 1843 йили яхтада сайр қилиб юрган опаси Леопольдина 19 ёшида ҳалокатга учрайди. 1852 йили Адель қувғиндаги отасининг ортидан Гренси оролига боради. У ерда олти йил яшайди. Кейин эса руҳий тушкунлик исканжасига тушиб, яна Францияга қайтади. Шифокорлар унга сайру саёҳат қилишни маслаҳат беришади. Шу мақсадда йўлга отланиб, у 1861 йили Англия бўйлаб саёҳати давомида лейтенант Пинсон билан танишади...
ЛЕЙТЕНАНТГА МУҲАББАТ
Ажойиб иқтидор ва юксак қобилият соҳибаси ҳусну латофатга бой бўлишига қарамай негадир Адель эркаклар эътиборидан сал четроқда эди. Лекин аҳён-аҳёнда чиқиб қолган совчиларнинг кўпчилигига рад жавобини беришини ҳам тушуниш мушкул. Ҳаммаси унинг ҳаётида лейтенант Пинсон пайдо бўлишидан бошланди...
У билан биринчи бор танишганидаёқ Пинсон ўзи хоҳлаган инсон, умр йўлларини боғлашга арзигулик номзод эканини англади. Шундоқ ҳам жонажон опасидан айрилган озурда кўнгилда энг покиза туйғулар ғунчалади. Шу боис, севгилисига тезлик билан турмушга чиқиш орзусида эди. Афсуски, ёш инглиз йигити бўйнига ола хуржунни олишга у қадар ҳам шошмасди. Маълум вақт ўтгач, Пинсон телбаларча ошиқ қиздан ўзини олиб қочадиган бўлди.
Адель эса ортга чекинмади. Севиклиси қайга борса, у ҳам ортидан соядек эргашиб юраверди. Бу йўлларда ишқ, муҳаббат шўрликни не кўйларга солмади дейсиз... Суюкли инсони ортидан дунё кезди, бир қараса Англияда, яна бир қараса Мальта ёки Канада... Пинсон хизмат қилаётган полк қайси шаҳарга жойлашса, Адель ҳам ўша жойдаги меҳмонхонадан қўним топар ва уззу-кун севгилисини кутиб яшарди. Бу кутишлар эса афсуски, бесамар, кетма-кет ёзиладиган ишқномалари эса жавобсиз қоларди… Севги- муҳаббат ҳам икки қалб торидан чертилса гўзал. Бирёқлама муҳаббат бахт келтириши даргумон, айниқса, қиз бола учун. Жавобсиз муҳаббат эс-ҳушидан мосуво этиб, Аделни адойи тамом қилди. Олдинига шунчаки ўксиниш, тушкунлик ўз ўрнини руҳий хасталикка бўшатиб берди. Шундан бўлса керак, энди у ота-онаси ҳамда атрофидаги яқинларини Пинсон билан қонуний эр-хотин эканликларига ишонтирарди. Аслида-чи, уларнинг никоҳ тўйи ошиқ қизнинг хаёлотида бўлганди. Ниҳоят, Пинсон уйланди, ҳатто ота бўлиш бахтига ҳам муяссар бўлди. Лекин у танлаган ёр Адель эмас...
Телба ошиқу беқарор қизнинг таъқибларидан безор бўлган лейтенант кўп бора аёлни бу йўлдан қайтаришга, улар ўртасидаги муҳаббат рўё эканини тушунтиришга ҳаракат қилди, ўзини тинч қўйишини ва Францияга қайтиб кетишини ўтиниб сўради. Таассуфки, унинг бу уринишлари зое кетди. Аделнинг фикру хаёли севикли инсони билан банд. Ундан айро яшашни тасаввурига сиғдиролмас, қалбини оташ каби ёндиражак ишқ дардига мубтало қиз муҳаббатидан ҳам кечолмасди. Адель кунда Пинсон яшаган казарма остонасида пойлоқчилик қилишни канда қилмасди. Узоқдан бўлса-да, севган инсонининг рухсорини кўрса, ёнида бўлмаса-да, дийдорига тўйса шунинг ўзи катта бахт эди унинг учун.
АҚЛДАН ОЗГАН ГАДОЙ
Сарсон - саргардонликдан силласи қуриган, кўриниши афтодаҳол Адель 1872 йили Францияга қайтади. Отасининг ёнига қайтган дарбадар қизни кўриб, Виктор Гюго қачонлардир ниҳоятда соҳибжамол ва ўткир тафаккурли жигарбандини аранг таниди. Шўрлик қиз буткул ақлдан озган, аллақандай саховатли инсон уни Барбадос оролларидан Францияга олиб келган экан...
Отаси уни Сан - Манде руҳий хасталиклар шифохонасига жойлашдан бошқа чораси қолмади. Шу - шу Адель қайтиб ақлини топмади. Ота ҳам нуридийдаси ўтида омонатини топширади. Отасининг вафотидан кейин уни Сюрен шифохонасига ўтказишади. Руҳий хасталиклар масканида то умрининг охиригача яшади ва 85 ёшида вафот этади. Жон таслим қилаётиб ҳам севгилиси Альберт номини тилдан қўймади. Ўлимидан сўнг ундан фақатгина жўнатилмаган адоқсиз ишқ номалари қолди...
Энди юқорида тилга олган муҳаббат касаллиги, яъни "Адель Гюго синдроми"га қайтсак. Бир неча йил муқаддам АҚШда шу дарддан азият чекаётган аёллар муолажаси бўйича текширув ва таҳлиллар амалга оширилганди. Шу ўринда савол туғилади. Нега айнан аёллар билан? Бу хавфли хасталик эркакларни ҳам мубтало этиши аниқ, лекин уларнинг ечими осонроқ, дил изҳорида, одатда, ташаббус эркак киши тарафида, шу боис жавобсиз қолган севгиси учун улар тушкунликка кам бериладилар.
Ҳа, дунёда ҳеч нарса аёл севгисига тенглаша олмайди - унинг муҳаббати самимий ва раҳм- шафқатли, сабр-тоқатли ҳамда ғамхўр, ширин ва садоқатлидир. Аёл севгисини деб ўзини ўтга ташлаши ва ҳаттоки, жонидан ҳам кечиши мумкин.
Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА.
|