№43, 12.10.2012 ҲИКОЯ
СИНОВ
Эндигина йигирма учни қоралаган Шоҳруҳни ўзи ишлаётган ташкилотга раҳбар этиб тайинлашди. Бу мартабага у ўз иқтидори, касбини яхши билиши, самимийлиги ва одамохунлиги билан эришди.
Шоҳруҳ директор бўлгач, ташкилотда ишлар яна ҳам гуркираб кетди. Ҳамма ундаги ғайрат-шижоат, ишбилармонлигу тадбиркорликка ҳавас билан қарар, ҳатто бошқа ташкилотлардан келишиб, ундан маслаҳат олиб кетишарди.
Бир куни кабинетида нималарнидир ҳисоб-китоб қилиб ўтирган Шоҳруҳга котибаси бир қиз йўқлаётганини айтди.
- Айтинг, кирсин.
Зум ўтмай хонага қадди-қомати келишган, оппоққина, қош-кўзлари попукдек бир қиз кириб келди. Шоҳруҳ уни самимий кутиб олиб, ўтиришга жой кўрсатди ва қизнинг чиройли табассумига жавобан кулимсиради. Бу ҳолат қизга жуда қўл келди-ю, гап бошлади.
- Шунақаям бепарво бўладими одам, бир йилдан буён ёнма-ён ишлаймизу ҳеч биз томонга эътибор бермасиз-а?
- Кечирасиз, -ўзининг ишга шунчалик шўнғиб кетганидан у ёқ, бу ёққа қарамаганидан ўкингандек бўлди Шоҳруҳ. - Ишлар билан бўлиб...
- Иш тугайдими, Шоҳруҳ ака?!
Қизнинг бу гапи Шоҳруҳнинг қалбидаги нозик торларини чертиб ўтди. Ростдан ҳам ўйлаб қараса, йигит бўлиб ҳали бирон бир қизнинг қалбига қўл солиб кўрмабди.
Қиз ўзини Дилноза деб таништирди. У Шоҳруҳнинг ишхонаси рўпарасида жойлашган тикувчилик хусусий корхонаси раҳбари эди. Улар узоқ суҳбатлашиб ўтиришди. Қиз ташрифининг сабабини хизмат вазифаси билан боғлаб, сумкасидан аллақандай қоғозларни олди ва уларни тушунмаётган одамдек Шоҳруҳдан ёрдам сўради. Йигит унга йўл-йўриқ кўрсатди. Кетиш олдидан қиз Шоҳруҳдан қўл телефони рақамини сўради. Йигит ҳам шуни кутгандек унга ташриф қоғозини узатди.
- Раҳмат, - дея табассум қилди қиз, - ҳар замонда маслаҳат сўраб тураман, майлими?
- Бемалол, қўлимдан келганча ёрдам бераман!
Шоҳруҳ қизни ҳурмат билан кузатиб қўйди. Кейин хонасига кириб ўзини диванга ташлади. Қиз қолдирган хушбўй атир ҳидидан унинг боши айлангандек бўлди. Ўзида ажиб бир тушунарсиз ҳолатни сезди ва хаёлида қизнинг қиёфасини тиклашга уринди. Қизни яна кўргиси, суҳбатлашгиси келаётганини сезди."Наҳотки ёқтириб қолган бўлсам?", ўзига савол берди у.
Шу-шу Дилноза йигитнинг хаёлини бутунлай банд этди. Улар деярли ҳар куни телефон орқали гаплашишар, баъзан учрашиб ҳам туришарди. Ҳаш-паш дегунча орадан бир йил ўтди. Шоҳруҳ қизга тобора боғланиб борар, байрамларда қимматбаҳо совғалар юборарди.
Бир куни онаси Шоҳруҳга дабдурустдан " Бир қизни кўриб кел, ота-онаси ҳам тагли-тугли одамлар, ёқса ўша қизни келин қилмоқчиман", деб қолди.
- Ҳали вақт бор, ойи, уйланиш қочмайди, қолаверса, ёқтирган қизим бор! - деди у.
Дадасининг вафотидан кейин онасининг бирор гапини икки қилмай келаётган Шоҳруҳ бу гал қандай қилиб бундай қўрс жавоб қайтарганини ўзи ҳам сезмай қолди. Кейин узр сўраб тушунтира кетди.
Онаси эса Шоҳруҳнинг бу гапидан севиниб кетиб: - Ёқтирган қизинг бўлса айт, - деди.
Шоҳруҳ гуноҳ иш қилиб қўйгандай уялиб ташқарига отилди. Машинасини миниб, дўсти Асқаралининг уйига борди. Негадир шу тобда у дўстига кўнглини ёзгиси келди. Дўсти эса Дилнозани ёқтирмас, бироқ бунинг сабабини айтиб, дўстининг дилини оғритгиси келмади. Аммо Шоҳруҳга раҳми келдими, бошқа йўл топди:
- Ўзинг биласан, у қизни ҳали яхши билмайсан, балки синаб кўрарсан, ахир "Синалмаган отнинг сиртидан ўтма", деган гап бор.
- Ақлингга қойил, дўстим. Шунинг учун сенга маслаҳат солгандим-да. Энди ўзинг қандай синашни ҳам ўргатиб қўясан.
... Шоҳруҳ Дилнозага қўнғироқ қилди ва эртага учрашишлари кераклиги, зарур гапи борлиги, қизни марказдаги ресторанда кутишини айтиб хайрлашди.
Эртасига келишилган вақтда қиз узоқ куттирмай етиб келди. Улар анчагача гаплашиб ўтиришди, енгилроқ тамадди қилишди. Кейин Шоҳруҳ чекмоқчи бўлди ва ўрнидан туриб сигарета олиб келди.
- Одобсизлик санамасангиз, чекиб оламан...
- Сиз чекмас эдингиз-ку, Шоҳруҳ ака?!
- Кўнглим ғаш, чекмасам бўлмайди.
- Нега?-кўзларини пирпиратди Дилноза.
- Биласизми, нима десам экан сизга, мени ишдан бўшатишди.
- Ҳазилингиз қурсин, доим ҳазиллашасиз, - кулди қиз.
- Бу сафар рост, -жиддийлашган бўлди Шоҳруҳ,- устимдан ёзишибди.
- Ростдан-а... - Қизнинг ранги оқарди.
- Ана шунақа гаплар, Дилнозахон, - дея Шоҳруҳ оғир тин олди.
Шундан кейин уларнинг гапи гапига қовушмади. Дилноза бир зумда ўзгариб қолганди. У Шоҳруҳнинг саволларига истамайгина жавоб қайтарар, ўзини ёқтирмаган одами билан гаплашаётгандек тутарди. Кўп ўтмай хайрлашиб, ўрнидан турди ва Шоҳруҳнинг кузатиб қўйишини ҳам кутмай кетиб қолди.
Эртаси куни Шоҳруҳ Дилнозага яна қўнғироқ қилди.
- Кечирасиз, ҳозир ишларим кўп эди, кейинроқ гаплашсак, - гапни қисқа қилди қиз.
Шоҳруҳ Дилнозанинг қўнғироқ қилишини кутиб узоқ ўтирди. Бахтга қарши бу истак истаклигича қолди. У Дилнозани йўқотиб қўйишдан чўчигандек ҳаловатини йўқотди. Охири тоқати тоқ бўлиб яна қўнғироқ қилди. Дилнозадан эса жавоб бўлмади.
Эртасига Шоҳруҳ кунни зўрға кеч қилди. Унинг боши тинимсиз оғрир, кечаги куннинг туш бўлиб қолишини жуда-жуда истарди. Шу илинж билан кетиш олдидан Дилнозанинг ишхонасига кирди.
Совуққина салом-аликдан сўнг Дилноза ҳал қилувчи сўзни айтди: "Шоҳруҳ ака мени тинч қўйинг, бошқа қўнғироқ қилманг!"
- Ахир нима учун, Дилноза?
Йигитнинг бу саволи жавобсиз қолди.
Шу пайт Шоҳруҳнинг ичида нимадир ғалаён кўтарди. Бу унинг йигитлик ғурури эди. У шаҳд билан таш-қарига отилди. Зум ўтмай кўнглига таскин берувчи туйғуни ҳис этди. Дилнозани қанчалик тез севиб қолган бўлса, ундан шунчалик тез нафратлана бошлаганини сезди.
Шоҳруҳнинг меҳнат таътилига чиққанидан бехабар қиз унинг машинаси ҳам кўринмай қолганидан йигитнинг гапларига чиппа-чин ишонган, у билан орани очиқ қилишни дилига тугиб қўйган эди. Бунга заррача ачинмади ҳам. Чунки Шоҳруҳ унинг учун биринчиси эмас эди.
Орадан бир ҳафтача вақт ўтди. Мустақиллик байрами олдидан туманда катта йиғин бўлиб ўтди. Дилноза ял-ял ёниб олдинги қатордаги ўриндиқлардан бирида ўтирарди. Кеча сўнггида меҳнатда ўрнак кўрсатганларга фахрий ёрлиқ ва совғалар топширилди. Биринчи бўлиб даврага ёш, изланувчан ва ташаббускор раҳбар Шоҳруҳ Исмоилов таклиф этилди. У салобат билан юриб келиб қўлларини кўксига қўйиб таъзим қилди. Шоҳруҳга вилоятдан келган вакилнинг ўзи совға топширар экан, "Баракалла, отангизга раҳмат, ука!" дея унинг елкасига қоқиб қўйди.
Бу пайтда Дилноза Шоҳруҳга қаролмас, алам ёшлари унинг кўзларини тўсиб қолганди. Охири бўлмади. Қиз ўрнидан туриб, залдан чиқиб кетди. У чиқиб кетаётган вақтда Шоҳруҳ билан тўқнаш келиб қолди. Йигит ва қизнинг кўзлари бир зумгина учрашди. Шоҳруҳ Дилнозанинг кўзларидаги аллақандай тушунарсиз, надоматга ўхшаш маънони илғади. Аммо энди кеч бўлган, унинг қизга бўлган муҳаббати аллақачон сўнган эди...
Барно ШЕРАЛИ ҚИЗИ.
|