№44, 18.10.2012 "СОҒЛОМ ОНА - СОҒЛОМ БОЛА":
ҲАММАМИЗ МАСЪУЛМИЗ
Президентимизнинг 2004 йил 25 майдаги "Хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида белгиланган вазифалар фаолиятимиз асосини ташкил қилади. Қўмитамизнинг асосий таянчи эса маҳаллалар. Мавжуд 74 та МФЙ ишчан, серғайрат, билимли ва маҳоратли маслаҳатчиларга эга. Уларнинг кўмаги туфайли жойларда Президентимизнинг хотин-қизлар фаолиятига доир фармонлари ижросини таъминлашга эришяпмиз.
Маслаҳатчининг ёнида тажрибали отинойилар, дастурхончи ҳамда кўчабошилар борки, улар билан ишлаш жараёнида маҳалла муаммолари, оилалардаги муҳит, иш билан бандлик масалалари ўрганилмоқда.
Шунингдек, Президентимизнинг 2009 йил 13 апрелдаги "Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ҳамда 1 июлдаги "2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорларида бевосита халқимизнинг сиҳат-саломатлигини ҳар томонлама муҳофаза қилиш бизнинг мамлакатимизда энг асосий масалалардан бири эканлигига алоҳида урғу берилган. Шу боис, шаҳримизда яшаётган аҳоли ўртасида айнан ана шу долзарб мавзулар бўйича кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боряпмиз.
Таълим муассасаларида жорий йилнинг февраль ойида шаҳар тиббиёт бирлашмаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва бошқа жамоат ташкилотлари, ота-оналар иштирокида "Соғлом она - соғлом бола", "Сиз фарзандингизга тўла бахт ато эта оласизми?", "Оилада соғлом муҳитни шакллантиришда ота-оналарнинг ўрни" мавзуларида учрашувлар ташкил этилди.
"Мустаҳкам оила йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳафтанинг ҳар душанба куни "коллеж ва мактаблар куни" деб белгиланиб, қўмита фаоллари томонидан мактабларда давомат ва "Ораста қизлар" тўгарагининг мониторинги олиб борилмоқда.
Албатта, қўмита томонидан уюштирилаётган барча учрашув, юзма-юз мулоқотларда, энг аввало, инсоннинг саломатлиги ҳар қандай бойликдан устун эканлиги уқтирилиб, "Соғлом она - соғлом бола" шиори остида ҳар бир хонадон, ҳар бир маҳаллада бўлиб, тиббий кўрик, соғлом турмуш тарзи ҳамда оналик ва болаликни ҳар тарафлама муҳофаза қилиш бўйича керакли маслаҳат, ёрдамлар берилмоқда.
Шунингдек, шаҳримизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оилавий ҳамда хотин-қизлар ва болалар спортини ривожлантириш юзасидан ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, турли спорт йўналишлари бўйича ўқитиш малакасига эга аёл ўқитувчилар касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларда ўқувчи талабаларга жисмоний тарбия бўйича сабоқ беришмоқда.
МФЙларидаги хотин-қизлар ва ёшларни спорт билан шуғулланишлари учун 382 та спорт тўгараги фаолият кўрсатяпти. Унда 13370 нафар хотин-қизлар спортнинг бир неча турлари билан шуғулланяптилар.
15 май - Халқаро оила куни ҳамда Мустақиллик байрами арафасида "Тақдиримсан, бахтимсан, эркин ва обод Ватан" шиори остида ўтказилган "Аёллар спорт фестивали"нинг вилоят босқичида Андижон шаҳридан иштирок этган аёллар жамоаси юқори ўринларни эгалладилар.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардим, бугун хотин-қизларнинг спорт ҳақида, унинг соғликка фойдаси хусусидаги тасаввурлари, тушунчалари бойиган. Уларнинг интилишлари қўмитамиз томонидан доимий қўллаб-қувватланиб, рағбатлантириб борилмоқда.
Муаззамхон ВАҚҚОСОВА,
Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси.
|