№44, 18.10.2012 ҲАЁТ ҲИКМАТЛАРИ
ОИЛА СОҲИБИЛИК ШАРТЛАРИ
Турсуной СОДИҚОВА
Келинг, оилаларга кириб, бугунги йигитларни яқинроқдан кўрайлик.
Йигитларнинг биринчи ютқазиши замоннинг зайли билан, уларнинг "Бир йигитга қир ҳунар оз" ибратидан йироқ бўлиб қолишларидир. Ёки "мен меҳнатда эзилиб катта бўлдим, у заҳматни болам кўрмасин", қабилидаги хатоларимиз ўғлонларимизни оқбилак қилиб қўйди. Боримизни сарфлаб, болаларни бўйи баланд ўқишларда ўқитдик. Биргина касбга суяниб қолсангиз ҳам чатоқ экан, бу дунё - чархпалак, гоҳ у косага сув қуяди, гоҳ бу косага. Ишингизда синиш бўлди. Бола-чақа қўлингизга қараб турибди. Сиз суянган тераклар қуриб битган, бошингиздан офтоб уриб бемадад қолдингиз. Мардикорлик сизга уят, савдога уқувингиз йўқ. Ота-онангиз ҳам, ўзингиз ҳам ҳунарни писанд этмагансиз бир пайтлар. Қарабсизки, ўқишдан ташқари йигит кишига бир ҳунар шарт. Ҳунарманд киши ҳеч қачон оч қолмаган.
Бир йигит билан мактабда бирга ишлаганман. Физикадан кучли муаллим эди, уйида суқингиз кирадиган бешиклар ясарди. Шу ҳунарнинг орқасидан кўшкдай иморатлар қурди. Катта укам - математика соҳасида олим. Шунинг билан бир пайтда у ўзи яшайдиган маҳалла-кўйнинг қўл бола устаси ҳамдир. Кимдир электр асбобини тузаттиргани олиб чиқади, кимдир "айвонимни пол қилиб беринг", деб чорлайди, кимдир уйига жавон қилдиради. Қодир кишилар ҳақ берса олади, имкони йўқларга эҳсон тарзида ёрдамлашади. Муҳими - у энг керакли одам. Ҳамиша йиғинларнинг тўрида, кўчага чиқса, бўйи баландлар ҳам эгилиб салом беради.
Кичик укам - иқтисодчи. Нуфузли идорада ишлайди. Аммо шанба-якшанба кунлари "лип" этиб йўқолиб қолади. Ҳа, десангиз, "фалончининг зинасини қуриб бердим, фалон жойда печка қурдим", дейди. Ҳеч бўлмаса, бир қоп ун ишлаб келади уйга...
Оила сизнинг тўкис савлатингизга эмас, қўлингизга қарайди. Ёшингиз қирқда бўлса ҳам қўшимча ҳунар ўрганинг, биродар. Пешона тери билан тебратилган рўзғор энг хотиржамдир, хосиятлидир. Бировнинг дўпписини бировга кийдириб, ундан ундирганини бунисига пора қилиб узатиб жарақ-жарақ пул топганларнинг ҳолини кўринг: тўйлари азага айланади...
Нафақат пул топиш учун, балки ҳақиқий эркакнинг вазифасини бажариш учун ҳам йигитнинг ўнта бармоғи ўнта ишни билиши шарт. Дейлик, қўшнингиз уйини ўзи оқлайди, ўзи ер чопиқ қилади, ҳали қозонга қопқоқ ясаётган, ҳали томга ўтин тахлаётган бўлади...
Атрофдагиларни миннатдор қилган одамгина ҳурматга сазовордир. Одамнинг мукаммали йўқ, анча-мунча хато, адашишларни кечириб бориш мумкин. Бундай қараганда, энди сиз ойнаи жаҳон қаршисида узала тушиб ётаверсангиз-у аёлингиз нариги маҳалладан сув ташиса, уйда дарахтлар капалаб, гулзорлар ичи ўт босиб ётса, ҳовли ўнқир-чўнқир, ошхонангизнинг томидан чакка ўтаётган бўлса, сиз чойхонада тинмай гап сотиб, ош еб, ароқ ичиб ўтираверсангиз, ёки қиз-у келинларнинг олдида оғзингиздан боди кириб, шоди чиқаверса, ёки аёлингиз болаларига қўшиб сизни ҳам боқаётган бўлса, айтинг-чи, энди сизнинг отингиз ким?
Шарқда оила юкини филдай тортгани, ҳар балога қалқон бўлгани учун эркакларни юқори баҳолаб келинган. Сиз худбин, оилавий бахт нималигини билмайдиган, бола-чақа бўлса бор, уйимда гаҳ десам қўлимга қўнишади, кўчада эса бойваччаман, деб юрадиган маънавияти камбағал экансиз - бўлганингизча бўлаверинг, сизга ачиниш йўқ! Аммо чаёндан чаён кўпаяди, илондан илон - сизнинг хонадонингиздан бутун одам чиқмайди, шуниси даҳшат! Қизингизни яхши одамлар олмайди, ўғлингизга тушган қизнинг бахти кемтик. Қизлари бошини хам қилиб чиқаверадиган оилалар ҳам бор экан, жамият соғлом бўлолмайди.
Биродар, ўз миллий ахлоқ меъёрларини феълида жам қилган одам ҳақиқий маданиятлидир. Пул топиб, мол топиб, европаликларга тақлид қилишни етуклик ҳисоблаб, миллийликни қолоқлик деб, миллатдошларига беписанд бўлганлар ҳам топилади.
Масалан, аёл-у эркакнинг ўғил-қизлари билан спиртли ичимликлар ичиб ўтириши, фарзандларнинг ота-онага бемалол гап қайтариши, ота-она ўтирган жойда оёқ узатиш ёки узала тушиб ётиш бизга хос эмас.
Уйда аёлнинг устувор туришига елкасини қисибгина кўнган, ўғил-қизларига сўзини (ўринли сўзини, албатта!) ўтказолмаган эркак ҳам бизники эмасдир! Бозор ишлари, умуман, оилага тегишли кўча юмушлари аёл зиммасида бўлиши шу хонадон эркагининг ғоят билимсизлиги ва уйнинг бефаришталигидир.
|