Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№44, 18.10.2012

ДУНЁГА МАШҲУР АЁЛЛАР

РОССИЯНИНГ БИРИНЧИ ХОНИМИ

Аёл бахтининг тўкислиги, тўлиқлиги унинг оилада суюкли ёр, меҳрибон она, сариштали бека сифатидаги ўрнининг эътироф этилиши билан белгиланади. Қолаверса, ҳаётнинг, жамиятнинг ўзи ҳам ана шу аёлларга боғлиқ қадриятлар билан тўлиқ ва мазмунли. Шу эътирофлар қаторида давлат ва жамият ишларида фаоллик ҳам аёлнинг қаддини ҳам, қадрини ҳам баланд қилди. Россиянинг биринчи хоними, Президент Владимир Путиннинг рафиқаси Людмила Александровна (Шкребнева) Путина ана шундай қадри баланд аёллар сирасидан...

БИР ДУТОРНИНГ

ИККИ ТОРИ…

1958 йилнинг айни қиш палласида калининградлик Александр ва Екатерина Шкребневлар хонадонида қиз фарзанд дунёга келади, қизалоққа яхши ниятлар билан Людмила деб исм қўйдилар. Тўнғич фарзанд бўлгани боис, ота-онаси уни ўзгача меҳр билан тарбияладилар. Ўрта мактабни 1975 йили тамомлаб, Люда Калининград техника университетига ҳужжат топширади ва талабалик бахтига муяссар бўлади. Таҳсилининг иккинчи йилида негадир ўз ихтиёри билан ўқишни ташлаб кетди. Дастлаб, почта хизматчиси, кейин заводда чилангар, шаҳар касалхонасида санитарка, Пионерлар уйида драма тўгараги раҳбари бўлиб ишлади. Ундан сўнг Минскдаги уч ойлик стюардессалар тайёрлаш курсини тамомлаб, Калининград ҳаво йўлларида Санкт-Петербург - Калининград йўналиши бўйича стюардессалик қилди. Шу касб сабаб юрт таниди, энг муҳими, ўз бахтини топди. Ўшанда, 1982 йили собиқ Ленинград театрида таниқли санъаткор Аркадий Райкиннинг концертида Людмила қотмадан келган, озғин, лекин нигоҳлари тийрак йигит, давлат хавфсизлик хизмати ходими Владимир билан танишади. Бу учрашув уларнинг узоқ йиллик бахт ва саодатли умрлари дебочаси эканлигини ўша ҳаяжонли лаҳзаларда ҳис қилишмаган, эҳтимол. Илиқ муносабатлар, самимий ва покиза туйғулар икки қалбни тобора яқинлаштиргани, муҳаббатлари тоблангани рост.

ОИЛА ДАВРАСИДА

Бундан роппа-роса 29 йил муқаддам Владимир Путин ва Людмила Шкребнева бир умрлик никоҳ риштасини боғладилар. Уларнинг ўша бахтли дамларини Владимир Путиннинг дўсти, таниқли мусиқачи Сергей Ролдугин шундай эслайди: "Мен Володя ва Люданинг муҳаббат қиссасига гувоҳ бўлганман. Лекин уларнинг тўй ҳақидаги хабари ҳаммага, мен каби энг яқин дўстлари, ҳатто келин бўлмиш Люда учун ҳам тасодиф бўлди. Улар уч ярим йил учрашиб юришди. Людмила Калининград ички ҳаво йўллари стюардессаси бўлгани учун фақат икки шаҳар - Санкт-Петербург ва Калининград ўртасида парвоз қилиб юрарди. Володя Люда билан биринчи учрашувга Ленсовет театрига айнан мени олиб борганди. Сиртдан жуда дадил, ўткир кўринган дўстим ҳаяжонланар, севгилиси қаршисида-ку, ўзини буткул йўқотиб қўйди, яхшиямки, ёнида бор эканман…"

Тўйдан кейин келин-куёв Владимирнинг ота-онаси билан олдинига коммунал уйида, кейинчалик 3 хонали квартирада яшайдилар. Оила, рўзғор ташвишларини деб Людмила олий таълимни ҳам унутиб қўймади. Аввалига Ленинград давлат университетига икки йил кетма-кет ҳужжат топшириб, иккаласида ҳам "йиқилади". Лекин бу билан умидини сўндирмади у, қайтанга янада кўпроқ ўз устида ишлади, ўқиди-ўрганди, испан тили бўйича тайёрлов бўлимига қатнади. Ва ниҳоят орзулари амалга ошиб, талаба бўлди. 1986 йили шу университетни филологлик дипломи билан якунлади. Путиннинг хизмат вазифаси бўйича 1986-1990 йиллари Германияда ҳам истиқомат қилиб келишади. Хориждан қайтганидан сўнг 4 йил Ленинград давлат университетининг ўқитувчилар малакасини ошириш кафедрасида немис тилидан дарс берди. Биринчи хоним сифатида Рус тилини ривожлантириш маркази асосчиси саналади. Рус тилининг софлиги, гўзаллигини сақлаб қолиш борасида кўплаб жамоат ишларини олиб боради. Испан, немис, француз, португал тилларини мукаммал билади.

Людмила Путина Калинин-град шаҳрининг фахрий фуқароси. "Россияда немис тили ва маданиятини ривожлантириш ишларини қўллаб-қувватлагани учун" Якоб Гримм мукофоти лауреати, Гумилёв номли Евросиё университетининг фахрий профессори ҳамда "Олтин аскар", рус тилини тарғиб этишдаги хизматлари учун Пушкин медаллари соҳибаси. Қирғиз-Россия славян университети томонидан "Қурбонжон Додхох" мукофотига муносиб кўрилган бўлса, Россия-Арманистон университети уни "Зайтун япроғи" ордени билан тақдирлаган. Шунингдек, "Санкт- Петербург университетига 270 йил" кўкрак нишондори.

Людмила Александровна театр, мусиқага қизиқади, романсларни севиб тинглайди. Спортга ҳам бефарқ эмас. Теннис, тоғ чанғиси билан шуғулланади.

ФАРЗАНДЛАР ТАРБИЯСИ

Путинлар оиласида икки қиз улғайди, Тўнғичи Мария 1985 йилнинг 28 апрель куни туғилган, кенжаси Екатерина эса 1986 йил 31 августда дунёга келган. Қизларни бувилари Мария Ивановна Путина ва Екатерина Тихоновна Шкребнева шарафига аташган. Бошланғич таълимни Санкт-Петербургдаги немис тилига ихтисослаштирилган Петришуле гимназиясида олишди, кейин Москвадаги Германия элчихонаси мактабида ўқишди. 2000 йилдан бошлаб президент фарзанд-ларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Маша ва Катяга уй таълими берилди. Ўқиш давомида қизлар бир пайтда уч тилни ўзлаштириб бордилар. Эндиликда Мария ва Катя немис, француз ва инглиз тилларида эркин сўзлашадилар. Спорт қизлар ҳаётининг бир бўлагига айланган. Улар ушу кураши билан шуғулланишади. 2003 йилда Мария ва Екатерина Санкт-Петербург давлат университети талабалари бўлишди. Маша биология-тупроқшунослик, Катя эса Шарқшунослик факультетини танлашди. Шахсий ҳаёт борасида бу хонадоннинг гапи кўчага чиқмайди, президент қизларининг шахсий ҳаёти сир сақланади, улар омма олдига кўп чиқишавермайди. Людмила Путина уларни ёмон кўзлардан, турли таъсирлардан асраб-авайлашга ҳаракат қилади.

ОНА, АЁЛ!.. Одамзот ўзини таниганидан бери бу сирли ва ажиб хилқатга таъриф ва таъбир тополмаган. Ҳар бир қалб Муҳаббат туйғусини ўзича янгилагани каби Аёлга нисбатан тавсифлар ҳар сафар янгиланаверади. Лекин, ҳеч қачон ўзгармайдиган битта илоҳий ҳақиқат бор: Яратган уни ОНА деган юксак мақом билан сийлаган.

Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди