№45, 25.10.2012 "ЗАФАР МУБОРАК, ПАХТАКОРЛАР!"
Жорий йилда вилоятимиз пахтакорлари республикамизнинг 3 миллион 350 минг тоннадан ортиқ улкан хирмонига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшдилар. Вилоятимизда 93 минг 400 гектар ерда пахта етиштирилиб, 292 минг тоннадан зиёд "оқ олтин" йиғиб-териб олинди, ҳар гектаридан 31,2 центнердан ҳосил олинди. Ҳосилнинг 90 фоизидан ортиғи юқори навларга топширилди.
Куни кеча мана шундай улкан зафар муносабати билан Андижон шаҳридаги "Ёшлар маркази"да "Зафар муборак, пахтакорлар!" деб номланган катта тантана бўлиб ўтди. Тадбирда вилоятимизнинг энг илғор фермер хўжаликлари раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги ходимлари, пахтачилик бўйича мутахассислар иштирок этдилар.
Тантанани вилоят ҳокими А.Усмонов очиб, барча пахтакорларни эришилган зафар билан муборакбод этди ва илғорларга фаҳрий ёрлиқ, диплом ҳамда эсдалик совғалар топширди.
Тадбир сўнггида республикамизнинг таниқли санъаткорлари, вилоятимиз бадиий жамоалари ва эл суйган хонандалари ўзларининг чиқишлари ҳамда дилрабо куй-қўшиқлари билан тадбир иштирокчиларининг кўнгилларини хушнуд этдилар.
У. АБДУСАЛОМОВ.
|