№45, 25.10.2012 ТИББИЙ КЎРИК - СОҒЛОМ ТУРМУШ АСОСИДИР
Муҳаррамхон РАҲМОНОВА - 3-поликлиника бош шифокори, шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошланғич хотин-қизлар қўмитаси раиси.
Юртбошимиз томонидан 2009 йилнинг 13 апрелида қабул қилинган "Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида тарғиб қилиш мақсадида жорий йилда қатор тадбирлар ўтказдик.
Энг аввало, биз Андижон шаҳрининг 393 минг 764 нафар аҳолисидан 197 минг 589 нафар аёллари билан жиддий ишлашимиз кераклиги боис, шаҳримиздаги 9 та поликлиника мутахассислари ҳамда маҳаллалар фаоллари билан биргаликда иш олиб бормоқдамиз.
Ҳар бир оила аъзолари учун тиббий кўрикдан ўтишнинг аҳамияти, айниқса, туғиш ёшидаги аёллар амал қилиши шарт бўлган вазифалар, она сутининг бебаҳолиги, шу жумладан, ФҲДЁ бўлимлари томонидан янги оила қураётган келин-куёвларни ҳаётга тайёрлаш ва уларни ҳам тиббий кўрикдан махсус тартибда ўтказилиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Халқимиз тиббий кўрикнинг аҳамияти, афзалликларини йилдан-йилга чуқурроқ тушуниб боряпти.
Тиббиёт бирлашмаси бошланғич хотин-қизлар ташкилотида 2587 нафар аёллар бириккан. Уларнинг орасида беш нафар депутат аёлларимиз бор. Ҳар бир ишда кўмак берувчи фаол аёлларимиз: 2-туғруқ комплекси бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси Иродахон Холдорова, Андижон шаҳар кўп тармоқли поликлиника бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси Дилоромхон Ёқуббековалар тарғибот- ташвиқот ишларида ҳамиша ҳамқадам.
Тизимимизда "Энг намунали тиббиёт муассасаси", "Энг намунали патронаж ҳамшираси", "Йил аёли" кўрик-танловлари ҳам мунтазам ўтказиб келинади.
Аёллар спартакиадаси эса 14 та муассаса ўртасида бўлиб ўтди. Унда 1-туғруқ комплекси аёллари ғолиб бўлдилар.
Аёлнинг фаоллиги, интеллектуал салоҳияти юқори даражада бўлсагина, жамият фаровон, оилалар мустаҳкам, оналар соғлом, болалар комил инсон бўлиб вояга етадилар.
АЁЛ ТАШАББУСКОР ВА ФАОЛ БЎЛСИН
Жамиятимиз фаровон, оилалар мустаҳкам бўлади. Уларнинг ҳар жабҳада илғор бўлиши, хотин-қизлар фаоллиги билан боғлиқ.
Муяссархон Осмонова ана шундай фаол аёлларимиздан. У 37-умумтаълим мактабида она тили ва адабиёт муаллимаси бўлиб ишлайди. Шу билан биргаликда бошланғич хотин-қизлар кенгаши раиси.
Кенгашнинг 11 нафар ўқитувчидан иборат раёсат аъзолари иш олиб боради. Улар ҳар бир йўналиш бўйича Муяссархонга кўмакдош. Ҳар ҳафтада "Ораста қизлар" тўгарак аъзоларининг йиғилишини ўтказиши одатга айланган. Унда қизларнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, кийиниши, ютуқ ва камчиликлари кузатиб борилади. Муяссархон уларнинг ҳар бири билан суҳбатлашишдан эринмайди.
9-синф битирувчи қизларини касб-ҳунарга йўналтириш, эрта турмуш қуришнинг олдини олиш масалалари бўйича йиғилишлар ўтказиб боради. Кўргазмалар асосида видеолавҳалар кўрсатилади.
Ўқувчи қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларни спортга жалб этиш мақсадида эса "Тўмарис издошлари" деб номланган спорт мусобақалари уюштиради. "Ижодкор аёллар", "Иқтидорли қизлар" кўрик-танловларининг ўтказилиши муаллималар, ўқувчи ёшларнинг билим салоҳиятини белгилайди.
Муяссархоннинг ўзи ҳам "Энг намунавий хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти" кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли ўринни эгаллаб, танловнинг республика бос-қичида муваффақиятли иштирок этди.
Ҳаёт инсон учун берилган имконият, синовдир. Уни қай йўсин сарфлаш, ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Муяссархон Осмонова эса оиласидан бахт топиб, иш жойида ҳурматга эга бўлган аёл. Жамият тараққиёти юрт равнақига ҳисса қўшаётган инсонлар меҳнати эса эл назарида.
|