№45, 25.10.2012 ИЗЛАНИШ, ИНТИЛИШ -МУВАФФАҚИЯТЛАР КЕЛТИРМОҚДА
Мамлакатимизда истиқлол йилларида халқ таълими тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ таълим муассасаларида таълим-тарбия ишлари тобора юксалиб бормоқда. Буни халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш Балиқчи туман бўлими тасарруфидаги 35-умумтаълим мактаби фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Айни кунда 1172 нафар ўқувчи таҳсил олаётган мазкур мактабда барча ишлар самарали ташкил этилган. Ўз сафига 108 нафар устоз-мураббийларни жамлаган мактаб жамоаси фаолиятларига такомиллаштирилган давлат таълим стандарт-ларини, янги педагогик технологияларни, илғор тажрибаларга асосланган ўқув дастурларини кенг татбиқ этиб бораётганликлари натижасида ушбу илм даргоҳида таълим-тарбия мазмуни ва сифати тубдан ўзгарди.
Давр ўқитувчидан тинимсиз изланишни, янги, замонавий педагогик технологиялардан унумли фойдаланишни тақозо этмоқда. Буларсиз ёш авлодга бугунги кун талаби даражасида билим бериш жуда мушкул. Шу боис ҳам иш жараёнида ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда ва ижобий натижаларга эришилмоқда.
Кейинги йилларда ўқувчиларимиз фанларни чуқур ўзлаштирмоқда,турли фан олимпиадалари, билимлар синовларида фаол иштирок этаётгшмоқда. Мактабимизнинг рейтинг кўрсаткичи ҳам туманда юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.
Кенг, ёруғ, барча зарур жиҳозлар билан таъиминланган 28 та фан кабинетлари, иккита компьютер синфи, спорт ва тадбирлар зали, ошхона ўқувчилар ихтиёрига берилган. Ўқувчилармиз дарсликлар билан таъминланган. Бундан ташқари, каттагина китоб фондига эга ахборот-ресурс марказимиз мунтазам фаолият олиб боради. Ахборот-ресурс марказидаги компьютерларимиз интернет тармоғига уланган. Ўқитувчи ва ўқувчиларимизга ахборот-коммуникация технологияларидан ҳамда зарур адабиётлардан фойдаланиш учун шароитлар етарли.
Жамоамизнинг изланиши, саъй-ҳаракатлари билан мактабда 5-синфдан 9-синфгача химия-биология фанига ихтисослаштирилган бешта махсус синфлар ташкил этилган. Уларда юздан зиёд ўғил-қизларга ушбу фан сирлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилмоқда. Абдуқаюм Бозоров, Марҳабо Сиддиқова, Насиба Солиева, Дилфуза Аҳмедова, Адашхон Зокирова, Зумрадхон Шокирова, Маъруфжон Абдувоҳидов, Ойбек Давлатов каби ўқитувчилар юқори натижаларни қўлга киритаётир. Улардан таълим олаётган Низомиддин Набиев, Фарҳодбек Умаров, Саиджаҳон Акбаров сингари ўқувчилар фан олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этишмоқда.
Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан ўқитувчи ва мураббийларга катта имкониятлар яратиб бермоқда. Улардан оқилона фойдаланиш, албатта, ўзимизга боғлиқ. Қолаверса, бу ишонч ва ғамхўрлик бизни янада масъулият билан ишлашимизни, ўз билим ва тажрибаларимизни юксалтириб, таълим сифатини оширишни талаб этади. Ана шундай масъулиятни ҳис этиб иш олиб бораётган 47 нафар устозларнинг иш ҳақларига қўшимча устамалар белгиланган.
Фидойилик намуналарини кўрсатиб ишлаётган ҳамкасбларимиз давлат мукофотлари ҳамда юксак унвонларга ҳам сазовор бўлишмоқда. Жорий йилда "Ўқитувчилар ва мураббийлар куни" муносабати билан камтарин, тиниб-тинчимас, ўз касбининг фидойиси бўлган химия фани ўқитувчиси Абдуқаюм Бозоровнинг "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланиши бутун жамоамиз меҳнатига берилган юксак баҳодир.
Мактабимизда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилади. Барпо этилган гўзал гулзорларимиз, мактаб ҳудудидаги "Камолот", "Фахрийлар" боғлари илм даргоҳига ташриф буюрган ҳар қандай киши кўнглини тоғдек кўтаради.
Айни кунда мактабимизда қишга тайёргарлик бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда. Ўтин, кўмир заҳираси яратилди. Қозонхоналар таъмирланиб, мавсумга шай қилиб қўйилди.
Мухтасар қилиб айтганда, жамоамиз ёш авлодга пухта билим бериш, келажакда юртимиз равнақи йўлида хизмат қиладиган ҳар жиҳатдан етук, билимдон ёшларни камолга етказиш борасида бор имкониятларини ишга солиб, астойдил меҳнат қиладилар.
Дилоромхон АСҚАРОВА, мактаб директори.
|