№45, 25.10.2012 АЁЛ МАЪНАВИЯТЛИ БЎЛСА
Буюк алломаларимиздан бири айтганидай, эркак маънавиятли бўлса, оила маънавиятли, аёл маънавиятли бўлса, миллат маънавиятли бўлади.
Шу маънода, жамоамизда меҳнат қилаётган барча аёллар маслаҳатлашиб, маънавий тарбияни юксак сифат босқичига кўтаришга эришдик. Бу ишларда бизга маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Комилахон Темирова бошчилик қилмоқда. У ишлаб чиққан дастур асосида, ҳар чоршанба - "Маънавият куни"да миллий қадрият ва анъаналаримизга, буюк аждодларимизга ҳурмат ва садоқат, она-Ватанга бўлган муҳаббатимизни янада оширувчи турли тадбирлар, беллашувлар, фан кечалари, учрашувлар ҳамда давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари фани ўқитувчиси Гулнора Исақованинг илғор тажрибаси туманимиз ўқитувчилари учун ҳам ўрнак бўляпти.
Ҳар бир педагог ўз дарсида ўқувчиларни маънавий етук инсонлар қилиб тарбиялашга интилаётганини ўқувчиларимизнинг одоби, тартиб-интизоми ҳамда билим савиясида кўринмоқда.
Ўқувчилар орасида турли зарарли одатлар, диний экстремис-тик оқимларга кириб қолиш, ўз жонига қасд қилиш, одам савдосига қарши кураш бўйича кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Мактабимизда хотин-қизлар бошланғич ташкилоти ҳам самарали фаолият олиб боради. Уни 23 йиллик педагогик тажрибага эга бўлган устоз Саодатхон Адашева бошқаради. Раиса ушбу жамоат топшириғига сидқидилдан ёндошади. "Қизлар тарбияси - нозик масала, - дейди у. - Энг аввало, уларнинг саломат бўлишига эътибор қаратиш зарур. Чунки қиз бола - бўлғуси она, улар миллатмиз келажагини таъминлайдилар".
Мактабимиздаги 609 нафар ўқувчи қизларнинг оиласи билан мустаҳкам алоқа ўрнатилган. Балоғат ёшидаги қизлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилиб, уларни турмушга тайёрлашда муомала одоби, оилада тежамкорлик, миллий ҳунармандчилик, пазандалик сирларини ўрганиш яхши йўлга қўйилган. Ойда икки марта йиғилишлар ўтказилиб, хотин-қизлар орасида алоҳида иқтидорлилар рағбатлантирилиб борилади.
Қўмита ишларида юқори натижаларга эришишда маданий-оқартув йўналиши раҳбари Гулчеҳра Убайдуллаева, бадиий ижод йўналишини бошқараётган Насибахон Қўрчиеваларнинг хизматлари катта бўлмоқда. Йил бошида қўмита қошида ташкил этилган "Ораста қизлар" тўгарагининг фаолияти алоҳида эътирофга лойиқ. Нодира Рашидова бошқараётган мазкур тўгаракка юздан зиёд қизлар аъзо бўлишиб, ўзларининг одоби, орасталиги ва маданиятини юксалтириб боришмоқда.
Бошланғич ташкилотнинг ютуқларида изланувчан устоз - Саодатхон Адашеванинг ўрни беқиёслигини таъкидлаш билан бирга унинг устозлик фаолиятига ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. С.Адашева раҳбарлик қилаётган 2 "а" синфдаги ўқувчиларнинг 98 фоизи аъло ва яхши баҳоларга ўқийди. Эътиборли томони, уларнинг орасида бирор марта тартиб бузгани ёки паст баҳога ўқиган ўқувчилар борлигини кўрмайсиз.
Шу ўринда моҳир ўқитувчи С. Адашеванинг ўз касбига фидойилиги ҳақида алоҳида тўхталишни истар эдим. У киши ўқувчиларга озодалиги, билимдонлиги, фаоллиги, одоби учун номинациялари бўйича ўз ҳисобидан стипендия бериб, уларни рағбатлантириб боради.
Ўз ишини меҳр ва юксак масъулият билан олиб бораётган Саодатхон яхшигина ижодкор ҳам. У ҳар бир байрам учун махсус сценарийлар ёзади, тадбирларни мароқли ўтишига салмоқи ҳисса қўшади. Шеърлари, мақолалари билан туман газетасида ҳам чиқишлар қилади.
Жамоамизда ана шундай фидойи ҳамкасбларимиз бор экан, зиммамиздаги ёш авлодга пухта билим ва тарбия беришдек шарафли вазифани самарали адо эта оламиз.
Нилуфар ХОЛМИРЗАЕВА,
мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.
|