Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№46, 01.11.2012

ТАРИХГА НАЗАР

ҲАМИД СУЛАЙМОН ВА АНДИЖОН АДАБИЁТ МУЗЕЙИ

Ажойиб серғайрат, ўз фанининг жонкуяри Ҳамид Сулаймон тиниб-тинчимас олим эди.

У Тошкентда таваллуд топган. Оталари Сулаймон Хўжаев дастлабки ўзбек киночиларидан эди. Аммо ўғли Абдулҳамид мумтоз адабиётимиздан, Навоий меросидан мутахассис бўлишни танлади.

Мен бу ерда Ҳамид Сулаймоннинг илмий биографияси устида тўхталмасдан, домланинг Андижонда Адабиёт музейини ташкил қилишдаги фаолияти ҳақида сўз юритмоқчиман. Шу ўринда олимнинг чет элларга сафар қилиб, ўзбек мумтоз адабиётига доир бизга номаълум бўлган топилмаларни кашф қилгани ҳақида айтмаслик мумкин эмас.

Олим ЎзФА Тил ва адабиёт институтининг манбашунослик бўлимида бўлим мудири эди. 1960 йилларда республика ҳукумат идораларига кириб, ўзбек адабиётига доир ёдгорликларни излаб топиш учун хорижий мамлакатларга сафарлар уюштириш масаласини қўйди, бунинг зарурлигини исбот қилди. Дастлабида рад жавобини олди. Аммо илмий-адабий меросимиз ҳақида кўп қайғурди. Ҳукуматнинг ҳар бир республикада миллий адабиётни ривожлантириш ҳақидаги кўрсатмаларини пеш қилди. Ниҳоят, хорижга илмий сафар қилишга рухсат олди. Бир неча марта Парижда, Ҳиндистонда, Покистонда бўлди.

Ҳамид Сулаймон том маънодаги Навоийшунос эди. У 1961 йили "Навоий лирик меросининг матн жиҳатидан тадқиқоти" мавзуида докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, Навоий меросининг энг йирик тарғиботчиси даражасига етди. Бизнинг шахсан танишувимиз 1958 йили Андижонда Бобур таваллудининг 475 йиллигига бағишланган илмий сессиядан бошланганди. Мен-ёш бобуршунос ўқитувчининг илмий сессиясидаги чиқишимдан сўнг у киши мени Тошкентга - уйига таклиф қилиб, яшаш манзилини бергани ёдимда. Кейинчалик маълум вақт Тош-кентда ишлаб юрган пайтимда (1959-1966) домла билан анча яқин ижодий алоқада бўлдим.

Домла Алишер Навоийнинг бўлғуси 525 йиллик юбилейи арафасида Академиянинг адабиёт музейини ташкил қилишга киришиб, 1967 йили Тошкентда музейни очишга муваффақ бўлган. Ўша йиллари машҳур инсон Бектош Раҳимов Андижон вилоятига биринчи раҳбар этиб тайинланиб, шаҳардаги Жомеъ мадрасасининг ташландиқ бўлиб, ётоқхоналарга айлантирилган ҳужраларини бўшаттириб, Ҳамид Сулаймон маслаҳати билан Адабиёт музейининг Андижон филиалини очиш учун жиддий ишлар бошлаб юборган эди. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, ўша пайтда айрим олимлар "Бош раҳбар диний муассасасини тиклаб сиёсий хато қилмоқда" деб, "юқорига" юмалоқ хат ёзгани ҳам ёдимда. Аммо Бектош Раҳимов қилаётган ишини "юқори" раҳбарият билан келишилган ҳолда бошлаган эди.

Шундай қилиб, Жомеъ ҳужралари бўшатилиб, капитал таъмирдан чиқарилди. Бу орада ўзбек мумтоз адабиёти намуналарини қидириб, Францияга ва Ҳиндистонга сафарга бориб келган Ҳамид Сулаймонов музей очиш масаласида бир икки марта Андижонга келиб кетди ва бўлғуси музей учун зарур бўлган махсус ойнаванд қурилмаларни мебель фабрикасига буюриб, вилоят раҳбарлари орқали республикадан маблағ ажратишга муваффақ бўлди. Шу тарзда икки қаватли ҳужралар Алишер Навоий таваллудининг 525 йиллик юбилейи олдидан тайёр бўлди. Ниҳоят, музей 1974 йили очилди.

Янги ташкил этилган музейга раҳбарлик чеки Ҳамид Сулаймоновнинг шогирди, филология фанлари номзоди Муҳаммаджон Собировга тушди.

Дастлабида бу киши, сўнгра ёш тадқиқотчи Рустам Тиллабоев ва таниқли шоир ва олим Амонулло Валихоновлар музей директорлиги вазифасида ишладилар. Боқир - Амонилло Валихоновнинг музейга раҳбарлик даври ҳам алоҳида диққатга сазовордир. Домла Боқир халқ қўлидан қадимий қўлёзма китобларни сотиб олиш ишини ташкил қилди. Музейда катта ёшдаги шоирларнинг адабий гурунги ҳам иш бошлади.

Таниқли адабиётшунос олим Тўхтасин Жалолов ҳам бу ерга тез-тез келиб турадиган бўлди. Самарқанддан академик Воҳид Абдуллаев, (кейинчалик академик) Ботир Валихўжаев, доцент Ҳамдам Бердиёровлар Педагогика институтига келганларида музейга ташриф буюрар эдилар ва маҳаллий олим, шоирлар билан музейда учрашувлар ўтказиларди.

Кейинги йиллари музей мустақил равишда "Адабиёт ва санъат музейи"га айлантирилди. Унинг директори тиниб-тинчимас Тўлқинжон Қўлдошев бошчилигида бир қанча амалий-ижодий ишлар қилинди, музейнинг Бобур филиали ташкил қилинди, музей жамғармаси анча бойиди.

Тўлқинжон Қўлдашев ҳозирги кунларда музей майдони ва хоналарини кенгайтириш масаласини ҳал қилиш учун жиддий ҳаракат бошлаган. Агарда бу иш амалга ошса Андижонимизда бошланган маданий-мафкуравий ишларимиз ривожида салмоқли воқеа бўлур эди. Ва шу билан бирга музей асосчиси, олим Ҳамид Сулаймон туваллудининг юз йиллигига муносиб совға бўларди.

Сайфиддин ЖАЛИЛОВ,

АДУ фахрий профессори.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди