№46, 01.11.2012 ҲАЁТ ҲИКМАТЛАРИ
ОИЛА СОҲИБИЛИК ШАРТЛАРИ
Турмуш қуриш борасида ҳам бизнинг ўзимизга хос миллий анъаналаримиз бор. Ўрислар таъсирида "ёшлар тақдирини ўзи ҳал қилади", шиори остида хоҳлаган миллати билан турмуш қурганлар бўлди. Бундайлар орасида ажралишлар ғоят кўп, бирга яшаётганлар ҳам не чиғириқларни бошдан кечираётганини фақат ўзлари билади-ю, Худо билади.
Шу ишни тўғри қилган эканман, деганлари ниҳоятда кам. Жуфт танлаш ҳуқуқи ўғил-қизнинг ўзига бериб қўйилиши, ёйинки фарзанднинг кунлардан бир кун мен фалончи билан турмуш қурмоқчиман, деб эълон қилиши ва бунинг оилада оғриқсиз қабул қилиниши бизнинг миллий одатларимизга ётдир!
Бизнинг миллий феълимизда ОРИЯТ ҳар қандай манфаатдан юқори туради. Кейинги ўттиз-қирқ йил орасида шу муқаддас орият бироз сусайгандай. Аёлини қалқон қилиб иш битирувчилар учрай бошлади, "сен пишиқ иш қиласан", деб ўзини аёлидан кўра ночорлигини тан олиб, бозор ва турли-туман идораларда битадиган ишларга хотинларини юбориб, ўзи уй пойлаб қоладиган эркакларнинг борлиги ўзбек йигити ва ўзбек миллати учун доғдир, биродар!
...Ота-она сифатида ўғил тарбиялашдаги хатоларимиз бизни мустар ҳолатга олиб келди: йигитларимизнинг учдан бири жисмонан бақувват эмаслар. Жисмоний иш кам бўладиган хонадон ўғил болалари, албатта, спортнинг бирор турига қатнашиши керак.
Биз, аёллар сабру қаноатда, меҳнат заҳматларига филдай чидамлимиз. Рўзғор ҳурмати, фарзанд юзи деб ёнингизда бирга-бирга ўтиб бораверамиз. Биз Сизга достонлардаги қаҳрамонларга, чақмоққа-ю бўронга айланиб бер, деяётганимиз йўқ, инсоний қоидада йигит қандай бурчларни бажариши керак бўлса, шундай бўлишингизни тилаб турибмиз, холос. Иншооллоҳ, Шарқни шарқона йигитлар тиклайдилар, дуоларимиз ижобат бўлсин.
Сизга тоғларга суянгандай суяниб яшайлик, йигитларжон!
СИЗ ОТАСИЗ...
Сиз ота бўлдингиз. Назарингизда атроф бирданига ёришиб кетгандай бўлди. Юрсангиз, бўйингиз баландлашиб қолгандай, оёқларингиз ҳам ерга тегмаётгандай туюлади. Гўё шу биргина болангиз билан дунё тўлиб қолди, ҳамма каму кўстингиз битгандай бўлди. Юрагингизнинг таг-тагидан бутун жисмингизга бир ширин яйраш таралади. Қўлингиздаги бир парча эт Сизнинг такрорингиздир. Битта эдингиз, иккита бўлдингиз. У улғайиб ўзидан кўпайса учта бўласиз, тўртта бўласиз... Қарабсизки, иншооллоҳ Сизнинг номингиз билан аталадиган авлодингиз карвони пайдо бўлди. Бу беқиёс бахтнинг бошланиши муборак бўлсин, ўғлоним!
Уйингизда фарзанд отлиқ ширин "душман" пайдо бўлди. Юрагингизнинг ўртасига бир ип боғланди-ю, иккинчи учи болангизга уланди. Кўксингизнинг шу қисми энди ҳеч ухламайди. Қаерда бўлсангиз ҳам бир ширин оғриқ билан уй томон тортаверади, тортаверади. Бу ип энди умрингизнинг охиригача жонингизни қўйиб юбормайди. Ўғлоним, шундай онда бир дам ўзингизга келинг: Сиз туғилганда, ота-онангизнинг ҳам шундай кўйга тушганини тасаввур қилинг. Уларнинг бағридаги ўша оғриқ Сиз эканлигингиз ва ота-онанинг бағри бу дарддан ҳали ҳам озурда эканлигини ҳис этинг ва аввало, қалбан уларга таъзим этиб, сўнггина болангизга юзланинг...
Болангизнинг ширин тили ва ширин ҳаракатларидан симобдай эриган пайтларингизда, у бемор чоғлари ҳали у, ҳали бу нажотнинг кетидан сарсон бўлган кезларингизда ота-онангиз ҳам Сиз туфайли худди шу ҳолга тушганини ёдлаб юринг ва уларнинг остонасига бош уриб, узрларингизни айтишга шошилинг.
...Дадам раҳматли марҳум синглим - Зумрадхон ҳақидаги бир воқеани такрор-такрор эсларди. Синглим тўрт ёшда (шу воқеадан кейин кўп ўтмай вафот этган), мен етти яшар эканман: "Бир куни сенга пўстинча олиб келдим. Укангга йўқ эди. (Дадам ҳар сафар шу жойини айтаётганда лаблари титрар, укангга қўшиб олгани пулим етмаганди, дея олмай азобланаётгани кўриниб туради). Буни опангга олиб келдим, дедим унинг кўзига қарамай. У пўстинчани кўриб, чапак чалиб, чунон суюнди, чунон суюнди. "Вой, дада, мунча чиройли, опамга олиб келдингизми, ҳозир топаман, ҳозир айтиб келаман, опа, опажо-он, деганча югура кетди".
...Дадам ҳар сафар ҳикоя қилиб туриб йиғлаб юборар, "менга қани, демади-я ўшанда, воҳ болам-а, воҳ болам-а", - деб тиззасига шап-шап урарди.
Сиз ҳам ота бўлдингиз, гоҳо болангизни кўнглингиздагидай кийдиролмай, кўнглингиздагидай едиролмай, ичу бағрингиз зил кетган пайтларда болаларингизнинг ўшандай пасту баланд йўлларини ва ота-онангизнинг Сиз дея неча озиб, неча тўзиганини хотирлаб қўйинг...
Дунёда энг ёмон ғариблик боланг боласи билан овора бўлиб кетиб, бир чеккада эътиборсиз қолишингдир. Қадим ўзбек феълимизда ёнларида ота-оналари турганда, болаларини умуман эркалатмаганлар. Ўйлаб қарасам, бунинг остида катта фалсафа бор экан: қаранг, жонимизнинг бир парчаси боламизга ўтди, бу жоннинг оғриғи-алами битмай туриб, боламиз биз берган жондан яна узиб боласига ўтказди. Айтинг-чи, бир азоби иккита бўлиб, яна бу азобларга тиланиб етиб, парчаланиб турган ота-онага орқа ўгириб, уларни унутиб, ҳадеб кеча тухумдан чиққан болангизга гиргиттон бўлаверсангиз, одилликми, ўғлоним?!
Фарзандингизни Аллоҳ яратди, аммо унинг неларга яраши Сизга боғлиқдир...
Турсуной СОДИҚОВА
|