№46, 01.11.2012 МУНОСАБАТ
ХУШЁРЛИКНИ УНУТМАЙЛИК
Бугун инсониятга катта ташвиш келтираётган муаммолардан бири бу одам савдосидир. Энг ачинарлиси, инсон шаъни, қадр-қимматини поймол қилган ҳолда бир гуруҳ кимсалар бу ишнинг ортидан бойлик орттиришни ўзларига касб қилиб олмоқда.
Жуда кўп давлатлар, жаҳон жамоатчилиги томонидан дунё миқёсида ушбу муаммони бартараф этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилишига қарамай, одам савдосининг кўлами, унинг гирдобига тушиб қолаётган кишилар сафи тобора ортиб бораётганлиги ташвишлидир.
Хусусан, ушбу муаммо юртимизда ҳам бўй кўрсатиб, ўзининг қатор салбий оқибатларини келтириб чиқармоқда. Кўплаб юртдошларимиз унинг гирдобига тушиб, азият чекаётганлигининг шоҳиди бўлмоқдамиз. Мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот идораларининг саъй ҳаракатлари билан ушбу жиноятнинг олди олинмоқда, одамфурушларнинг жирканч қилмишлари фош этилмоқда.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Бу жиноятнинг кўпайишига нима сабаб бўлмоқда? Назаримда, одамларнинг ишонувчанлиги, бир қадар соддалиги, жиноятчиларнинг сохта сўзларига ишониб қолаётганликлари сабаб бўлмоқда. Одам савдоси билан шуғулланувчи нопок кимсалар одамларнинг ана шу содда, ишонувчанлигидан фойдаланиб, авраб, ёлғон маълумотлар бериб бу муаммо гирдобига тортмоқдалар. Шахсий манфаатлари, яъни бойлик орттириш йўлида миллатдошларини хору зорлик, турли азоб-уқубатлар исканжасида қолдираётганликлари жуда аянчлидир.
Ўз оиласини, яқинларини, юртини севган, қадрлаган инсон турли сохта ваъда, ёлғон сўзларга ишонмайди, ҳеч қачон одамфурушларнинг тузоғига илинмайди. Ўйлаб кўринг, юртимизда мустақиллик шарофати билан нақадар улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда, айниқса, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун жуда катта имкониятлар яратиб берилди. Буни англаган, бундай имкониятлардан фойдаланишни истаган, ишлайман деган киши учун юртимизда иш жуда кўп. Ўз саломатлигини, ҳаётини хавф остига қўйиб олис юртларга иш қидириб боришлари тўғри эмас, албатта.
Айниқса, биз ёшлар учун, бизнинг ўқиб, илм олишимиз учун замонавий лицейлар, коллежлар бунёд этилди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш ниятидаги ёшлар ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда, уларга имтиёзли кредитлар берилмоқда. Шундай кенг имкониятлар, тинч-осойишта ҳаёт яратиб бераётган мамлакатда яшаб туриб, ўзга юртларга кетиш ношукурлик эмасми?
Оиласини, жондан азиз фарзандларини, не-не умидлар билан вояга етгазган ота-онасини ташлаб, мўмай даромад илинжида ўзга юртларга ишлагани борганларнинг айримлари одам савдоси билан шуғулланувчи нопок инсонлар тузоғига тушиб қолаётганликлари бор гап. Шу боис, ҳар бир юртдошимиз бу масалада ҳушёр бўлсин, алдовларга учмасин, огоҳликни унутмасин. Зеро, шоир айтганидай:
Ҳар куни йўлингизни
пойларлар,
Қимматбаҳо совға тутиб
айёрлар,
Даромадли иш бор,
юринг десалар,
Ҳушёру огоҳ бўлинг
юртдошлар,
Билинг, улар асли одам
сотарлар.
Мубина АБДУЛЛАЕВА, талаба.
Андижон шаҳри.
|