Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№47, 08.11.2012

ҲАЁТ ҲИКМАТЛАРИ

СИЗ ОТАСИЗ

Қани, биродар, болангизни қандай одам бўлишини хоҳлар эдингиз? Илмли дейсиз, катта мартабали дейсиз, ё пулдор бўлсин, дейсиз, шундайми? Фаришталар "омин", деди дейлик ҳам. Юз саъй-ҳаракат билан, юз уриниб, юз букилиб, болангизни ўша маррага етказдингиз ҳам.

Лекин, кўнглингиз энди ўсганда фожиа юз беради. Болангизнинг топган топилдиқлари татимай, дунёси нурай бошлайди: гўдак жами яхши-ёмон, гўзал ва хунук нарсани дастлаб ота-онасида танийди. Энг қалтиси шуки, болалар дунёсида ота-оналар хато қилмайди, уларнинг ҳамма иши тўғри, деган тўхтам муҳрланиб қолган. Сиз эса аввал қандай бўлган бўлсангиз, фарзандлик бўлганингиздан кейин ҳам ўзингизни шундай тутаверасиз. Оталикка номуносиб қусурларим бордир-ов, дея хавотир олмайсиз! Тегрангиздаги молу-давлатнинг, дастурхонингиздан таом еб турган мавсумий жўраларнинг даврасида ўзингизни шер сезасиз ва "Болам менга ўхшаса, ёмон бўлибдими?" дея кўкрагингизга урасиз. Шу аснодан бошлаб, ғафлат босди, кулфат босди сизни! Орзу қилганингиздай, болангиз ўқимишли бўлди, аммо чекувчи зиёли бўлди. Бу чекиш ва ичишлар уни қирчиллама ёшида хароб қилди. Уни шу кўйга солган сизсиз. Чунки уни чекиб юриб боқдингиз, ичиб юриб боқдингиз. Андоза ўзингиз бўлдингиз.

Болангиз мартабали бўлди, дейлик... Аммо элнинг назаридан қолди. Топаверди, аммо топгани тўкилиб кетаверди. Бунга ҳам сиз айбдор. Чунки сиз иш битириш учун кимларгадир ҳиёнат қилгансиз. Оқибатда бунинг заволи ўзингизни эмас, болангизни тутади. Қолаверса, болангиз сизда қандай тутум кўрган бўлса, ўз мансаб курсисини шундай бош-қаради. Энди ўз навбатида болангизнинг заволи набирангизни тутади.

Баъзан ўн бешидаёқ айниб кетган болангиздан куйиб юрасиз. Урасиз, сўкасиз, муаллимларни айблайсиз, "йўлдан оздиради", деб ўртоқларини қарғайсиз! У эса бу кўчадан қувсангиз, нариги кўчага ўтиб, саёқлигини қилаверади. Нега шунақа бу деб, дод соласиз! Ўзингизни босинг, дардингизни ютасиз энди! Қани айтинг-чи, ўзингиз кимсиз?! Қанча қозонларни очилмайдиган қилиб ёпиб юрганингиз ўзингизгагина аён. Ўнг келса, гувоҳ йўқ жойда ҳозир ҳам гуноҳ қилишга тайёрсиз. Сиртингиздан шундай зиёли, шундай одобли кўринасизки, "Шундай одамнинг боласини қаранг-а?"- дея ачинадилар баъзан. Йўқ, биродар, ҳамма ишингизни Аллоҳ кўриб боради ва ҳеч нарсани қайтимсиз қолдирмайди. Олманинг тагига олма, беҳининг тагига беҳи тушади. Ота-она қонида яшириниб қолган баъзи айблар болада кўпчиб чиқади.

Ота бўлдингизми, дарҳол барча гуноҳларингизга тавба келтиринг. Шу фурсатдан бошлаб, ишингизда ҳам, емишингизда ҳам, демишингизда ҳам яхшилик, тўғрилик ва поклик бўлсин. Иншоаллоҳ, болангиздан бошлаб, наслингиз тозариб кетади!

Яна бир гап. Аёлингиз жисми-ю жонидан йўниб бола ясайди. Жони ҳалак бўлиб ясаган боласини "фалончизода" деб сизнинг исмингиз билан атайди, бунинг устига, яна бу яримта жон билан болани боқиши, оёққа турғизиши ҳам керак. Ота бўлгач, сизга ҳар вақт ҳам ёқадими, йўқми, қатъи назар, аёлингизни парвариш қилинг. Она бўлгач ёки бўлиш олдида турган аёлнинг табиби ҳам, ҳабиби ҳам унинг жуфтидир. Бу муқаддас бурчингизни англамас экансиз, яна заволга учрайверасиз.

Мендан кейин ота-онамнинг фарзандлари турмай, онамнинг қирқ уч, қирқ беш ёшида кетма-кет икки ўғил кўришди. Ўша кезларни эслайман. Ўзимиз қўл учида яшаймиз. Мусофирчилик ҳар борада ўзини эслатиб туради. Аммо дадам қиш чилласига қарамай, ҳар куни қоронғи азонда Тошкентнинг Кўкча бозоридан бидонда сут ва бир пиёла қаймоқ олиб келади. Онам кунда дадамнинг зўри билан сутли таом ерди. Сандалнинг устидан емак аримасди. Дадам озгина-озгина бўлса ҳам қуруқ меваларнинг ҳамма туридан тинмай ташир эди. Ва ҳар гал "Олинг, енг, икки жон саломат бўлади", деяверарди.

Сиз ота бўлдингиз... Ҳакка болалари учун ёнғоқ кўмиб ғамлайди. Олмахон-чи! Чумолининг заҳматини қаранг! Қалдирғочнинг, чумчуқнинг боласи учун парлар тўшашини қаранг! Сиз эса ҳазрати Инсонсиз! Чумолининг олдида сизни дев деса бўлади. Хўш, ота бўлиш учун ўзингизни қандай тайёрладингиз? Бола-чақа боқишга ярайсизми? Аёлингизу болангиз сизни НАЖОТ деб биладилар - НАЖОТ бўлмоққа шаймисиз?

Сиз буюк Шарқ ўғлонисиз! Болани оёққа турғазиш, ҳунарли қилиш Отанинг бурчидир. Бу ишларни аёлга юклаб қўйиш сиз учун ХОИНЛИК бўлсин!

Оёғингиз юриб, қўлингиз тутиб турган пайтда аёл пули билан қозон қайнатиш сиз учун ОР бўлсин!

Аёлингизнинг бозордан сабзи-пиёз ташиши сиз учун НОМУС бўлсин!

Боланинг ризқидан қийиб қиморга бериш, ичиш, ноқобил йўлларга юриш сиз учун ШАРМАНДАЛИК бўлсин!

Сиз ОТА бўлдингиз, пок бўлсангиз, бутун авлодингиз тозадир, йўқса ота-буваларингизнинг нурли руҳлари ҳамиша чирқираб ётади, хушёр тортинг, ўғлоним!

Турсуной СОДИҚОВА


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди