№47, 08.11.2012 ҚАТРА
ПАЛОВ
Ўзбекнинг ўзбеклиги ошида, дўппи кийган бошида. Каттадир-кичикдир эшик очиб кириб келса бўлди, меҳмон ҳисобланади. Меҳмонни улуғ билиб, ош дамланади...
Ўзбеклар, аввало, ҳалол меҳнат қилишади, хориб-чарчаб ишлашади. Ҳалол пулларига халол таом ейишади. Оилада кун аро миллий овқатлар тайёрланади. Айниқса, паловни ҳар ким суюб истеъмол қилади. Ошга аввал ота қўл узатади...
Эркаклар борки паловхонтўрага иштиёқлари баланд бўлади. Тўрттаси тўпланса бўлди, дар-ҳол чойхонага чопишади.
"Халпана", - дейишади. Ош солинган катта айлана сопол товоқда бир дона ҳам гуруч қолдирилмайди. Охирида товоққа иссиқ чой қуйилиб, айлантириб-айлантириб хўплаб ичилади. "Паловнинг шираси шу ерда-да", деб қўйишади.
Кимдир фарзанд кўрса, кимдир таваллуд айёмини нишонласа яқинларини уйга таклиф этиб, албатта ош дамлайди.
Айниқса, ўзбекнинг тўйлари ошсиз ўтмаган, паловсиз ўтмайди ҳам. Дастурхон атрофида қаторлашиб ўтирган меҳмонларга, қаторлашиб мезбонлар ош ташишади. Таом ҳаммага етади, ҳаммадан ортади. Ҳатто тўйхонада бир-бирларини қувалашиб юрган болакайлар ҳам ошдан тотинишади.
Ўзбекларда ош ейиш шунчаки қорин тўйдириш эмас, аввало ҳамжиҳатлик, меҳмондўстлик, бағрикенгликдан нишонадир. Ошга узатилган қўллар эса - меҳр-оқибат, қадр-қимматдир...
Ўзбек ҳаёт экан, қозони қайнайверади, оши пишаверади.
Абдураҳим БОЗОРБОЕВ.
|