Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№47, 08.11.2012

ҲИКОЯ

ОНАНИНГ ИЗТИРОБИ

Бир куни узоқ танишимникига йўлим тушиб боргандим. Шу жойда Меҳриниса аяни учратдим. Танишим - уста Содиқжон аяга жиян бўлар экан.

- Меҳриниса ая бизга қўшни эди, - деб тушунтирдим Содиқжонга. - Анчадан бери кўринмай қолганди. Тасодифни қаранг...

Меҳринисо аянинг турмуш ўртоғи оламдан ўтганида ўғилчаси ҳали икки ёшга тўлмаган, ҳаётнинг аччиқ қисматига юз тутган она эса атиги йигирма бир ёшда эди. Ёш жувонга харидор эркаклар кўп бўлди. Бироқ у севикли инсонидан ёдгор бўлиб қолган ўғли ўгай ота қарамамоғида қолишини хоҳламасди.

Меҳринисо бу ташвишларни унутмоқ мақсадида буткул меҳнатга шўнғиди. Гоҳ дала шийпонида қўли ширин ошпаз, гоҳ пахта йиғим-терими пайтида илғор теримчилар сафида бўлди. Қолган умрини, меҳрини ўғлига бахшида этди.

Йиллар ўтиб ўғли ҳам катта йигит бўлиб қолди. Олийгоҳни тамомлаб, нуфузли бир ташкилотда ишлай бошлади. Меҳринисо ая эса уни қўшни қишлоқлик олий маълумотли Анзиратхон исмли қизга уйлаб, оналик бурчини адо этди.

Келинчак бўй-басти жиҳатидан ўғлига жуда мосдек туюлди. У эрига ва қайнонасига юмшоқ муомала қилар, рўзғор ишларига ҳам анча эпчил эди. Меҳринисо ая ҳудди шундай келинни орзу қилган эди. Мана, орзусига эришди. Хаш-паш дегунча икки набирали ҳам бўлди. Меҳринисо ая авлоди давом этаётганидан қувониб, келинига рўзғор ишларида ёрдам бера бошлади.

Бироқ Анзиратхон болаларини қайнонасидан қизғонарди. Меҳринисо ая набираларини эркалатса, келини "Болаларни ҳадеб эркалатаверманг, талтайтириб юборасиз" деб жеркиб берарди. Элмурод ҳам хотинининг ёнини олиб, "Болаларга нимага аралашасиз, ойи, ҳа уйингизга кириб дамингизни олсангиз бўлмайдими?" деб танбеҳ берарди.

Меҳринисо ая эр-хотиннинг бу гапларидан кўнгли бироз оғриса-да, неваралари пилдираб ёнига келганида яна меҳри тобланиб, уларни қучоғига оларди. Тўй-тўркин, издиҳомлардан енгига ўраб олиб келган қанд-қурсни уларга тутарди. Буни кўрган келин эса "Қаердаги нарсаларни болаларимга берманг" деб дашном берарди.

Бора-бора Меҳринисо аянинг келинидан кўнгли қолди. Шундай бўлса-да, ўғил неварасининг ҳатна тўйини ўзи бош-қош бўлиб ўтказиб, эл-юртга ош берди. Тўй куни аянинг ҳурмат-эътибори катта эканлиги яна бир бор аён бўлди. Қайнона бечора "Эл ичидаги обрўйимни кўрган келиним энди ўз муносабатини ўзгартирар" деб ўйлаганди. Афсус, Анзират миннатдорчилик ўрнига баттар заҳрини сочадиган бўлди.

Меҳриниса ая узоқ тунларда "Мен нима ёмонлик қилдим? Ёлғиз ўғлимни унинг истиқболига пешвоз чиқарганим айбимми?" - деб ўйланиб чиқарди.

Кун ўтган сайин ўғли ва келини аяни оғир ола бошладилар. Ора-чурада онани "Мурувват уйи"га элтиб қўйиш режасини ҳам тузиб кўрардилар.

Ғам-андуҳлар туфайли ая узоқ вақт тўшакда ётиб қолди. Шу кезларда аввалдан таниш Маҳбубахон отинойи унинг иссиқ-совуғидан хабар олиб турди. Бир куни отинча кириб аянинг бошини ювди, охорли кийимларини кийдириб қўйди. Меҳриниса ая унга миннатдорчилик билдирар экан, "Бу ҳолатни қариндош-уруғларга зинҳор айтманг, фарзандларимни ёмон отлиққа чиқармасинлар", деб илтимос қилди. У ўғли ва келинига тавқи-лаънат келишини хоҳламасди. Охир-оқибат она ўзи келин бўлиб тушган табаррук хонадондан бош олиб чиқиб кетди...

- Дадам вафотидан олдин: "Синглим бояқишнинг ўғли ва келинига ишончим йўқроқ, - деди Содиқжон менинг ҳаёлимни бўлиб. - Ёлғиз жигаримни хору-зор қилиб қўйма, тез-тез хабар олиб тургин", - деб васият қилганди. Аммамни уйга олиб кетмоқчи бўлиб тургандим, ўзи келиб қолди. Шундан бери бирга яшаяпмиз...

Сўнгра ая билан суҳбатлашдим. Онахон анчадан буён бетоб экан. Жиянининг айтишича, юраги безовта қиларкан. Дармони йўқлигидан ётган ўрнидан туришга интилмади ҳам. Аммо ҳол-аҳвол сўрашдик. Узоқ тин олгач: "Онангиз меҳрибон, ғамхўр аёл эди", - деб эслаб қолди.

Меҳриниса ая ота-онамни эсга олганидан кейин, унинг маъюс чеҳрасига қараб, кўзларим жиққа ёшга тўлди. Хаёлимдан ўғлининг бемеҳрлиги, хотинга бутунлай тобе бўлиб қолганлиги ўтдию, "Садқайи ўғил кет..." деган фикр тилимга келди.

...Қишлоққа қайтиб, Элмуроднинг хонадонига бордим. Дарвозадан чақиргандим, хотини "қаердалигини билмайман", деб терс жавоб берди. Қайтмоқчи бўлиб турганимда дарвозага туташ кичкина хонадан соч-соқоллари ўсган Элмурод чиқиб келди. Дарвозахонада ўтириб суҳбатлашдик. У хотини билан аразлашиб қолганлиги, анчадан бери шу ҳужрада ёлғиз яшаётганлигидан шикоят қилди. Мен ўзимни тутолмай дилимда борини тилга кўчирдим:

- Буларнинг ҳаммаси ёлғизгина онангга меҳрсизлигинг оқибати. Сен онангни эъзозлаганингда хотининг бунчалар ўзбилармон бўлиб кетмасди. Хотинни топса бўлади, лекин онани қайта топиб бўладими?!

...Элмурод онасини йўқлаб борганлигини, кеч бўлса-да, тавба-тазарру қилганини эшитиб, хурсанд бўлдим. Бироқ келин бормабди. Меҳриниса ая бир неча кунлик оғир хасталикдан сўнг ўзга хонадонда, жиянининг қўлида бандаликни бажо келтирибди...

Шамсиддин ИСМОН.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди