№48, 15.11.2012 ИЛМИЙ-АМАЛИЙ АНЖУМАН
Андижонда "Гепатология ва ОИВ-инфекциясининг долзарб муаммолари" мавзусида икки кунлик республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ОИТСга қарши кураш маркази ҳамда Андижон давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда юртимиздаги тиббиёт олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, тиббиёт тизимида фаолият олиб бораётган илмий марказлар мутахассислари, хорижий давлатлардан ташриф буюрган олимлар, талаба ёшлар иштирок этдилар.
Тадбир очилишида юртимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тиббий хизмат сифати ва савиясини юксалтириш, тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини яхшилаш, соҳа ходимларининг касбий билим, маҳорат ва тажрибаларини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.
Куннинг иккинчи ярмида анжуман ўз ишини секциялар доирасида давом эттирди. Соҳа мутахассислари мавзулар доирасида ўзларининг илмий маърузалари билан иштирок этдилар.
Анжуманда ўқилган илмий маърузаларда касалликларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва самарали даволаш тадбирларини ўз вақтида ташкил этиш юзасидан таклиф, тавсия ва фикр-мулоҳазалар билдирилди. Умуман, анжуман юқумли касалликларни даволаш ишлари самарадорлигини оширишга, соҳа мутахассисларининг ўзаро тажриба алмашишларига хизмат қилди.
Анжуманда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова иштирок этди.
Ф. ИБАЙДУЛЛАЕВ,
|