№48, 15.11.2012 "ЯНГИ АВЛОД - 2012"
ИСТЕЪДОДЛИ БОЛАЛАР КЎРИГИ
Андижон давлат университетида "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси, "Камолот" ёш-лар ижтимоий ҳаракати ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан иқтидорли болаларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Янги авлод - 2012" болалар ижодиёти фестивалининг вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда ёш авлодни ҳар жиҳатдан етук ва баркамол униб-ўсишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Айниқса, турли фестиваль ва кўрик-танловларнинг анъанавий тарзда ўтказиб келинаётганлиги кўплаб ёш истеъдод эгаларини кашф этиш имконини бермоқда. Бу борада "Янги авлод" болалар ижодиёти фестивали алоҳида аҳамият касб этмоқда. Йилдан-йилга нуфузи ва иштирокчилари сони ортиб бораётган мазкур фестивалнинг туман ва шаҳар босқичларида жорий йилда 1800 нафарга яқин ўғил-қизлар иштирок этган бўлса, фестивалнинг вилоят босқичида 566 нафар ёш истеъдод соҳиблари мумтоз, вокаль, миллий чолғулар, рақс, амалий ва тасвирий санъат ҳамда адабиёт йўналишлари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этдилар.
- Матолардан тайёрлаган турли юмшоқ ўйинчоқларим билан танловнинг амалий ва тасвирий санъат йўналиши бўйича иштирок этмоқдаман, - дейди Бўз туманидаги 27-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 8-синф ўқувчиси, "Баркамол авлод" маркази амалий санъат тўгараги аъзоси Моҳинур Ғаниева. - Танловда ижодий ишларим кўпчиликнинг эътиборига тушди. Шу боис ҳам ўзимга бўлган ишонч ортди. Мақсадим фестивалнинг юқори босқичида ҳам муваффақиятли қатнашишдир.
- Набирам Зийнатой Қурбонова Улуғнор туманидаги 20-умумтаълим мактабининг 5-синфида ўқийди, - дейди меҳнат фахрийси Замирахон Тожибоева. - Танловнинг тасвирий санъат йўналишида пейзаж жанридаги 20 дан зиёд ижодий ишлари билан қатнашмоқда. Умуман, танловда қатнашаётган барча болаларнинг иқтидорига қойил қолмаслик мумкин эмас. Мамлакатимизда мана шундай ёш истедодлар доимий қўллаб-қувватланаётганлигидан, уларнинг ўз истеъдодларини намойиш этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлигидан беҳад мамнунмиз.
Фестиваль доирасида иштирокчиларнинг тасвирий ва амалий санъат асарлари, миллий ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари, ёш ижрочилар томонидан бадиий дастур намойиш этилди. Кўргазмалардаги ранг-баранг ва ўзига хос ижодий ишлар, ижро этилган жозибадор куй, қўшиқ ва рақслар барчада катта таассурот қолдирди.
- Танловда қатнашаётган болаларда шижоат, ўзларининг билим ва иқтидорига ишонч ва ғолиб бўлишга иштиёқ кучли, - дейди Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Гулҳаё Омонова. -Ана шундай фаол, истеъдодли ёшларни кашф этишда мазкур фестивалнинг роли ва ўрни ниҳоятда каттадир.
Фестиваль якунида барча йўналишлар бўйича 38 нафар якка иштирокчи, иккита гуруҳ таркибида 14 нафар, жами 52 нафар иқтидорли болалар ғолиб деб топилдилар. Улар фестивалнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлдилар.
Шоира ИСОМИДДИНОВА,
АДУ қошидаги 5-академик лицей талабаси.
|