№48, 15.11.2012 МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН
ОДАМЛАР ТАШВИШИ БИЛАН ЯШАЁТГАН АЁЛНИНГ ТОЛЕИ БАЛАНД
Одамлар бор, ўзларидан ортмайдилар, одамлар бор, ўзгалар дардига шерик бўладилар. Бугун юртимизда фаолият юритаётган аксарият маҳалла маслаҳатчилари ана шундай, бировга ҳамдард, елкадош бўлишга тайёр аёллардир.
Улар ярим кечаси ҳам уйига маслаҳат, ёрдам сўраб келганларни оғринмай тинглаб, тўғри йўл-йўриқ кўрсатадилар. "Менинг иш вақтим тугади", - дея ўзгалар тақдирига лоқайд қарашмайди.
- Тўғри, ақлли аёл ҳар доим ҳам уйидаги можароларни бировларга айтиб юрмайди. Баъзан уйидаги ҳолатлар шу даражага етадики, ўшанда аёл бу вазиятни ҳатто ўз онасига ҳам айтолмайди. Айтса, жанжал чиқади. Шунда улар нажот излаб, бизнинг ҳузуримизга келишади, - дейди Шаҳрихон тумани, Терактаги МФЙ маслаҳатчиси Покизахон Ҳожиматова. - Аччиқ устида бир оиланинг бузилиб кетиши ҳеч гап эмас. Шундай пайтда уни тушунадиган, маслаҳат берадиган киши керак. Биз ҳам фаолиятимиз давомида кимлардандир сабоқ оламиз, кимларгадир ўргатамиз.
Покизахон опа тумандаги 7-умумтаълим мактабида 28 йил муаллималик қилди. Нафақага чиққач, маҳалладошлари опани ўзи яшаётган ҳудудга маслаҳатчи қилиб сайлашди. Мана, етти йилдан буён опа 4911 нафар аҳоли билан тиллашиб, уларнинг тўй-тўркин, марака-ю маросимларини баҳамжиҳат ўтказишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Бу ишда маслаҳатчига маҳалла фаоллари Муҳаббатхон Турсунова, Ўғилхон Содиқова, Эркинжон Мамажонов, Жўрабой Мадаминов, Аҳмаджон Мамажонов, дастурхончилар: Раҳимахон опа Парпиева, Тўхтахон опа Ёқубова, Чиннихон опа Қаҳҳорова, отинойилар: Патилахон Қодирова, Каримахон Шоматова, Турдихон Акбаровалар ҳамиша елкадош.
Улар баҳамжиҳат экан, маҳалладаги барча ишлар кўнгилдагидек ўтади. Уларнинг саъй ҳаракати билан якка-ёлғиз, камтаъминланган оилалар ҳеч қачон назардан четда қолмайди.
Опа хотин-қизларни иш билан таъминлаш борасида ҳам ўзига хос тажрибага эга. Аҳолининг аксариятини ҳунарманд оилалар ташкил қилгани боис, улар билан келишилган ҳолда ишсиз қиз-жувонларни уларга бириктириб, устоз-шогирд йўналишида иш олиб боради. Эркаклар мебель тайёрлайди, аёллар кўпроқ тўн, дўппи тикишади. Ҳар бирининг 5-6 нафардан шогирдлари бор.
Муқаддасхон Каримова, Барнохон Ҳомидова, Юлдузхон Қобулова эркаклар тўнини тикишса, Асалхон Азимова дўппи тикишни, Ҳимоятхон Маҳмудова, Робияхон Шоматовалар эса зардўзлик ҳунарларини ёшларга ўргатиб келишмоқда.
Сардорбек Мамаюсупов, Муроджон Мадаминовлар оилавий косибчилик билан шуғулланишади. Маҳалладаги ўспирин йигитлардан шогирдлари ҳам бор.
Маслаҳатчи ҳудудидаги нотинч оилаларни яқиндан ўрганиб, ажралиш остонасига бориб қолганларни яраштиришга, келишмовчиликнинг сабабларини ўрганиб, уни бартараф этишга ҳаракат қилади.
Ҳа, маҳаллада соғлом муҳит яратиш нияти билан яшаётган аёл, билингки, маҳалласида ҳам кўпчиликнинг ҳурматини ва ишончини қозонади.
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА,
|